Все новости
Карантин давридаги ижод
22.07.2020
Карантин давридаги ижод
-Карантинда ижод қилган асарларингиз билан таништирсангиз.

-Карикатура ижодимнинг бир йўналиши ҳисобланади. Бобомда отахон журналимиз “Муштум”нинг жуда кўп йиллик тўплам жилдлари бўлар эди. Болалигимда шуларни варқлаб, томоша қилишни яхши кўрар эдим. Ўзим ҳам мактаб давридан бошлаб аста-секин карикатуралар чиза бошладим. Менга кўпроқ Тельман Муҳамедов ва Абдубоқи Ғуломовларнинг битта чизиқда ишлаган ҳажвий суратлари ёқар эди. Ижодимнинг шаклланишида, ўз услубимни топишимда уларнинг асарлари туртки бўлган. Биринчи марта карикатурам матбуотда 1986 йил чоп этилган. Ундан аввал 1978 йили 10 ёшимда “Ғунча” болалар журналида танлов ғолиблари сафидан ўрин олган эдим. 1980-1990 йиллар карикатура жанрида анча ижод қилдим. Шунингдек, ўзимга ҳам 3-4 йил “Муштум” журналида бош рассом бўлиб ишлаш, забардаст ёзувчиларимиз билан танишиш ва суҳбатлашиш, уларнинг дуосини олиш насиб этди. Кўплаб адибларимизнинг ҳажвий китобларига суратлар ишлаганман. Айниқса, раҳматли адибимиз Ўткир Ҳошимовга у кишининг “Сўққабош бевагина” ҳажвиялар тўплами учун чизган иллюстрацияларим жуда маъқул келганди. 2005 йилдан бери халқаро танловларда иштирок этиб келаман. Карантинда чиндан ҳам кўпроқ карикатура кўргазмалари ва танловларида иштирок этиш учун ижод қилишга имкон яратилди. Бир қатор Америка, Шарқ ва Европа мамлакатларидаги онлайн танловларга асарларимни жўнатдим. Мавзулар хилма-хил эди. Булар коронавирус эпидемияси, миллий қадриятлар, олимлар, туризм, замонавий технологиялар. Янлишмасам, кейинги 3-4 ойда 6-7 давлатда диплом ва сертификатларга сазовор бўлдим. Бу ютуқлар, аввало, бизни дунёга келтириб, камолотга етиштирган она-Ватанимизники, ўзбек халқиникидир ва бу билан фахрланаман.

-Ҳозирги пайтда ижодкорларнинг ижодини фақат ижтимоий тармоқларда кузатиш мумкин. Синовли кунларда халқимизга нима деган бўлардингиз?

-Ҳеч кутилмаганда 2020 йил инсоният учун дунё миқёсида кутилмаган синовларни юзага келтирди. Эпидемия, зилзилалар, тўфонлар, тошқинлар... Кўпгина имконияти, салоҳияти катта халқлар, давлатлар ҳам бу ҳолатлар олдида эсанкираб қолмоқда. Бойлик ва куч-қудрат ҳам ҳеч ёрдам бера олмайдиган лаҳзалар борлигини англадик... Афсуски, шундай дамларда ҳам бировнинг кулфатидан манфаат, ҳаром бойлик излаганлар ҳам топилди... Нима учун бундай бўлмоқда? Қаерда хато қилдик? Нима қилсак тўғри бўлади? Кўпроқ тафаккур қилишимиз лозим. Асосийси, инсонлигимиз эсдан чиқармайлик, ҳар қандай вазиятда инсон бўлиб қолайлик. Раҳмдилроқ, адолатлироқ, кечиримлироқ, маърифатлироқ, донишмандроқ бўлайлик, ожизларга, мискинларга, ғарибларга ёрдам берайлик, ҳаром ва нопок ишлардан сақланайлик, оилаларимиз бузилмасин, табиатни асрайлик, яшнаб турган дарахтларни кесмайлик, ҳеч кимнинг уйи бузилмасин, миллий қадриятларимизни йўқотмайлик.

-Шавкат ака, жуда ажойиб, йўқолиб бораётган фазилатларни санаб ўтдингиз. Албатта, доим хаёлимда бир фикр айланади. Табиат ҳам одамнинг феъл-атворига қараб ўзгараркан. Агар бир стакан сувга ҳақоратли сўзларни айтсангиз ва яна бирида чиройли мусиқа қўйилса, сув таркиби қай даражага келиши олимлар томонидан ўрганилган. Шундай экан, инсонлар бир-бирингиздан меҳрингизни аяманг. Агар биз бирлашсак, халқимизни ҳеч қандай офат енга олмайди. Сизга катта раҳмат. Мана шу суҳбатни ўқиган бирорта инсон ўзига хулоса қилса, мақсадга эришган бўламиз. Ижодингизга барака.

Суҳбатни Гавҳар Саодатова олиб борди.

Расмий телеграм каналимизга уланинг: https://t.me/IkuoHirayamaCaravanSerai
Просмотров 676    Рейтинг 88   Понравилась новость?    +1   -1    Добавить комментарий  (0)

фото

фото

фото