Все новости
Ахмат Шоймуродов
31.07.2020
Ахмат Шоймуродов
Ҳайкалтарошлар ичида илк бор Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби унвонига сазовор бўлган Ахмат Шоймуродовни ижод аҳли яхши билади. Қадоқ қўлли, юксак иродали бу забардаст инсон бугун орамизда йўқ.
Синовли кунларда биз Ахмат Шоймуродовни 84 ёшида йўқотдик. Охиратлари обод бўлсин!
Ахмат Шоймуродов камтар ва жуда ҳам изланувчан инсон эди. Қариб қолган, кўзларидан нур, қўлларидан куч кетса-да, доим нимадир ясашга ҳаракат қиларди. Унинг охирги ишлари кўпроқ Амир Темур сиймосини яратишга қаратилган эди.
Йиллар давомида 20дан ортиқ Алишер Навоий сиймолари бугун юртимизнинг кўплаб шаҳар ва вилоятларида қад кўтариб турибди. Инсон бу оламдан яшаб ўтди. Лекин унинг қолдирган бой ижодий мероси авлодларимизгача етиб бориши муқаррар.
Ахмат Шоймуродов мендан “Келажак авлод учун эсдалик” ёзиб беришимни сўраган эди. Қораламалари ва ўзининг ҳикоялари асосида бу эсдаликни ёздим ва уни эътиборларингизга ҳавола этмоқдамиз.

“Келажак авлодларим учун қисқача таржимаи ҳолимни ёзаяпман...”
Ахмат Шоймуродов.
1-қисм. Болалик йилларим....
Баҳор... айни тут пишган чоғи, тут дарахтини қоқаётган пайти онамга бирдан дард пайдо бўлди... чақалоқ дунёга келди. Доя онам қўлига янги туғилган чақалоқни тутқазар экан: “Ҳимматой, бу болангни асра, унда бир хислат борга ўхшайди”, дейди (Онам шундай дер эдилар). 1936 йил - мен туғилган йил - жуда яхши пишиқчилик йили бўлган экан, одамлар тинч – осойишта яшашган экан. (Самарқанд шаҳри, Намозгоҳ маҳалласи (Ашурчиркин), Термез кўчаси, 218-уй).
Бу маҳалладаги катта икки қаватли мактаб қурилишида (22-мактаб) Усто – Турсун бобом бош бўлганлар. Катта онам – Ҳурматой қўличевар, тикув машинасида ҳар хил кийимлар тикарди. Турсунбобомнинг шу маҳаллага кўчиб келишидан олдин Самарқанд шаҳрининг “Равонак” қишлоғида узумзор ерлари бўлган, аммо Шўро ҳукумати бу ерларни олиб қўйиб, колхоз ташкил қилган.
Термез кўчаси 218 – уйга отам кўчиб келади, бир уй, даҳлиз, ички ва ташқи ҳовлиси бор. Шу пайтлар онам Ҳасан тоғасиникига келиб турар, отам билан танишиб, оила қуришади. Катта ҳовлимизда янги қурилган икки хона ва бир даҳлиз бор эди. Ички ва ташқи ҳовлилар дарвозаси олдидан сув йўл ўтар ва узоқдан Қизбуви тоғи кўринар эди. Тоғ этагидан темир йўл ўтади, 1 км пастроқда эса Нарпай канали оқиб ўтган, яна 2 км чамаси нарида эса бизнинг Гўрўғли қишлоғимиз кўринарди.
Болалик чоғида барча атроф-муҳит жуда чиройли ва мафтункор кўринаркан одамга. “Қизбуви” тоғи ҳақида шундай ривоят бор эди: “Қадим замонда ёв келган пайтда бир қиз қочиб, шу тоғнинг чўққисида тош бўлиб қотган экан”. Ўша замонлардан бери одамларнинг нима тилаги бўлса, баҳорда тоғнинг чўққисига чиқиб, дарахтга рўмолча боғлашади. Ота-онам ҳам шу ривоятга ишонишиб, Қизбувидан менга ўғил бергин, деб сўрашган экан.
Ота – онам Самарқандга келиб, Ҳазрати Хизр ва Шоҳизиндани зиёрат қилишган ва ўғил сўрашган, шу дуолар ижобати билан мен Ахмат дунёга келган бўлсам керак... Булар ҳаммаси онамнинг ҳикоялари эди.
Арзиқул бобомнинг катта ўғли Шоймурод (менинг дадам) – хат саводли – муаллим бўлган. Иккинчи ўғли Саломқул – хат саводсиз, Отақул – чўпон, Олимқул – темир йўлда ва Облоқул – шофёр бўлиб ишлаган. Шуниси қизиқки, болаликда ҳамма нарса гўзал, беғубор бўлиб кўринаркан. Ўша пайтлар қишлоғимизнинг жанубида “Қизбуви” тоғи бўлса, шимол томонида Кармана шаҳри, шарқ томонда Зиёвуддин ва ўнг томонда узоқлардан Хайробод чорбоғи кўринарди. Бу чорбоғ Амир Олимхон чорбоғи бўлган экан.
Жазирама иссиқда юриш мумкин бўлмаган, офтоб одамни уриши ҳеч гап бўлмаган кунларда Султонободда бозор бўларди. Кўчалар чанг, тупроққа оёқ ботиб кетар, ҳавонинг иссиғидан молларни дарахт тагига, ариқ бўйига олмасдан илож йўқ эди. Болалик пайтларим: Дадам мактабда дарс берардилар, онам эса уй – рўзғор ишлари билан банд эди. Ўша пайтлар уйимизда даҳшатли фожеа бўлди: 3 яшарлик синглим Тамара ҳовлимизнинг олдидан ўтадиган ариқ ёнила ўйнаб, сув олмоқчи бўлиб, оқиб кетди. Устига устак шу пайтлар зотли сигиримиз ҳам ҳаром ўлди. Яна Арзиқул бобом дадам билан аразлашиб, гаплашмай қўйишди. Шу фожеаларга бу ҳолатнинг ҳам катта таъсири бор эди, менимча.
Онам тожик – Ҳасан тоға онамнинг тоғалари эди, шаҳардан қишлоққа кўчиб келиб, сартарошлик қилганлар. У киши ҳам вафот этгач, булар ҳаммаси дадамга қаттиқ таъсир қилди. Онамнинг айтишларига қараганда, дадам Тошкентда таҳсил олганлар, оиласини ҳам олиб кетган, ўшанда мен юра бошлаган эканман. Дадам Тошкентдан келганларидан кейин Қашқадарё вилотининг Чироқчи туманига маориф мудири этиб тайинланган экан.
1941 йили уруш бошланганда, ҳарбийлар қишлоққа келиб машқлар ўтказишарди. 1942 йилнинг бошларида дадам “брон”лари борлигига қарамасдан, ариза бериб фронтга кетаркан. Дадамнинг урушга кетиши сабаблари юқорида келтирган кўнгилсизликлар бўлса керак. Шундай қилиб, Арзиқул бобомнинг 5та ўғли ҳам фронтга кетди. Охирги маротаба қишлоғимиздан 3 киши аравага миниб, Каттақўрғон ҳарбий танлов пунктига боришди.
Илк бор Арзиқул бобом мени поездда Каттақўрғонга дадам билан хайрлашишга олиб борди. Иккинчи марта дадамни кўришга укам Акбар туғилгандан кейин борганмиз. Онам эрталаб тонг қоронғисида чақалоқни қўлига олиб, эшакда, орқаларига мени миндириб, 80км йўл юриб Каттақўрғонга бордик. Ҳаммаёғим чанг, тупроқ - дадам келиб мени маҳкам қучоқлаб олди. Учинчи марта эса юк машинасида борганмиз, кетаётганимизда машина ағдарилиб кетиб, зўрға тирик қолганмиз.
(Давоми бор)

Расмий телеграм каналимизга уланинг: https://t.me/IkuoHirayamaCaravanSerai
Просмотров 422    Рейтинг 52   Понравилась новость?    +1   -1    Добавить комментарий  (0)

фото

фото