Все новости
Ҳайкалтарош Ахмат Шоймуродов
06.08.2020
Ҳайкалтарош Ахмат Шоймуродов
Мармар устахонаси

Самарқандга келиб, 7-синф кечки ёш ишчилар мактабида ўқишни бошладим. Онам мен ўқийдиган 22-мактабда фаррош бўлиб ишларди. Шу мактабнинг биносида кечки мактаб ташкил қилинган эди. Бу мактабда ўқувчиларнинг ёши ҳар хил, кўпчилиги фронтга бориб келган ёши катта эркак – хотинлар бор эди. Синфимизда Наим ака ўқир эди, катта онам шу инсондан мени ўзига шогирдликка олишини сўради. Эртасига айтган манзилга борсам, русларнинг қабристони олдида Наим аканинг мармар устахонаси бор экан. Наим ака билан қабристонга кириб бордик, у ерда ҳар хил ҳайкаллар бор эди. Муйловли, думалоқ соқолли киши менга қараб иш буюрди, мен тезда айтганини қилдим. Улар эса Наим акага қараб “бу бола бўладиганга ўхшайди”,- деди. Бу инсон Усто Болта Жўраев эдилар (Тошкентдаги А. Навоий номидаги опера ва балет театрини безатган). Ўша куни бир қабрнинг устига бетон қўйдик. Катта онам Усто Болтага қараб: “Эти сизники, суяги меники” дедилар. Ўша кундан бошлаб сангтор устога шогирдликка тушдим. Бу 1951 йил 5 апрель санаси эди.
Маҳалламиздан русларнинг қабристонигача 4км. Биз эски шаҳарда турардик, устахонага Гўри Амир мақбарасининг олдидан ўтиб, янги шаҳарга бозор орқали ўтиларди. Ҳар куни 4км йўл босиб келаман, устахонани супириб, кейин уста айтган ишларни бажараман. Катта тошнинг устига кичикроқ тошни қўйиб, иккала тош орасига сариқ қум ташлаб ва озгина сув сепиб, айлантира бошлайман. Эрталаб бошлаган бу ишим кечга бориб тугайди, тош теп – текис бўлади, кейин уни наждак тош билан пардозлайман. Хуллас, кечгача тош ойнадек ялтирайди, унга эса одамларнинг исми шарифи ва саналарни ёзиб, қабрга ўрнатардик. Ҳар ойнинг охирида Усто менга 500 сўм берарди, мен эса уни олиб онам олдига чопардим. Онам мактабда фаррош бўлиб, 300 сўм топарди. Албатта, бу мен учун катта ютуқ эди, чунки шундай қийин пайтда бундай даромад топишнинг ўзи бўлмас эди, онам жуда севинар эди.
1954 йил. 10-синфни битирдим, ишга жуда чанқоқ эдим. Ўша йиллар мен қатори болалар ҳар куни мактабга борса, мен ишга борардим ва кечга ўқирдим, бу менга жуда алам қиларди. Бунинг устига оиламизда яна бир йўқотиш бўлди. 1954 йил 8 февраль куни укам Акбар 9 ёшида касалликка чалиниб, вафот этди. Бу биз учун катта қайғу эди.
Мактабни битиргач, Самарқанд Давлат университетига ўқишга киришга ҳаракат қилдим, лекин киролмадим, чунки геология факультетига рус тили фанидан кириш имтиҳонидан ўтолмадим. Шу пайтлар Усто Жалол билан Гўри Амир мақбарасида таъмирлаш ишларини олиб борардик. Шу боис ҳам мақбаранинг калити менда турарди. Киришда ўнг томонда кичкинагина ҳужра бор эди, шу жойда тошда шарафа нақшини кесардик. Устом ҳафтада бир марта эшакда келиб, нақшимнинг қинғир – қийшиқ жойларини тузатиб кетарди.
Шарафа – бу нақш жуда мураккаб бўлиб, чизиқлар бир – бирига тўғри келиши керак. Озгина адашиш ҳам мумкин эмас. Бу нафис нақш билан 14 – асрда моҳир устолар ишлаган. Усто Жалолга бу қийин эмас эди, у киши укаси усто Болта билан Тошкентдаги Опера ва балет театрини безатишган. Бу нақшларни тошга муҳрлашган. Ҳар куни иш бошлашдан олдин Амир Темур қабрини бир марта айланиб, ниятлар қилардим. Усто Жалол бир куни менга “Ахмат, сен пулга қизиқма, асосийсиси сен моҳир уста бўлаяпсан” , дедилар. Шу пайтлар биз ҳам кўп ишлардик, ҳам кўп пул топардик...Мен секин –аста моҳир уста бўлиб борардим, энди Усто Болта эмас, балки, усто Жалол ўзига мени шогирдликка олди. Усто Жалол жуда саводли инсон эдилар. Кейинроқ билсам иккала ака- ука ҳам Сталин номидаги мукофот лауреати бўлишган экан.
Бир куни Усто Болта “Ахмат, юр сени Тошкентга олиб кетаман”, деди. Биз Тошкентга келдик ва Пушкин номидаги меҳмонхонада ётиб қолдик. Эртасига эрталаб “Ўзпромсовет” деган вазирликка кирдик. Усто Болта вазир ўринбосари билан учрашиб, “Мен ўғлимни олиб келдим” дедилар. У киши мендан “ўқишни хохлайсанми?” деб сўради. Мен тезда “Ҳа” деб жавоб бердим. Шунда вазир ўринбосари “сени Урал ёки Москвага ўқишга юборамиз, деди. Шу билан биз Самарқандга қайтдик ва Гўри Амир мақбарасида ишимизни давом эттирдик. Орадан уч ой ўтгач, бир куни телеграмма келди, унда шундай ёзув бор эди: “Приезжайте, экзамен начнётся 1 августа”.
Қарасак, имтиҳонга уч кун қолибди. Усто Болта тез бориб самолётга билет ол, деб пул берди. Кечқурун аэропортга мени кузатишга барча йиғилган: Усто Болта, онам, акам...ҳамма дуога қўл очиб мени кузатишди. Айтишларича, мен кетгандан кейин онам беҳуш бўлиб қолибдилар...
Самолёт Самарқанддан Ленинободга, кейин Тошкентга, сўнгра Жусалига, Актюбинск, Уральск, Пенза, эрталаб Москвага қўнди. Шундай қилиб, 12 соат деганда Москвага етиб келдик.
Давоми бор.

Журналист Гавҳар Саодатова ёзиб олган.

Расмий телеграм каналимизга уланинг: https://t.me/IkuoHirayamaCaravanSerai
Просмотров 509    Рейтинг 56   Понравилась новость?    +1   -1    Добавить комментарий  (0)

фото

фото

фото