04.08.2017 ПРЕСС-РЕЛИЗ. Рассом Аҳмад Умаровнинг 60 ёшлик юбилейига бағишланган “Йиллар ва йўллар” номли шахсий кўргазмаси
2017 йилнинг 4 август куни соат 17.00да Ўзбекистон Бадиий Академияси Икуо Хираяма Халқаро маданият карвон саройида рассом Аҳмад Умаровнинг 60 ёшлик юбилейига бағишланган “Йиллар ва йўллар” номли шахсий кўргазмаси очилиши бўлиб ўтди.
Кўргазмада рассомнинг энг сара ишларидан 64таси намойиш қилинди. Тарихий, манзара, портрет ва тематик мавзулардаги ишлари экспозициядан ўрин олган. Аҳмад Камолович Умаров – 1957 йил 3 февраль куни Самарқанд вилояти Тайлоқ туманида туғилган.
1977–1981 йиллар – Тошкент Давлат педагогика институтининг “Бадиий графика” факультетини тамомлаган. Устозлари таниқли рассомлар Янис Салпинкиди ва марҳум Шуҳрат Абдурашидовлардан сабоқ олган. Аҳмад Умаровнинг ижоди 1982 йилдан бошлаб қизғин тус олди. У республика ва вилоятлараро ҳамда халқаро тасвирий санъат кўргазмаларида фаол иштирок этиб бошлади.
1991 йил Тошкентдаги “Киночилар уйи” да шахсий кўргазмасини ташкил этган. 1992 йил пойтахтда ўтказилган ЎртаОсиё ва Қозоғистон ёш рассомларининг асарлари кўргазмасида иштирок этган.
1993 йилда Аҳмад Умаров Тошкентдаги миниатюра санъати усталаридан бу ишни чуқур ўрганди ва ўша йиллардан бошлаб Самарқанд вилояти “Усто” бирлашмасида “Шарқ миниатюра санъати” мактабини ташкил этди. Шу йиллардан бошлаб қадимий Самарқанд қоғозини қайта тиклаш лойиҳаси устида иш бошлади. 1996 йилда “Мерос” халқ усталари уюшмасига аъзо бўлиб, лойиҳасини уларга тақдим қилди. Лойиҳа асосида ҳозирда ишлар олиб борилмоқда. 1997–2001 йилларда Республика “Ҳунарманд” уюшмаси Самарқанд вилояти бўлимининг бадиий кенгаш раиси вазифасида ишлаган. 1994 йилдан Ўзбекистон Бадиий Академияси Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси. Аҳмад Умаровнинг тарихий мавзуларга дадилона қадами кўпчиликни лол қолдиради. Унинг “Самарқанд ҳокими Ялангтўш Баҳодир – Шердор мадрасасининг қурилишида”, “Имом ал Бухорийнинг Ҳартанг қишлоғига табаррук қадамлари”, “Широқ” каби асарлари рангтасвирда ишланган ва воқеликни моҳирона тасвирлаган. Шунингдек, “Бошланиш. Ҳаракат. Тугалланиш. Триптих”, “Оналик”, “Шом” каби асарлари, ёзувчи ва шоир ҳамда давлат арбобларининг портретлари рассом ижодининг серқирралигидан далолат беради.
Аҳмад Умаров асарлари республикамизнинг музей ва шахсий коллекцияларида, жумладан, Ўзбекистон Давлат Санъат музейида “Йўл” номли асари, Ўзбекистон Бадиий Академияси Бадиий кўргазмалар дирекцияси фондида “Таҳлика” асари, Самарқанд Давлат санъат музейида 4та асари сақланиб келинмоқда.
Рассомнинг асарлари АҚШ, Германия, Англия, Франция, Япония, Италия, Россия ва бошқа бир қанча мамлакатларнинг шахсий коллекцияларида сақланиб келинади.
Кўргазма шу йилнинг 14 августгача давом этади.
Составитель текста - Гавхар Саодатова
|
|