17.08.2017 Ўзбекистон Бадиий академияси фаолиятини ривожлантириш ва янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида
2017 йил 16 августдаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-3219-сон қарори
Мамлакатимиз ўзининг бой бадиий мероси билан жаҳон санъати ва маданияти ривожига катта ҳисса қўшган қадимий цивилизация ўчоғи сифатида миллий бадиий анъаналарнинг ўзига хослигини сақлаб келаётгани дунёнинг етакчи санъат мутахассислари томонидан эътироф этилган.
Бугунги кунда замонавий ўзбек тасвирий санъатига кўплаб ёш истеъдод эгалари кириб келаётгани, турли йўналишларда фаолият кўрсатаётган ижодкорлар, хусусан, рассом ва ҳайкалтарошлар, халқ усталари ижодида янгича мазмун ва шакл, жаҳон санъат майдонида муносиб ўрин эгаллашга интилиш тенденциялари кўзга ташланаётганини ижобий баҳолаш лозим.
Шу билан бирга, таъкидлаш лозимки, ҳозирги вақтда тасвирий ва амалий санъат ҳамда дизайн соҳасини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар талаб даражасида эмаслиги, соҳага доир норматив-ҳуқуқий ҳамда моддий-техник базанинг мукаммал эмаслиги, малакали кадрлар етишмаслиги бу борадаги ишларнинг самарасига салбий таъсир этмоқда.
Ўзбек тасвирий ва амалий санъати ҳамда дизайн йўналишларини янада ривожлантириш, халқимизнинг ушбу нафис санъатларга бўлган эстетик эҳтиёжини қондириш, кенг йўналишда фаолият олиб бораётган мутахассисларнинг ижодий имкониятларидан унумли фойдаланиш, уларга шарт-шароит яратиш, бадиий салоҳиятини ошириш, замон талабларига мос бадиий таълим тизимини кенг йўлга қўйиш ҳамда Ўзбекистон Бадиий академиясининг фаолиятини ривожлантириш ва такомиллаштириш мақсадида:
1. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Бадиий академиясининг ташкилий тузилмаси 1-иловага мувофиқ;
Ўзбекистон Бадиий академияси марказий аппаратининг бошқарув ходимлари умумий чекланган сони 21 кишидан иборат тузилмаси 2-иловага мувофиқ;
Ўзбекистон Бадиий академиясининг Қорақалпоғистон Республикаси бўлими тузилмаси 3-иловага мувофиқ;
Ўзбекистон Бадиий академияси фаолиятини ривожлантириш ва янада такомиллаштириш бўйича 2017-2021 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар дастури 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Ўзбекистон Бадиий академияси Бадиий ижодкорлар уюшмасининг тузилмаси 5-иловага мувофиқ маъқуллансин.
Ўзбекистон Бадиий академияси фаолиятини ривожлантириш ва янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар дастурини амалга ошириш бўйича Республика комиссияси таркиби 6-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Ўзбекистон Бадиий академияси раисига зарур ҳолларда, марказий аппарат ҳамда Ўзбекистон Бадиий академиясининг Қорақалпоғистон Республикаси бўлими тузилмасига ходимларнинг чекланган умумий сони доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.
2. Ўзбекистон Бадиий академиясининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:
Ўзбекистон тасвирий ва амалий санъатини янада ривожлантириш, шахсий ва ижодий кўргазмалар учун кенг имкониятлар яратиб бериш ҳамда ижодкорларнинг бадиий салоҳиятини ошириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш;
жаҳондаги етакчи бадиий академиялар, ушбу йўналишдаги таълим муассасалари, ташкилотлар, атоқли маданият ва санъат арбоблари билан илғор тажрибалар алмашиш мақсадида ҳар томонлама ижодий ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш;
ижодкорлар ва истеъдодли ёшларни ижтимоий-иқтисодий муҳофаза қилиш ҳамда Ўзбекистон Бадиий академияси тизимидаги ташкилотларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш;
халқимизнинг бой маданий меросини, тасвирий ва амалий санъат ҳамда дизайн анъаналарини ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон Бадиий академияси Бадиий ижодкорлар уюшмасининг (кейинги ўринларда – Бадиий ижодкорлар уюшмаси деб юритилади) фаолиятини мувофиқлаштириш;
тасвирий ва амалий санъат ҳамда дизайн йўналишидаги ижодкорларни миллий ўзлигимизни англаш ғояларини тараннум этувчи юксак даражадаги ёрқин санъат асарларини яратишдаги фаолиятини рағбатлантириш ва болалар санъатини ривожлантириш билан боғлиқ чора-тадбирларни амалга ошириш;
Ўзбекистон Бадиий академияси тизимидаги таълим муассасаларининг фаолиятида бадиий таълим узвийлиги ҳамда узлуксизлигини таъминлашга эришиш мақсадида ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернатлари ва ўрта махсус таълим муассасалари учун бошланғич бадиий таълимни йўлга қўйиш;
Ўзбекистон маданияти ва санъатининг тараққиёти йўлида тасвирий ва амалий санъат, дизайн ва халқ ҳунармандчилиги соҳалари бўйича юқори малакали мутахассислар тайёрлаш мақсадида Ўзбекистон Бадиий академияси тизимидаги таълим муассасаларининг фаолиятини хорижий тажрибалар асосида такомиллаштириш;
тасвирий ва амалий санъат ҳамда дизайн йўналишида етук мутахассисларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, Ўзбекистон Бадиий академияси марказий аппарати ва унинг ҳудудий бўлимлари фаолиятини кучайтириш, бу борадаги вазифаларни амалга оширишнинг замонавий, таъсирчан усул ва шаклларини тизимли асосда ривожлантириб бориш;
Ўзбекистонда ва хорижда кенг кўламдаги кўргазмалар ташкил этиш орқали миллий санъатимиз ютуқларини дунё жамоатчилигига танитиш, конференция, биенналелар ва бошқа анжуманлар ўтказиш.
3. Ўзбекистон Бадиий академияси, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ва Фанлар академиясининг мамлакатимиз музейлари фондларини мустақиллик йилларида яратилган юксак бадиий қийматга эга бўлган тасвирий ва амалий санъат асарлари билан мунтазам бойитиб бориш ва асарлар баҳосини уларнинг ижодий ва моддий қийматидан келиб чиққан ҳолда белгилаш мақсадида:
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги қошида Бадиий экспертлар кенгашини ташкил этиш;
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигига мустақиллик йилларида яратилган, юксак бадиий қийматга эга бўлган тасвирий ва амалий санъат асарларини сотиб олиш учун 2018 йилдан бошлаб ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 1 миллиард сўм ва “Ўзвиносаноатхолдинг” компаниясининг ташаббуси билан хайрия асосида 1 миллиард сўм маблағ ажратиш тўғрисидаги таклиф маъқуллансин.
4. Белгилаб қўйилсинки:
Ўзбекистон Бадиий академиясининг раиси мақоми, моддий, маиший, транспорт ва тиббий хизмат кўрсатиш шарт-шароитлари бўйича – вазирга, унинг ўринбосари ва бош илмий котиб – вазир ўринбосарларига тенглаштирилади;
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги қошидаги Бадиий экспертлар кенгашининг таркиби ва Низоми Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади; мустақиллик йилларида яратилган юксак бадиий қийматга эга бўлган тасвирий ва амалий санъат асарларини сотиб олиш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети
маблағлари 2019 йилдан бошлаб энг кам иш ҳақи миқдорининг ўртача йиллик ўсиш кўрсаткичларига оширилган ҳолда ажратилади;
мустақиллик йилларида яратилган юксак бадиий қийматга эга бўлган тасвирий ва амалий санъат асарлари Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги қошидаги Бадиий экспертлар кенгашининг қарорига асосан сотиб олинади;
2018 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон Бадиий академиясининг ҳақиқий аъзолари учун энг кам иш ҳақининг тўрт баробари миқдорида ойлик гонорар тўлаш тизими жорий қилинади ҳамда ушбу гонорарлар жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод қилинади;
Ўзбекистон Бадиий академиясининг ҳақиқий аъзолари Ўзбекистон Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоларига белгиланган имтиёзлардан фойдаланади.
5. Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг маблағлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар Ўзбекистон Бадиий академияси фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин.
6. Бадиий ижодкорлар уюшмаси ва унинг ҳудудий бўлимлари галереяларини сақлаш харажатлари, шунингдек, уларнинг моддий-техник базасини ривожлантириш харажатларини молиялаштириш манбаси этиб Ўзбекистон ижодкорларини қўллаб-қувватлаш “Илҳом” жамоат фонди (кейинги ўринларда – Фонд деб юритилади) маблағлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар белгилансин.
Бунда Бадиий ижодкорлар уюшмасининг ҳудудий бўлимлари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш харажатлари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан Фондга ажратиладиган бюджет маблағлари (субсидия) ҳисобидан қопланиши назарда тутилсин.
7. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари Бадиий ижодкорлар уюшмаси ҳудудий бўлимларининг ҳудудий галереяларда жойлаштирилишини ҳамда уларнинг моддий-техник базаси мустаҳкамланишини таъминласин.
8. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:
мустақиллик йилларида яратилган юксак бадиий қийматга эга бўлган тасвирий ва амалий санъат асарларини сотиб олиш учун зарур маблағларни 2018 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг параметрлари шакллантирилганда ажратилишини назарда тутсин;
Ўзбекистон Бадиий академияси марказий аппаратига 2 та шахсан бириктирилган ва 1 та навбатчи хизмат автотранспорти сақлаш учун лимит ажратсин.
9. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 1 ой муддатда:
Ўзбекистон Бадиий академияси фаолиятини такомиллаштириш тўғрисидаги Ҳукумат қарорини қабул қилсин;
Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ҳудудида Ўзбекистон Бадиий академияси биносини қуриш ишларини ташкиллаштирсин ва ушбу бинода рассомлар учун тажриба устахонасини ташкил этиш кўзда тутилсин.
10. Ўзбекистон Бадиий академияси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
11. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Х.Султонов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Респуликаси Президенти Ш.Мирзиёев
16/08/2017
http://president.uz/uz/lists/view/925
|
|