18.04.2017 ПРЕСС-РЕЛИЗ. “Тасвирий санъат фестивали” доирасида Ўзбекистонда Япония маданияти кунлари
2017 йилнинг 18 - 22 апрель кунлари Ўзбекистон Бадиий Академияси Марказий кўргазмалар залида “Ўзбекистонда Япония маданияти кунлари” бўлиб ўтади.
Ташкилотчилар: Ўзбекистон Бадиий Академияси, Икуо Хираяма Халқаро маданият карвон саройи.
Ҳамкорлар: Япониянинг Ўзбекистондаги элчихонаси, Ўзбекистон-Япония инсон ресурсларини ривожлантириш маркази, Ўзбек-япон маркази ва Япония фотоиндустрия институти.
Бу йил Ўзбекистон – Япония дипломатик алоқалари ўрнатилганлигига 25 йил тўлди. Ўзбекистон Республикаси 1992 йил 26 январда Япония давлати билан дипломатик алоқаларни ўрнатган эди. Иккала мамлакат ўртасида давом этиб келаётган мана шундай дўстлик ва тинчлик алоқалари халқларни янада яқинлаштирди. Биз учун афсонавий давлат сифатида фақат эшитган япон халқи бугун биз билан бир қаторда юртимизда яшаб, ишлаб келмоқда. Япония маданияти, урф – одатлари билан ўзбекистонликлар анча таниш. Ҳар йили ўтказиладиган япон маданиятига бағишланган тақдимотлар ва маҳорат ошириш дарслари, Японияда Ўзбекистон кунларининг ташкил этилиши икки мамлакат ўртасидаги маданий алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Ўзбекистонда Япония маданияти кунлари Марказий кўргазмалар залининг киравериши ва ёнидаги залларда намойиш қилинади. Унда япониялик таниқли фоторассомлар Сёта Нагасе ва Канако Сатоларнинг ишлари намойиш қилинмоқда. Япон кимоноси кўргазмаси эса барчада қизиқиш уйғотиши табиий. Шунингдек, япон тили асослари ва хаттотлик, сумиэ, анъанавий чой ичиш маросими, оригами ва кириэлар бўйича маҳорат ошириш дарслари япон мутахассислари ва ХМКС ходимлари томонидан ўтказилади. “Япон кимоноси” кўргазмаси
Икуо Хираяма Халқаро Маданият карвон саройининг коллекциясида ҳозирда 60 дан ортиқ япон кимонолари сақланиб келади. Япон халқининг миллий либоси бўлган кимоно жуда қадрланади. Япон тилида кимоно сўзи “кийим”, аниқроғи “ёфуку” деб аталади. “Кимоно” сўзи умумлашган тушунча бўлиб, унинг бир неча турлари мавжуд: эркак ва аёллар, уйда ва тунда кийиладиган.“Кимоно” ва “оби” қадимда шойи, креп-шойи, сатин матоларидан тикилган. Замонавий кимоно эса нисбатан арзонроқ ва тежамлироқ бўлган креп-сатин, пахта, полиэстр ва бошқа синтетик газламалардан тайёрланади.
Ўзбекистонда Япония маданияти кунларини ўтказишдан асосий мақсад-халқимизни японлар урф-одатлари, маросимлари ва санъати билан янада яқинроқ таништириш ва давлатлар орасидаги маданий алоқаларни янада кучайтиришдир. Канако Сато: “Япония денгизлари сувости дунёси”
“Япония денгизлари сувости дунёси” фотокўргазмасида Канако Сатонинг 44та фотосуратлари намойиш этилмоқда. Ўта профессионаллик ва маҳорат ҳамда замонавий техника мужассамлашган ушбу фотосуратлар ҳар бир ўзбекистонлик санъат шайдоларини бефарқ қолдирмайди. Японяи фотосаноати институти ижрочи директори Хироши Яно жанобларининг саъй – ҳаракатлари билан бундай фотокўргазмалар Тошкентда бир неча бор ташкил этилган. Жумладан, 2012 йилда Тошкентда бўлиб ўтган “Япония қиёфаси – сирли Фудзияма” фотокўргазма ўзбекистонлик фоторассомлар томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинган эди. 2015 йилнинг октябрь ойида Икуо Хираяма Халқаро маданият карвон саройида фоторассомнинг шахсий кўргазмаси намойиш қилинди.
Фоторассом Сёта НАГАСЕ (Япония) Сёта Нагасе 1975 йил 10 август куни Япониянинг Маэбащи шаҳридаги Гунма префектурасида дунёга келган.
Ижодий фаолияти «Message» номли рақамли фотоаппаратда маҳорат ошириш дарсларини олиб боради.Асарлари «Васи» анъанавий япон қоғозида босилади.Фоторассомларнинг малакасини оширишда устозлик қилади (Япония таълим вазирлиги ҳомийлигида). 2013 – 2014 йилларда “CP+” Awagami заводи стендини тайёрлашда таклиф этилган мураббий сифатида ишлаган.
2014 йил - “HKU SPACE” Hong Kongда шахсий кўргазмаси ўтказилган.
Сёта Нагасенинг шу кунгача шахсий кўргазмалари сони 7 та, гуруҳ кўргазмалари сони эса 30 тадан ортиқни ташкил этади. Фоторассомнинг асарларидан 12 таси “Тасвирий санъат фестивали” да намойиш этилмоқда.
|
|