Все новости
Рассом Аслиддин Калоновнинг “Акварель жилоси” номли шахсий кўргазмаси
13.10.2017
Рассом Аслиддин Калоновнинг “Акварель жилоси” номли шахсий кўргазмаси
2017 йилнинг 13 октябрь куни соат 16.00да Ўзбекистон Бадиий Академияси Икуо Хираяма Халқаро маданият карвон саройида рассом Аслиддин Калоновнинг “Акварель жилоси” номли шахсий кўргазмаси очилиши бўлиб ўтди.
Кўргазмада рассомнинг акварелда ишланган 50дан ортиқ ишлари намойиш қилинмоқда.
Ўзбекистон Бадиий Ижодкорлар уюшмаси аъзоси, график, рангтасвирчи рассом Аслиддин Калонов – 1960 йил 9 сентябрда Самарқанд шаҳрида туғилган. 1976–1980 йиллар П. П. Беньков номли Республика рассомлик коллежида ўқиган. 1980 – 1988 йилларда Тошкент театр ва рассомлик институтининг “Китоб графикаси” факультетини тамомлаган.
Ўзбекистоннинг замонавий санъатида ижод қилаётган етакчи рассомлардан бири Аслиддин Калоновнинг ранг–баранг ва фалсафага бой 300дан ортиқ ишлари турли жанр ва техникаларда яратилган. Жумладан, мойбўёқ, акварель, гуашь, темпера, оддий қалам, тушь – пероларда ишланган асарлардан тортиб, литография, линогравюра ва офорт техникаларидагиларни ҳам учратиш мумкин.
Аслиддин Калонов 1994 йили Ўзбекистон Халқ ёзувчиси Тоғай Муроднинг “Отамдан қолган далалар” романига муқова ишлаган. Орадан кўп йиллар ўтиб, рассом яна шу мавзуга қайтди ва бир қанча иллюстрациялар чизди. Ушбу иллюстрациялар романдаги асосий воқеликни томошабинга етказа олади.
А. Калонов 2015 йили нашрдан чиққан Республикамизнинг биринчи Президенти Ислом Каримовнинг “Она юртимиз бахту–иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш – энг олий саодатдир” асарига ишланган туркум иллюстрациялари учун 2016 йили “Энг улуғ, энг азиз” республика танлови ғолиби бўлди.
Акварель – рангтасвирнинг усулларидан бири бўлиб, махсус акварель бўёғи билан ишланади. Акварель асосан рангтасвир ва графика билан уйғунлашган бўлади. А. Калоновнинг “Айдаркўл соҳили”, “Буғдойзор”, “Пахтазор”, “Анҳор бўйи”, “Ёмғир. Нурота. Эски шаҳар” номли асарларини кузатганда, рассом акварель техникасини мукаммал ўзлаштирганининг гувоҳи бўлиш мумкин.
Аслиддин Калоновнинг ижодий усули авангардга хос бўлса-да, унинг маъноси чуқур миллийлик билан суғорилган. Рассом бир қанча туркум асарларини Нуротанинг муқаддас балиқларига бағишлаган. Баъзи композицияларида Самарқанд вилоятидаги ёдгорлик мажмуаларидан топилган археологик топилмалардан ғаройиб ҳайвонлар тасвирлари ёш авлод ўтмишни яхшироқ билиши ва тасаввурига хизмат қилади. Рассом асарларидаги қушлар образи эса инсонда поклик, юксакликка интилиш каби фазилатларни шакллантиради.
1997 йилдан буён Ўзбекистон Бадиий Ижодкорлар уюшмаси аъзоси.
Ҳозирда эса А. Калонов К. Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтининг “Миниатюра ва китоб графикаси” кафедраси доценти. Ижод билан бирга ёш рассомларга санъатнинг энг нозик сирларини ўргатиб келади. Кўплаб шогирдлари йилдан – йилга танилиб бормоқда. Улардан Мадина Юсупова, Расул Раҳимов ва Шаҳноза Қосимовалар каби ўнлаб ёш рассомларни санаш мумкин.
Аслиддин Калонов кўплаб республика ва халқаро танловларда иштирок этган. Унинг асарлари хорижда шахсий коллекцияларда сақланади. Жумладан, Германия, АҚШ, Канада, Франция, Туркия, Голландия кабилар. Шу билан бирга, Россия Рассомлар уюшмасида ҳам унинг асарлари бор. Республикамизда Ўзбекистон Давлат Санъат музейи ва Бадиий кўргазмалар дирекцияси фондларида рассом асарлари сақланади.
Кўргазма шу йилнинг 31 октябригача давом этади.
Просмотров 850    Рейтинг 89   Понравилась новость?    +1   -1    Добавить комментарий  (0)

фото