31.05.2017 ПРЕСС-РЕЛИЗ. “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”га бағишланган ХМКС коллекциясидан: “Келажак сари йўл” номли археололгик кўргазма ва давра суҳбати
2017 йилнинг 31 май куни соат 11.00да Ўзбекистон Бадиий Академияси Икуо Хираяма Халқаро маданият карвон саройида “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” га бағишланган ХМКС коллекциясидан: “Келажак сари йўл” номли археологик кўргазма очилиши ва давра суҳбати бўлиб ўтди.
Мана икки йилдирки, Икуо Хираяма Халқаро маданият карвон саройи К. Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти билан ҳамкорликда “Амалий санъат асарларини таъмирлаш” факультети талабаларининг амалий машғулотларда қатнашишини ташкил этган. Ўтган йили мана шу ҳамкорлик асосида 6 нафар талаба қатнашди.
2016 – 2017 ўқув йиллари мобайнида эса 7 нафар талаба ХМКС коллекциясида сақланаётган археологик топилмаларни тиклаш жараёнларида ўз билимларини оширди. Археологик топилмаларни қайта таъмирлаш ва реконструкция қилиш ишлари бўйича рассом - таъмиршунос Наргиза Қаландарова амалий машғулотлар олиб борди.
Талабалар Абдумуталов Абдусамад, Абубакиров Абдуқаҳҳор, Абдухамидова Бахтихон, Раҳимов Исломжон, Турсунова Мадинахон, Тошпўлатова Ситора, Бойназаров Шоҳрухлар машғулот жараёнида сопол буюмларни қайта таъмирлаш, реконструкция қилиш, айрим буюмлардаги ўсимликсимон ва эпиграфик нақшларни қайта тиклаш жараёни ишларидан сабоқ олишди. Талабалар машғулотларни катта қизиқиш билан ўрганишди, назарий олган билимларини мустаҳкамлашди.
“Амалий санъат асарларини таъмирлаш” факультети ўқитувчиси Дилшод Ҳайитметов назария билан амалиётни бирга олиб бориш керак, деб ҳисоблайди. Шу боис ҳам талабалар учун имкониятлар излади ва бу борада жонбозлик кўрсатди.
Археолог, музей бўлими мудири К. Шейко Сурхондарё вилоятининг Шўробқўрғон, Мунчоқтепа, Кампиртепа мажмуалари ва Тошкент вилоятининг Қонқа, Қаршовултепа тарихий ёдгорлик мажмуаларида қазишма ишларини олиб борган ва ХМКС коллекциясининг шаклланиши ва ривожланишига катта ҳисса қўшиб келмоқда.
“Келажак сари йўл” номли археологик кўргазмада ХМКС музей бўлимида сақланаётган 1300 га яқин археологик топилмалардан IX - XI асрларга оид 30 тадан ортиқ турли ҳажм ва шаклдаги лаганлар, кўзалар, косалар ва бошқа кўринишдаги сопол буюмлар қайта таъмирланиб, баъзилардаги ўсимликсимон нақшлар ва эпиграфик ёзувлар тикланди ва экспозиядан жой олди.
Қайта таъмирлаш тушунчаси учта комплексни ўз ичига олади. Биринчиси – консервация, иккинчиси – реставрация, учинчиси – реконструкция. Консервациянинг асосий вазифаси ва мақсади – топилманинг тукилиб, уваланиб кетмаслигининг олдини олиш, топилган ҳолатини сақлаб қолиш.
Реставрация – тозалаш жараёнлари, дезинфекция, мустаҳкамлаш, бўлакларни бир – бирига ёпиштириш.
Реконструкция – қайта тиклаш устида олиб борилган жараён, максимал даражада асл ҳолига яқин қилиб тиклашдир.
Кўргазмада амалий машғулотлар жараёни фотосуратларда акс этса, намойиш қилинаётган археологик топилмалар ҳар бир талаба томонидан қай даражада таъмирланганлигини кўрсатади. Шунингдек, иш қуроллари, топилманинг олдинги ва кейинги ҳолатлари каби экспонатлар реставрация жараёнининг мураккаб томонларини тушунишга ёрдам беради.
Кўргазма доирасида қазишма ишлари ҳақида музей бўлими мудири К. Шейко, қайта таъмирлаш бўйича олиб борилган ишлар ҳақида рассом – таъмиршунос Н. Қаландаровалар маъруза қилишди. Талабалар эса ўз курс ишларини қайта тиклаган ишлари билан ҳимоя қилишди.
Археологик кўргазма шу йилнинг 15 июнига қадар давом этади.
Гавхар Саодатова
|
|