Все новости
ПРЕСС-РЕЛИЗ. 2 апрель – Бутунжаҳон Аутизм тўғрисида маълумот тарқатиш кунига бағишланган “Мен билган дунё” номли хайрия кўргазма
02.04.2017
ПРЕСС-РЕЛИЗ. 2 апрель – Бутунжаҳон Аутизм тўғрисида маълумот тарқатиш кунига бағишланган “Мен билган дунё” номли хайрия кўргазма
2017 йилнинг 2 апрель куни соат 10.30да Ўзбекистон Бадиий Академияси Икуо Хираяма Халқаро маданият карвон саройида 2 апрель – Бутунжаҳон Аутизм тўғрисида маълумот тарқатиш кунига бағишланган “Мен билган дунё” номли хайрия кўргазманинг очилиши бўлиб ўтди.

Ташкилотчилар: Ўзбекистон Бадиий Академияси, Икуо Хираяма Халқаро маданият карвон саройи ва “Star Kids International” бошланғич таълим муассаси.

Ўзбекистон Бадиий Академияси республикамиздаги тасвирий ва амалий санъат билан шуғулланадиган барча ижодкорларни қамраб олган ҳолда, уларнинг ижодий ишларини халққа кўрсатиш ва таништиришда катта ҳисса қўшиб келмоқда. Айниқса, ёшларнинг иқтидорини ривожлантириш ва қўллаб – қувватлаш, бой маданий меросимизни ўрганиш, ҳар хил иллатларга санъат орқали курашишда фестиваллар, кўргазмалар, конференциялар, семинарлар ташкил қилиб келади.

Икуо Хираяма Халқаро маданият карвон саройи – “Буюк Ипак Йўли”ни тиклаш мақсадида япон рассоми, Токио миллий мусиқа ва санъати университетининг ректори Икуо Хираяма томонидан ўз маблағига қурдирилган. Ўзбекистоннинг бой маданий, тарихий меросини топиш, ўрганиш, тадқиқ қилиш, халқимиз ва дунё жамоатчилиги ўртасида кенг тарғиб этишни ўзининг асосий фаолияти этиб белгилаган. Марказда республика ва халқаро миқёсда жуда кўп лойиҳалар ва кўргазмалар ўтказилади.

“Star Kids International” бошланғич таълим муассаси – дунёнинг энг ривожланган АҚШ ва Британия бошланғич мактаблари каби ташкил қилинган бўлиб, ҳозирда хусусий боғча сифатида фаолият олиб боради. Боғча мудираси Гулшан Омонова томонидан ташкил қилинган ушбу муассасада ҳозирда юртимизда яшаб ва ишлаётган 10дан ортиқ ваколатхона ва хорижий ташкилотлар вакиллари ҳамда юртдошларимизнинг фарзандлари тарбияланади.
Бундай муҳит болакайларга хорижий тилларни ўрганишга катта қизиқиш уйғотади, қолаверса, тез дўстлашиб кетиш ва бошқа давлатлар маданиятларидаги ўзига хосликни англаб етишига ёрдам беради. Мазкур мактабгача таълим муассасида машғулотларни юқори малакали маҳаллий ва чет эллик ўқитувчилар олиб боради. Боғчада барча моддий–техник база ва малакали ўқитувчи ҳамда ходимлар ишлаётганлиги боис, юқори сифатли таълим–тарбия жараёни яратилган.

“Мен билган дунё” номли хайрия кўргазмада Тошкент шаҳрининг Шайхонтохур туманидаги 37 – сонли ва Яшнобод туманидаги 52-сонли имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган мактаб ўқувчиларининг 60дан ортиқ ишлари намойиш қилинмоқда.
Шайхонтохур туманидаги 37 – мактабнинг 20 нафар ўқувчилари турли мавзуларда расмлар чизишган. Оила, табиат, ўйинчоқлар орқали болаларнинг орзу-ҳаваслари ва қизиқишларини билиб олиш мумкин. Айниқса, Степанова Анастасия чизган тоғ манзарасида қуёшнинг заррин нурлари, адирлар ва дарахтлар тасвирланган. Рафиқова Нодира эса миллий нақшни турли хил рангларда ва чизиқларда берган. Шавкатов Шорасул чизган натюрморт эса юртимизнинг энг сарҳил меваларидан иборат.

Яшнобод туманидаги 52 – мактабдан 40дан ортиқ ижодий ишлар кўргазмада намойиш қилинмоқда. Жумладан, Ҳайдаров Умиднинг “Баҳор” деб номланган ишида табиатнинг гўзаллиги, уйғонишини тасвирлаган. Жуманиёзов Элёр эса томда юрган мушукни чизган. Айниқса, Юлдашева Диёра чизган ва ясаган ишлари таҳсинга сазовор. Диёра қизалоқ ва табиатни уйғунликда тасвирлаган, худди бир – бирини тўлдириб тургандек, гўё. Айниқса, унинг қизалоқлар учун тиккан куйлаги ва сумкачаси тикувчиликка бўлган қобилиятидан дарак бериб турибди. Бакирова Мадина ясаган эсдалик совғалари ҳам жуда чиройли.

Шунингдек, кўргазмада намойиш қилинаётган турли хил ясалган қўғирчоқлар, ёстиқчалар, безаклар, эсдалик совғалари ўқувчиларнинг дарс ва тўгаракларда бажарган ишлари натижасидир.

“Мен билган дунё” номли хайрия кўргазмаси шу йилнинг 9 апрелигача давом этади.
Просмотров 761    Рейтинг 67   Понравилась новость?    +1   -1    Добавить комментарий  (0)

фото