Все новости
Карантин давридаги ижод
16.07.2020
Карантин давридаги ижод
имя


комментарий


-Шавкат ака, халқимиз мана неча ойдирки, синовли кунларни бошидан кечирмоқда. Кўпчилик бўш вақтини қандай ўтказишни билмаяпти, кимдир ижтимоий тармоқларда тинимсиз изоҳлар ёзишдан чарчамаяпти, яна кимдир эса фақат телевизор кўришдан чарчамаяпти... Карантин бўлса-да, умр ва вақт йўқотилганини сезишмаяпти. Сизни анчадан бери кузатиб бораяпман, тинмай ижод қилаяпсиз ва ажойиб ютуқларга эришаяпсиз. Шулар ҳақида гапириб берсангиз.

-Фикримча, ижодкорлар энг ҳур ва бахтли инсонлар бўлса керак. Чунки улар учун на мансабнинг аҳамияти, на нафақага чиқиш, на зерикиш тушунчаси бўлмайди. Ижодкор ҳар қандай шароитда бир умр ижод қилади, изланади ва унинг бўш вақти бўлмайди. Агар расм чизишдан, бўяшдан зериксам, лойиҳа чизаман, лойиҳадан чарчасам, китоб ўқийман ва соҳамга оид бирор публицистик ёки бирор касбдошим ижоди ҳақида мақола ёзаман. Айниқса, бу йилги эпидемия синовлари вақтида ижтимоий тармоқлар киши дилини хира қилувчи салбий ҳолатлар, фойдасиз, кераксиз ва ваҳимали маълумотларга, олди-қочдилар, туҳматларга тўлиб кетди. Назаримда, ижтимоий тармоқлар бекорчилик учун беҳуда вақт кетказиш, маданиятсизлик, саводсизлик, беҳудалик ва манманлик майдонига айланиб қолгандек... Мен эса интернет тармоғи имкониятларидан маънавий озуқа олиш тарафдориман. Тармоқдан касбим ва ижодим учун фойдали бўлган маълумот излайман ва ўз ҳаётимдаги янгиликларни ўз саҳифамга жойлаштираман. Бу йил ҳам рассомлар учун дунёда жуда кўплаб танловлар ташкил этилди. Шунинг учун вақтни беҳуда ёзишма ва гапларга сарфламай баҳоли қудрат мавзулари маъқул бўлган танловларда иштирок этдим. Айрим ютуқларга ҳам эга бўлдим.

-Сиз давлат ишида ҳам ишлайсиз. Ижод ва ишнинг ўзаро алоқадорлиги борми? Баъзи ижодкорлар иш билан ижодга вақт йўқ деб нолишади, шу тўғрими?

- Кўп йиллардан бери Тошкент шаҳар маданий мерос бошқармасида меҳнат қиламан. Маълумотим бўйича ислом обидалари бўйича мутахассисман. Ўз касбимни севаман. Вазифамиз масъулиятли, фахрли ва савобли. Мақсадимиз - бой маданий меросимизни асраб - авайлаб, улардан унумли фойдаланиб, келгуси авлодга етказиш, тарғиб қилишдан иборатдир. Соҳамиз жуда қизиқарли, ўзида назорат, илмий, ижодий функцияларни мужассам этган. Иш жараёни турли ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари, илмий-тадқиқот институтлари, лойиҳа ташкилотлари, давлат ва нодавлат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари, вазирликлар, ҳокимликлар ва бошқалар билан биргаликда ишларни мувофиқлаштиришдан иборат. Албатта, баъзан ижод учун кам вақт қолади. Лекин бўш вақтдан унумли фойдаланишга ҳаракат қиламан.

-Шавкат ака, ижодингизда сизга илҳом берадиган ва сизга яқин бўлган мавзу борми? Бўлса, уни қандай ҳис этасиз?

-Ижод аслида шарқона қадриятлар, эътиқод тушунчаси, афсона ва ривоятларимиз, буюк тарихимиз, халқимизнинг бой ўтмиши, маданий мероси қолаверса, бой маънавий меросимиз, шеъру-ғазалларимиз, ўлмас асарлар ва миниатюра тасвирлари асосида шаклланади. Тасвирий санъатда кўпроқ рангтасвир ва графикада ижод қиламан. Энг севимли мавзуйим - бу тасаввуф фалсафаси бўлса керак. Аввало, булар Румий ва Навоий асарлари, қолаверса, бу инсоннинг қалбида пайдо бўладиган, тушунтириб бериш қийин бўлган илоҳий тушунчалардир.
(Давоми бор)

Расмий телеграм каналимизга уланинг: https://t.me/IkuoHirayamaCaravanSerai
Просмотров 537    Рейтинг 67   Понравилась новость?    +1   -1    Добавить комментарий  (0)

фото

фото

фото