16.03.2018 “Қалб эъзози” номли кўргазма
2018 йил 16 март куни соат 16.00да Ўзбекистон Бадиий Академияси Икуо Хираяма Халқаро маданият карвон саройида Наврўз байрамига бағишланган рангтасвирчи Бахтиёр Юсуповнинг “Қалб эъзози”номли илк шахсий кўргазмасининг очилиши бўлиб ўтди. Кўргазмада рассомнинг турли мавзулардаги 50га яқин асарлари намойиш қилинди. Наврўз – халқимизнинг азалий байрами. Табиат гўзаллиги билан уйғун ҳолда, урф-одатларимиз ва қадриятларимиз янада ёшаради. Мана шу байрамга туёна сифатида рассом Бахтиёр Юсупов ўзининг қалбида эъзозлаб келаётганларини бўёқларга кўчирган ва санъат ихлосмандларига “Қалб эъзози” номли илк шахсий кўргазмасини ҳавола этмоқда. Бахтиёр Ҳамидович Юсупов - 1961 йилда Тошкент вилоятининг Қуйи Чирчиқ туманида туғилган. 1978-1982 йилларда Тошкент Маданий-оқартув техникумининг “безатувчи-рассом” бўлимида таҳсил олган. 1982-1984 йилларда Олма-Ота шаҳрида муддатли ҳарбий хизматни ўтади. Хизматдан сўнг Оққўрғон тумани Маданият бўлими қошидаги бадиий устахонада безатувчи-рассом сифатида ишлай бошлади, бир йилдан кейин эса Қуйи-Чирчиқ тумани Маданият бўлимига ишга ўтди. Рассом Бахтиёр Юсупов педагогик фаолиятини 1991 йилда тумандаги 26-ўрта мактабда тасвирий санъат ўқитувчилигидан бошлади. 2002 йилдан бошлаб ҳозирги кунгача Дўстобод шаҳридаги 4 – сон Болалар мусиқа ва санъат мактабида тасвирий санъатдан дарс бериб, ўқувчиларга рассомчилик санъатини ўргатиб келмоқда. Рассом Бахтиёр Юсуповнинг ижоди турли мавзуларга бой. Айниқса, “Қишлоқдаги муҳаббат” туркумидаги ишларида рассом қишлоқ йигит – қизларининг ўзига хос уятчанлиги, ибо – ҳаёлигини тасвирлашга ҳаракат қилган. “Катта санъатга йўл”, “Тушдаги парвоз", “Атиргуллар билан рақс”, “Санъат ҳақидаги суҳбат" каби асарлари эса ижодкорнинг ички ҳиссиёти билан чамбарчас боғланган. Бахтиёр Юсупов ўқувчилари билан биргаликда 2013 йилдан бўён “Устоз ва шогирд” йўналишида республикамизда ўтказилаётган турли кўргазма ва танловларда қатнашади. Ўзи 2015 йилдан бери “Рассом ва табиат” республика кўргазмасининг иштирокчиси. 2016 йилдан буён эса “Тасвирий ва амалий санъат Фестивали” да “Рангтасвир” шўъбаси аъзолари билан биргаликда энг сара ишларини намойиш қилиб келмоқда. 2016 йилдан бошлаб Ўзбекистон Бадиий Ижодкорлар уюшмаси аъзоси. 2017 йилда Бахтиёр Юсупов ёшларнинг иқтидорини ривожлантириш ва уларга санъатнинг нозик сирларини ўргатишдаги меҳнатлари учун “Ўзбекистон Конституциясига 25 йил” эсдалик нишони билан тақдирланди. Кўргазма жорий йилнинг 25 мартигача давом этади.
Маълумот учун телефон: 252-30-88.
|
|