Все новости
ПРЕСС-РЕЛИЗ. Рассомлар Муҳаммаджон Рустамов, Нўъмонжон ва Абдуллажон Холмирзаевларнинг “Юртим шамоли” номли шахсий кўргазмаси
18.08.2017
ПРЕСС-РЕЛИЗ. Рассомлар Муҳаммаджон Рустамов, Нўъмонжон ва Абдуллажон Холмирзаевларнинг “Юртим шамоли” номли шахсий кўргазмаси
2017 йилнинг 18 август куни соат 17.00да Ўзбекистон Бадиий Академияси Икуо Хираяма Халқаро маданият карвон саройида Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигинннг 26 йиллигига бағишланган рассомлар Муҳаммаджон Рустамов, ака–ука Нўъмонжон ва Абдуллажон Холмирзаевларнинг “Юртим шамоли” номли кўргазмаси очилиши бўлиб ўтди.

Кўргазмада рассомларнинг 80дан ортиқ ишлари намойиш қилинди.
Муҳаммаджон Рустамов – 1959 йили Тошкент шаҳрида туғилган. 1977 йили ўрта мактабни битказиб, П. П. Беньков номидаги билим юртига ўқишга кирди. Коллежда рангтасвир ўқитувчиси В. И. Правдюкдан сабоқ олди.

Рассом билим юртини тугатгач, кўп йиллар турли жойларда ишлади. У кўпроқ ижод қилишни яхши кўради. Шу боис ҳам М. Рустамов мустақил рассом сифатида қизғин иш бошлади. У 1992 йилдан бери республика ва халқаро танловлар, шунингдек, байрамларда ташкил қилинадиган кўргазмаларда фаол иштирок этиб келади. “Мустақиллик”, “Наврўз”, “Табиат ва рассом”, “Ватан бошланар- маҳалладан”, “Тошкентнинг 2200 йиллиги юбилейи” га бағишланган кўплаб кўргазмаларда асарлари билан иштирок қилган. Унинг “Ёз чилласи”, “Апрель ойи”, “Олтин куз”, “Икки бола суҳбати” номли асарлари фасллар алмашинуви, табиатнинг мўъжизакорлигини моҳирона тасвирлаган.

М. Рустамовнинг 2000, 2004 ва 2010 йилларда шахсий кўргазмалари ташкил қилинган.
1998 йилдан бери Ўзбекистон Бадиий Ижодкорлар уюшмаси аъзоси.

Нўъмонжон ва Абдуллажон Холмирзаевлар – акаси Нўъмонжон 1961 йили, укаси Абдуллажон 1965 йили Андижон вилояти, Қўрғонтепа туманида туғилган.

Нўъмонжон Холмирзаев – 1980 йили Андижон педагогика билим юртини тамомлаб, 1980 - 1984 йилларда Низомий номидаги Тошкент Давлат педагогика университетининг “Бадиий графика” йўналишида таҳсил олди. Университетни тамомлагач, Қўрғонтепа туманига қайтиб, қизғин ижод билан машғул бўлди. Тез – тез кўргазмалар уюштириб, ижоди кўзга ташлана бошлади. Жумладан, 1985 йили “Қўрғонтепа ўлкани ўрганиш” музейида, 1987 йили “Юқори ҳосил” газетаси редакциясида, 1989 йили Ёш ижодкорлар уйида, 2010 йили Андижон шаҳридаги “Қалъа” галереясида ўз кўргазмаларини ташкил қилди. 2007 йилдан бери республика миқёсидаги кўргазмаларда фаол иштирок этиб келади.

2014 йилдан бошлаб Ўзбекистон Бадиий Ижодкорлар уюшмаси аъзоси.

Н. Холмирзаев ижоди жуда ўзига хос. Албатта, рассомлар табиат чиройини жуда севишади. Лекин, Н. Холмирзаевда водийнинг тутларга тўла даласи ва Мирзачўл кенгликларини тасвирлаш иштиёқи кучли. Айниқса, “Юртим шамоли”, “Каллакланган тутлар”, “Қишлоғим тонги”, “Мирзачўл оқшоми”, “Тут кесиш мавсуми”, “Мирзачўл шабадаси” каби асарлари рассомнинг Ватанга бўлган муҳаббати, табиатга бўлган муносабатини билдиради.

Абдуллажон Холмирзаев – мактабни битиргач, акаси ортидан бориб, П. Беньков номидаги Рассомлик билим юртида таҳсил олган. Коллежни тамомлагач, К. Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида ўқиган.

Ҳозирда рассом қизғин ижодий иш билан машғул. Ўзига қулай шарт – шароит яратиб олиб, мустақил рассом сифатида фаолият олиб боради. У “Одам Ато фарзандлари” туркум ишларини давом эттирмоқда. Рассомнинг “Кузги ҳовли”, “Соғинч”, “Умр йўли”, “Шижоат” каби асарлари кўргазмада намойиш қилинмоқда.

Кўргазма шу йилнинг 1 сентябригача давом этади.

Маълумот учун телефонлар: 252-74-73, 252-30-88.
Просмотров 862    Рейтинг 95   Понравилась новость?    +1   -1    Добавить комментарий  (0)

фото