Все новости
Ҳайкалтарош Ахмат Шоймуродов
03.08.2020
Ҳайкалтарош Ахмат Шоймуродов
имя


комментарий


Гўрўғли қишлоғи
1941 йил – кузда мени 22-мактабга ўқишга беришди. Негадир мени 2-синфга қабул қилишди. Маҳалламизда тожик забонлар кўп эди. Синфимизда болаларнинг ёши турли хил эди. Баҳор ойларида Арзиқул бобом Самарқандга келиб, онамдан: “Ахматни менга берсангиз, беш ўғлим фронтга кетиб, биттаси ҳам қайтиб келмади. Катта ўғлим Шоймуродимдан қолган неварамни менга беринг. Катта ҳовлида бир ўзим қолдим, Самарқанд катта шаҳар, ёмон болаларга қўшилиб кетмасин, дейман. Ахматнинг 15 сотих ери бор, сигири бор...”, - дея илтимос қилди. Бобом айтганларидек, Самарқандда ҳар қадамда эвакуация қилинганлар бор, қолаверса, онамга уч ўғилни боқиш қийин эди. Шу боис ҳам бобом мени қишлоққа олиб кетди. Қишлоққа келганимда мени учинчи синфга қабул қилишди.
Мен учун қишлоқда эркинлик бошланди, икки сигир, бир бузоқ ва битта эшак... Эшакни бобом миниб юрардилар.
Баҳорда буғдой экдик, бўйим баробар омочни зўрға ушлардим, бобом уруғ сочар, кейин эса мола қилардик... Ёз пайтида сигирларни сояга боғлаб, ариқ бўйида болалар билан лойдан ҳар хил ўйинчоқлар ясардик. Қишлоғимиздан 2км нарида темир йўли ўтган, поездлардаги танк пушкаларини кўриб, биз ҳам лойдан ясаб кўрардик. Бир куни отаси разъезднинг бошлиғи бўлган бир ўртоғим яшикка ўхшаган нарса олиб келди, ичини очиб қарасак, порох бор экан. Порохдан қўл бола пистолет ясардик ва уруш – уруш ўйнардик. Буни ўртоғимнинг отаси билиб қолиб, бизни роса уришди ва бошқа ўйнамай қўйдик.
Кузда эшагимиз туғди. Бобом шу хутикчани ўзинг катта қилсанг, миниб юрасан, деганлари учун унга бошқача меҳр қўйдим. Энди менинг шахсий уловим бор эди, болалар мактабга пиёда борса, мен хутикчам билан 5-синфга қатнай бошладим.
Мактаб уйимиздан 5км нарида эди, йўллар тупроқ, чанг. Шўро даврида пахта ёки буғдой ўриш кампанияси бўларди, ҳамма бунда қатнашарди. Ўша пайтлар ўқувчиларни “Қизбуви тоғи” нинг орқасида Қарноб чўлига буғдой ўришга олиб кетишди. Буғдойни қўл билан юлардик, чунки ўроқ билан ўриб бўлмасди, қўлларимиз ёрилиб, қонаб кетарди. Бир куни мен эрталаб тонг қоронғисида хутикчамга миниб, уйга йўл олдим. Тоғни оралаб хутикчам билан 30км йўл босиб, уйга етаёзганимда эшак ҳуркиб, мени йиқитиб юборди ва чап оёғим лат еди. Эшакни бекорга карвон боши деб айтишмас экан. Юзлаб туяларни адаштирмай, энг яқин йўлдан манзилига олиб боради. Мени ҳам эшагим уйимизга олиб келди.
Эртаси куни 1 сентябрь эди, мактабга бориб, биринчи қатордаги партага ўтирдим. 1948 йил 6-синфда ўқий бошладим. Эшқобилов муаллимимиз тарихдан дарс берарди, “Рум давлатининг империяси” деб дарс ўтарди, шундан бу фанга қизиқиб қолганман.
Баҳорда яна омоч ҳайдаб, тонг қоронғисидан кун ботгунича ер ҳайдардим. Бобом мени роса меҳнатда чиниқтирган эканлар. Кейинроқ менга от беришди, қувончим узоққа чўзилмади, менга ишонишмадими, отни олиб қўйишди.
1948 йил 8 февралда 62 ёшида Арзиқул бобом оламдан ўтди. Маросимни жуда катта тантана билан ўтказишди. Бобом менга жуда кўп нарсаларни ўргатган эди, аввало, меҳнатда чиниқтирди, китоб ўқиш, устахонада ишлаш, ҳатто араб алифбосини ҳам ўргатиб, Қуръоннинг биринчи сураларини ёд олдирган эдилар. Эсимда, бобом кечқурунлари сандал атрофида ўтириб олиб, китоблардан тиловат қилардилар. Уйқудан олдин “Шоҳнома” ёки бошқа китоблардан тиловат қилар, араб ва ўзбек тилларини ўргатар, кундузи меҳнат қилиб, кечқурунлари китоб ўқиб, ҳаётимиз қизиқарли ўтарди.
Уруш тугагандан кейин бобомнинг ўғиллари – Салом амаким фронтдан қайтди. Амаким Европа таъсирида эканлиги боис бобомнинг барча ишларини барбод қилди. Ўша йили Салом амакимни хотини Асад чеча эгизак қиз туғди, Ойша ва Зулайҳо. Буларни кўриб жуда хурсанд бўлдим. Энди қишлоқдан Самарқандга қайтдим .Арзиқул бобомнинг вафотларидан кейин қишлоқнинг менга қизиғи қолмаган эди-да. Шу боис Самарқандга томон йўл олдим. Темир йўл қишлоққа яқинлиги боис поездда кетиш менга осон бўлди.
Уруш йиллари катта онам Гўри – Амир мақбарасида таъмирлайдиган усталарга ошпазлик қиларди. Мактабга боргунимча катта онам билан усталар олдида юрганман. Тушлик пайти мени чақириб шўрва берар, ўзи эса кострюлда овқат олиб, укам Акбарга олиб борарди.Укам эса овқат келишини интизорлик билан кутиб ўтирарди. Маҳмуд акам онам билан бирга ишларди, улар бухгалтер эди. Бир куни катта онам уйга овқатсиз қайтдилар, ўшанда Маҳмуд акамдан жуда хафа бўлганман. Чунки очарчилик, кўчага чиқсанг ғиж – ғиж одам, қаровсиз болалар, қўлингдаги нонни олиб қочиб кун кўришади. Уруш пайти боис Россиядан одамларни эвакуация қилишган. Ўша пайтлар Чингиз Ахмаровнинг гапига қараганда, Москва, Ленинград, Киев, Харьков ва бошқа шаҳарлардаги рассомчилик институтлари Регистон майдонидаги мадрасага жойлашиб, ўқишган экан.
Давоми бор.
Журналист Гавҳар Саодатова ёзиб олган.

Расмий телеграм каналимизга уланинг: https://t.me/IkuoHirayamaCaravanSerai
Просмотров 519    Рейтинг 50   Понравилась новость?    +1   -1    Добавить комментарий  (0)

фото

фото

фото