Все новости
Карантин давридаги ижод
09.05.2020
Карантин давридаги ижод
Буюк юрт фарзандларимиз!

Карантин даври ҳаммага ҳар хил таъсир қилди. Кимдир зерикди, кимдир эса яхшигина уй бекасига айланди. Аммо, рассомлар ижодига аксинча таъсир кўрсатди, дейишимиз мумкин. Таниқли ёш рассом, Ўзбекистон Бадиий Ижодкорлар уюшмаси аъзоси Севара Қосимова карантин даврида жуда унумли ижод билан машғул бўлмоқда. Буни биз Севаранинг ижтимоий тармоқларда намойиш этаётган иш жараёни акс этган видео ва фотосуратлардан тезда англаб олдик ва бугунги қаҳрамонимиз сифатида сизларга яқиндан таништиришга қарор қилдик.
Қисқача маълумот.
Севара Қосимова – 1991 йил 7 апрелда Сирдарё вилоятида туғилган.
- 2014 йилда К. Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтининг бакалаврини, 2016 йилда эса магистратурани тамомлаган.
- 2015 йилда Икуо Хираяма Халқаро маданият карвон саройида илк шахсий кўргазмасини ўтказган.
- Кўплаб халқаро ва республикамизда ўтказиладиган танлов ва кўргазмалар ғолиби ва иштирокчиси.
- Ҳозирда К. Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ўқитувчиси.

- Севара, биз сизнинг ижодингиз билан яқиндан танишмиз. Жуда ажойиб талантли ва босиқ ҳамда серғайрат ижодкорсиз. Маълумки, карантин даври кўпчиликка хар хил тасир қилди. Айниқса, ижодкорларга. Сизгачи, нималарни ҳис қилдингиз?
- Ҳар куни коранавирус ҳақидаги ҳабарлар мени ҳам бефарқ қолдирмади, албатта. Юртимизда тиббиёт яхши ривожланган, малакали шифокорларимизнинг фидокорана меҳнати билан вазият анча яхшиланмоқда. Ҳаётда доим оптимист бўлиш керак, тушкунликка тушиш керак эмас. Бу кунлар ўтиб кетади. Инсон вақтни йўқотаётганини ҳис қилса. Унинг бекор бўлишга вақти бўлмайди.
Ҳозирги кунда эътибор қиладиган бўлсак, кўплаб ижодкорлар, шу жумладан, мен ҳам, карантинда уйда бўлганлигимиздан, вақтдан унумли фойдаланишга ҳаракат қилмоқдамиз. Бу вақт мобайнида бир нечта тугалланмаган ишларимни ишладим ва ҳозирда қизғин ижод билан бандман.
- Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларингизда жуда ажойиб бир асарингизни намойиш қилдингиз? Бу қандай пайдо бўлди? Асарингиз кўпчиликка маъқул бўлди ва олқишларни эшитдингиз… қанча вақт ишланди бу асар?
- Бу асарни композициясини анчадан бери ҳаёлимдан ўтказиб юргандим. Ҳозирги вазиятда уйда бўлганлигим боис бу асаримни яратишга вақт бўлди. Бу асаримда синглим ва куёвим унинг турмуш ўртоғи ҳамда ширингина жиянимни тасвирлаганман. Оналик меҳрини, ҳаммани ҳавасини келтирадиган, ўзаро муҳаббат ришталари билан турмуш қуришган ёш оиланинг бахтли, ширин онларидан бир қисмини асаримда кўрсатиб беришга ҳаракат қилдим. Бу композицион портретни яратишга икки ҳафта вақт кетди. Ижодий ишим кўпчиликка маъқул келганидан жудаям ҳурсанд бўлдим.
- Биласизми, бу ишингизни кўрганимида мен ўзингиз ва оилангизни чиздингиз деб ўйлагандим. Энди эса мен ва бошқа сизни танийдиганлар ҳам билишдики, бу синглингиз ва унинг оиласи экан, жуда ўхшаркансизлар.
- Ҳа, синглим билан жуда ўхшаймиз. Тўйимиз ҳам кетма – кет бўлди. Характерларимизда ҳам ўхшашлик томонлар кўп. Шу боис ҳам мухлисларимиз менга ўхшатгани табиий.
- Портрет жанридаги асарларингиз жуда тез танилиб бораяпти. Бу жанрда ишлашингиз боиси ва айнан мана шу жанрдаги ишларингиз муваффақият қозонишига нима сабаб деб ўйлайсиз? Портрет яратганда одамларни худди ўзингизга сингдириб олганга ўхшайсиз.
- Ҳар бир жанрда асар яратиш ижодкорга ўзгача завқ бағишлайди. Бошқа жанрларда ишлаш ҳам ёқади менга. Лекин аёл киши бўлганлигим боис ҳар доим ҳам табиат қўйнига чиқиб, ижод қилишга вақт тополмайман. Портрет жанри менга яқинроқ, ўзимни яқинларимни образини кўплаб яратганман. Кўплаб таниқли санъаткорларнинг ҳам образларини яратдим. Инсонларнинг гўзаллигини, уларнинг козларидаги жозибасини, ҳиссиётларини, онахонларнинг файзли, нурли қиёфаларини тасвирини яратиш кўпроқ мени ўзига жалб қилади. Бу жанрда ижод қилган буюк рассомларни ижодини, улар қўллаган теҳникаларини, инсон психологиясини ўрганишга ҳаракат қиламан, чунки бу ижодий қобилиятни оширади, билимни бойитади. Ўз устимда доим ишлашга ҳаракат қилганлигим боис яратган асарларим кўпчиликка маъқул бўлаяпти, деб ўйлайман.
- Сиз анча йиллардан бери талабаларга дарс ҳам берасиз. Ўқитиш жараёни ҳам ижодингизга таъсир қиладими? Талабаларингиз образини яратганмисиз?
- Ўқишни тамомлаганимдан сўнг, иш фаолиятимни К.Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида ўқтувчиликдан бошлаганман. Бу институтда дарсим мутахассислик фани бўлганлиги боис, устоз-шогирд анъаналарига таянган ҳолда иш олиб борилади. Буюк бобокалонимиз Алишер Навоий “Ҳунарни асрабон неткумдир охир, олиб тупроқгаму кетгумдир охир” деб таъкидлаганидек, биз ҳам устозларимиздан олган билимларимизни ёшларга ҳам ўргатиб боришимиз керак. Ўқитиш жараёни ўқитувчидан доим изланишда бўлишни, ўз устида мунтазам ишлашни талаб қилади. Шунинг учун ҳам дарс бериш рассомни янада ижодий томонлама маҳоратини оширади. Ҳали талабаларимни образини яратишга вақт тополганим йўқ, балки, кейинчалик яратарман.
- Карантин даврида ижод қилиш осон эканми ёки… умуман рассомнинг яхши ижод қилишига нима зарур?
- Энг аввало, рассомнинг яхши ижод қилишига ҳотиржам вақт керак. Аёл ижодкор - рассом учун эса уни тушуна оладиган оилавий муҳити ҳам жудаям муҳим. Ҳар йили институтда санъат соҳасида, рассомлик соҳасида жуда кўп қизлар ўқишни тамомлайди. Лекин, ижодкор бўлиш, касбини давом эттириши учун ота-онаси тушуниши, оила қурганидан кейин эса турмуш ўртоғи тушуниб,унинг истеъдодини қўллаб қувватлаш лозим. Оила билан ижод қилишга хотиржам муҳит яратиб берилса, аёл рассом учун ижодий баркамолликнинг замини саналади. Албатта, бу борада менинг оилам ижодимни жуда яхши тушунади ва ҳар доим қўллаб – қувватлайди. Карантин даврида менинг фикримча, ҳар бир ижодкор вақтдан унумли фойдаланиб, ижод қилишига, ўз устида ишлашига имкон бўлди. Шу боис ижтимоий тармоқларда ҳам кузатадиган бўлсак, жуда кўпчилик рассомларимиз ёки бошқа соҳадаги ижодкорлар ҳам қизғин ижод билан машғул.
- Олдинда режаларингиз қандай?
- Бу йилга режаларим жудаям кўп. Бир қанча янги асарларим учун эскизлар чизганман, уларни яратмоқдаман. Йил охирларида шахсий кўргазмамни ўтказиш ниятидаман.
- Сиз рассом бўлсангизда либос дизайни факултетида дарс берасиз. Бу боғлиқлик нимада? Либосларга қизиқасизми? Умуман олганда бу сизнинг ижодингизга таъсири сезиладими?
- Либос дизайни факультети ҳам қаламтасвир ва рангтасвир мутахассислик фани ҳисобланади. Ёшлигимда онамнинг тиккан либосларини кўриб либос дизайнига қизиқиш уйғонган. Оиладаги муҳит сабабли ёшлигимда кўпроқ либосни чизишга қизиқардим. Кўпроқ портрет жанрида ижод қилганлигим учун либос дизайнида дарс беришим ижобий таъсир қилади, деб ўйлайман. Чунки, образни яратишда либосига ҳам аҳамият бериш керак.
- Севара, ҳақиқатан ҳам бу сизга таъсир қилган, деб ўйлаб қолдим. Чунки, инсон дид билан кийиниши, ташқи кўриниши, нозик таъблиги яратаётган асарларига ҳам таъсир қилади. Энди эса санъат ихлисмандларига қандай тилакларингиз бор?
- Санъат аҳли табиатан жуда таъсирчан, нозик дидли инсонлар ҳисобланади. Бу вазиятда тушкунликка тушмасликларини, ҳар доим хушкайфиятда бўлишини тилайман. Ижодкорларга ижодий баркамоллик, ишларида улкан зафарлар тилаб қоламан! Сизга ҳам самимий дилдан суҳбат учун раҳмат. Ишларингизга омад!
- Раҳмат Севара, биз айнан карантин даврида ушбу лойиҳани амалга оширишимиздан мақсад ҳам ижодкорлар билан мухлисларни узоқлаштирмаслик эди. Ўйлайманки, бугунги суҳбатимиз орқали сизни кўпчилик янада яқинроқ таниди ва кашф қилди.
- Биз доим халқимиз учун асар яратамиз ва уларни ҳар қандай вазиятда ҳам умидларини сўндирмаслигини тилаймиз. Зеро, буюк мамлакатнинг бахтли фарзандларимиз!

Суҳбатни санъатшунос Гавҳар Саодатова олиб борди.
Просмотров 636    Рейтинг 44   Понравилась новость?    +1   -1    Добавить комментарий  (0)

фото

фото

фото

фото