Все новости
ПРЕСС–РЕЛИЗ. “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” га бағишланган фоторассом Дилмурод Рустамовнинг “Ҳаёт завқи” номли илк шахсий кўргазмаси
10.07.2017
ПРЕСС–РЕЛИЗ. “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” га бағишланган фоторассом Дилмурод Рустамовнинг “Ҳаёт завқи” номли илк шахсий кўргазмаси
2017 йилнинг 10 июль куни соат 17.00да Ўзбекистон Бадиий Академияси Икуо Хираяма Халқаро маданият карвон саройининг катта залида фоторассом Дилмурод Рустамовнинг “Ҳаёт завқи” номли илк шахсий фотокўргазмаси бўлиб ўтди.
Дилмурод Рустамов – 1985 йил 15 апрелда Сурхондарё вилояти Шеробод туманида туғилган.
Ёшликдан Дилмуроднинг фотосуратлар олишга қизиқиши кучли эди. Унинг бобоси Муродилла ака бешикчилар сулоласининг иккинчи авлоди бўлган. Мактаб даврларида Дилмурод доимо расм дарсидан беш баҳо олар, хаёлида ўзича қандайдир қиёфалар яратар эди. Дилмурод мактабни тугатгач, бир неча йиллар ўқишга киролмади. Шу боис Шеробод туманидаги фотолабораторияда ишлай бошлади. Бу ерда оператор бўлиб ишлай бошлагач, плёнка билан ишлашни чуқур ўргана бошлади. Ёшликдаги орзуси уни бу иш билан шуғулланишига имконият яратди.
2007 – 2011 йилларда К. Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтининг “Амалий санъат ” факультетининг “Компьютер графика ва бадиий фото” бўлимини тугатди.
Ўқиш даврида “Тасвирий санъат ҳафталиги 5+”2010 йилда қатнашган ва сертификат олган. Шунингдек, 2008 – 2009 ўқув йилларида Тошкент шаҳар касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгашининг “Стипендиати” бўлган. Устозлари марҳум ота - бола Ҳасан ва Андрей Файзиевлардан бадиий фото ва фотосанъат сирларини ўрганган.
Меҳнат фаолиятини ўқиш давриданоқ бошлаган. Энг аввало, 2009 йилдан Адлия вазирлиги муассислигидаги “Ҳуқуқ ва бурч” журналида фотомухбирлик қилган.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг “Инсон ва қонун” газетасида 2012 йилдан бошлаб фотомухбир бўлиб ишлаб келмоқда. Мамлакатимизнинг сиёсий – ижтимоий аҳамиятга эга бўлган тадбирларида иштирок этиб, фотолавҳалар тайёрлайди. У иш билан бирга бир қанча танлов ва кўргазмаларда фаол иштирок этиб келади. Бир неча бор Адлия вазирлигининг Фахрий Ёрлиқлари, кўргазмалар иштирокчиси сифатида сертификатлар билан тақдирланиб келган. Унинг турли мавзулардаги фотосуратлари “Китоб дунёси” газетаси ва “Ҳуқуқ ва бурч” журналларида чоп этилиб келинади. Ҳозирги кунда Дилмурод Рустамовнинг мингга яқин фотосуратлари ўз томошабинларини топган.
Ҳаёт завқи – Дилмурод ижодида ўтаётган кунларга шукроналик, меҳр – оқибат, табиатни асраш, унинг гўзаллигидан баҳраманд бўлиш, нурли ва ёрқин кечалар, бахтли болалик, жонивор ва ҳайвонларнинг тириклик бахти ажойиб тарзда ифодаланади. Масалан, ёмғир ёққанда томчининг чирс этиб тушиши, кўлмакларда ажойиб санъат асарининг яратилиши кабиларни фақатгина ижодкор инсонгина англай олади. Дилмурод мана шундай онларни фотообъектив нигоҳида муҳрлайди ва биз кўра олмаган гўзалликни улашишга ҳаракат қилади. Унинг “Ҳаёт завқи”, “Бахтли болалик”, “Ёғду”, “Парвоз” каби асарлари томошабинларга кўтаринки кайфият бахш этади.
Кўргазмада фоторассомнинг 70га яқин ишлари намойиш қилинмоқда. Бир–бирини такрорламайдиган мавзулар ўйлаймизки, санъат ихлосмандларига манзур бўлади.
“Ҳаёт завқи” фотокўргазмаси шу йилнинг 21 июлигача давом этади.

Гавхар Саодатова
Просмотров 697    Рейтинг 120   Понравилась новость?    +1   -1    Добавить комментарий  (0)

фото