Все новости
Карантин давридаги ижод
14.07.2020
Карантин давридаги ижод
Яна карантин... Кўпчилик бундан бироз оғринса-да, лекин ўзингизни эҳтиёт қилишингиз учун бу зарур. Демак, биз карантин даврида ижод қилаётган рассомларимиз ижоди билан таништиришда давом этамиз. Бугунги суҳбатдошимиз кўпчилик яхши танийдиган, ижтимоий тармоқлар саҳифаларида ижод намуналарини жойлаб келаётган рассомларимиздан бири Шавкат Музаффар бўлади.
Шавкат Музаффар (Туропов) – 1968 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Тошкент Архитектура ва қурилиши институтини тамомлаган. Ўзбекистон Бадиий Ижодкорлар уюшмаси аъзоси. “Олтин қалам” Миллий мукофоти совриндори.
-Шавкат ака, авваламбор, биз билан суҳбатга бажонидил рози бўлганингиздан мамнунмиз. Суҳбатимизни ижодга, қолаверса, рассомчиликка қандай кириб келганингиздан бошласак.
- Ижодга кириб келишим бу аввало оилавий муҳит, тўғрироғи тошкентлик ижодкорлар оиласида дунёга келишимдан бошланган деб биламан. Ижод завқи, илҳом авваламбор яратганнинг суюкли бандаларига буюк инояти, қолаверса, отам камтар шоир ва журналист Музаффар Туроб ва бобом маорифчи - жадидчилик ҳаракатининг вакилларидан бири Туроб Ғуломнинг ижодкор бўлишимда ҳиссалари катта. Бобом менга Шавкат деб исм қўйган. Отам ва онам масъулиятли давлат ишларида банд бўлганлари учун дастлаб тарбиям билан бобом ва бувим шуғулланишган. Бобом ўз замонасининг маърифатпарварларидан бўлиб, ёшлик чоғларида жадидчилик ҳаракатига қўшилган ва бунинг учун кўп тазйиқларга учраган, ҳар томомлама зиёли, нозик таъб инсон бўлганлар. Дастлаб эски мактаб, мадраса, кейинчалик тузем мактабларида ўқиганлар, кейинчалик шўъро замонида ўзбек халқи маорифи учун хизмат қилганлар, 1930-йилларнинг иккинчи ярмида Шаҳрисабзда маориф инспектори ҳам бўлиб ишлаганлар. Араб, форс ва рус тилларини мукаммал билар, адабиёт, мусиқа ва тасвирий санъатдан яхши хабардор эдилар. Яхши дутор чалар ва расм чизардилар. Жуда кичиклигимдан ёнларига ўтириб, ҳайвонлар расмини чизишни ёқтирар эдим. Бу севимли машғулот аста-секин ҳаётим мазмунига айланиб борди. Бобом мен билан трамвайга ўтириб, Тошкентнинг Эски Жўва бозорини айлантирар, Шайх Ҳованди Тоҳур, Шайх Зайниддин бобо каби муқаддас жойларни зиёрат қилдирар, шаҳар марказига олиб борар, чодирли циркларни, қўғирчоқ театрини, вокзалларни, поездларни, аэропортни кўрсатар эдилар. Кечалари Кўкчадаги ҳовлимизнинг болахонасида “Минг бир кеча”, “Ўзбек халқ эртаклари”даги дев, жин, парилар, баҳодирлар ҳақида образли, таъсирчан қилиб эртаклар ўқиб берар, бир сўз билан айтганда, оқу-қорани танитар, қалбимга эзгулик, одамийлик уруғини сепар эдилар. Албатта, бобомнинг бу меҳнати бесамар кетмади. Кейинчалик буларнинг ҳаммаси каминада шарқона руҳият, дунёқараш шаклланишига сабаб бўлди ва миллий қадриятлар ижодимнинг моҳиятига айланиб борди.
- Рассомнинг серқирра эканлиги яхшими ёки фақат бир йўналишда кетиб, шуни маҳкам ушлаш керакми? Сиз қайси жанрларда ижод қиласиз?
- Мен учун рассом биринчи галда файласуф, фикрловчи инсон бўлиши лозим. Назаримда, рассом ижодининг серқирра бўлиши ёки бир йўналишда кетишининг аҳамияти йўқ. Ҳар бир ижодкор ўзининг дунёқараши, ҳаётий позициялари, маънавий оламидан, истеъдоди, имконияти ва салоҳиятидан келиб чиқиб ижод қилади. Муҳими, унинг ижоди унинг ўзига ва санъат ихлосмандларига бир нарса бера олсин, ҳаётда изи қолсин. Айта оладиган янги сўзи, фикри бўлсин. Ўзимга келсак, маълумотим бўйича меъморман. Мен учун меъмор – биринчи галда рассом. Рассом бўлмасдан меъмор бўлиш мумкин эмас, деб ўйлайман. Эсимни танибманки, расм чизаман. Мактаб йиллари тўгаракларга бордим, кейинчалик тайёрлов курслари... Институтда тасвирий санъатдан забардаст устозлар Сафо Муҳамедов, Баҳодир Йўлдошев, Зайниддин Фахриддинов, Юсуф Гусейинов каби рассомлардан сабоқ олганман. Рассомчиликда графика, рангтасвир, карикатура, ҳаттотлик каби турлари билан шуғулланаман.
(Давоми бор)

Расмий телеграм каналимизга уланинг: https://t.me/IkuoHirayamaCaravanSerai
Просмотров 731    Рейтинг 93   Понравилась новость?    +1   -1    Добавить комментарий  (0)

фото

фото

фото

фото