06.11.2017 Садоқат ва вафо куйчиларига эҳтиром
Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда давлат ва жамоат арбоблари, маданият ва санъат намояндалари, ёзувчи-шоирлар, Ҳамид Олимжон ва Зулфия авлодлари, Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндорлари, адабиёт ихлосмандлари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Х.Султонов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси М.Аҳмедов, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси С.Ҳакимов, адабиётшунос И.Ғофуров ва бошқалар Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган Ҳамид Олимжон ва Зулфия хиёбони, икки ардоқли шоир номи билан аталган ўзбек тили ва адабиётини чуқур ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб-интернат, музей миллий адабиётимиз ривожига улкан ҳисса қўшган, халқимизнинг суюкли фарзандлари хотирасига кўрсатилган алоҳида эҳтиром ифодаси эканини таъкидлади.
Давлатимиз раҳбарининг сайловолди дастурида ижодкор зиёлиларимиз, хусусан, Ҳамид Олимжон ва Зулфия адабий меросини кенг тарғиб қилиш, ёш авлод онгида ватанварлик туйғусини юксалтириш, бадиий адабиётга қизиқишини ошириш, китобхонлик маданиятини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратиш ғояси илгари сурилган эди. Бу борада ўтган вақт мобайнида кенг кўламли ишлар амалга оширилди.
Президентимиз жорий йил 27 апрель куни Жиззах вилоятига ташрифи чоғида адабиётимизнинг улкан намояндалари Ҳамид Олимжон ва Зулфиянинг адабий меросини кенг тарғиб қилиш, шеърларига жо бўлган эзгу тушунчалар моҳиятини ёш авлодга етказиш лозимлигини алоҳида таъкидлади.
– Адабиётимизга қаратилаётган эътиборнинг ёрқин намунаси сифатида халқимизнинг ардоқли шоирлари Ҳамид Олимжон ва Зулфия ижодига, адабий меросига, улар шахсига бўлган юксак эътибордан барчамиз миннатдормиз, – деди "Ёшлик" журнали бош муҳарррири Нодир Жонузоқ. – Бу хайрли ишлар адабиётимизнинг қадри юксак эканидан, ижодкорлар меҳнати завол топмаслигидан далолат. Ўз навбатида, биз, ижодкорлар бундан янада илҳомланамиз, бор истеъдодимизни Ватанимиз равнақи, халқимиз маънавиятини юксалтириш йўлидаги амалий ишларга бағишлаймиз.
Ҳамид Олимжон ва Зулфиянинг аҳил ҳаёти, бу икки улкан ижодкорнинг бир-бирига бўлган севги ва садоқати бугунги кунда ҳам ёшларимиз учун ҳар жиҳатдан ибратлидир.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, мазкур мажмуанинг барпо этилиши бутун халқимиз томонидан катта хурсандчилик билан кутиб олинди.
– Бугун ўзбек адабиётининг катта байрами. Ардоқли шоирларимизнинг руҳлари ҳамиша уйғоқ бўлган бизнинг хонадонимизда ҳам шодиёна, – дейди Ҳамид Олимжоннинг невараси Лола Муҳиддинова. – Ўз шоирларини қадрлаган халқ – улуғдир, дер эди Зулфия аямиз. Бугун барчамиз бу икки ижодкорга халқ муҳаббати, эътирофи ва эҳтиромининг гувоҳи бўлиб турибмиз. Бу қутлуғ ишга бош-қош бўлган Президентимизга оиламизнинг ёши улуғлари, навқирон авлодлари номидан миннатдорлик билдирамиз. Ишонамизки, бу ёдгорлик мажмуаси ҳамиша адабиёт ихлосмандлари билан гавжум бўлади.
Турли қийинчилик ва машаққатлар, ҳижрон азобларига қарамасдан, оғир синовлардан ёруғ юз билан ўтган, чинакам вафо ва садоқат намунасини кўрсатиб, халқимизга хос инсонийлик, сабр-бардош ва меҳр-оқибат фазилатларига доимо амал қилиб, бу туйғуларни юксак пардаларда тараннум этиб яшаган улуғ ижодкорларнинг бу гўзал ёдгорлиги ўзининг чуқур ҳаётий фалсафаси ва теран бадиий мазмуни билан юртдошларимиз, айниқса, ёш авлодимиз учун севги ва вафо, эзгулик ва эл-юртга фидоийлик тимсоли бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.
Биринчи Президентимиз Ислом Каримов фармони билан мамлакатимизда Зулфия номидаги Давлат мукофоти таъсис этилди. Бу мукофот Зулфияхонимнинг ибратли ҳаёт ва ижод йўли асосида юртимиз келажаги бўлган ҳар томонлама етук ёшларни тарбиялашга хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 23 июндаги «Жиззах шаҳрида Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги она тили ва адабиёти фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб-интернатни ташкил этиш тўғрисида»ги қарори билан ўзбек тили ва адабиётини чуқур ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб-интернат учун 4 қаватли замонавий бино қуриб битказилди. Бинода кенг ва ёруғ синфхоналардан ташқари 100 ўринли ётоқхона ва ошхона, фаоллар зали ҳамда бошқа хоналар бор.
Истеъдодли ҳайкалтарошлар Тўлаган Тожихўжаев ва Тўлаган Ёрқулов томонидан яратилган ёдгорлик мажмуаси бу ерга ташриф буюрган юртдошларимиз, айниқса, ёш авлодимизнинг маънавий оламини юксалтириш, уларни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялашга катта ҳисса қўшади.
Шу куни ёдгорлик пойи турфа гулларга бурканди.
Тадбирда Жиззах вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Э.Солиев иштирок этди. Улуғбек Асроров, Темур Мамадаминов (сурат), ЎзА
|
|