Все новости
Бахтли-саодатли халқимизнинг энг қадимий ва файзли байрами
21.03.2017
Бахтли-саодатли халқимизнинг энг қадимий ва файзли байрами
Мамлакатимиз бўйлаб Наврўз сайиллари бўлиб ўтмоқда

Қорли-қировли кунлар ортда қолди. Кўнгиллар кўклам суруридан яйрамоқда. Она замин узра баҳорий насим эса бошлади. Табиатда мўъжизавий уйғунлик кузатилмоқда: кечагина оппоқ қордан қадди-басти эгилган, қаҳратон совуқда дийдираган дов-дарахтлар бугун куртак ёзди. Нозик новдаларга гул битди, қийғос гуллаган боғлар капалак ва болариларга ошён бўлди.

Қуёшнинг қайноқ тафтини соғинган майсалар кўзни қувнатиб, кўкка бўй чўзади. Бутун борлиқда уйғониш, янгиланиш, яшариш манзаралари.

Борлиқдаги уйғониш, янгиланиш ва яшариш озод ва обод Ватанимизга боқий байрам, қут-барака, тўкинлик ва меҳру оқибат рамзи – Наврўзи олам келганидан дарак беради.

Юртимиз тинч. Осмонимиз мусаффо. Бир дунё орзулар билан эртани кутиб, келажакка ишониб, тўю-томошалар қилиш, янги уй-жойлар солиш, Ватан тараққиётига муносиб ҳисса қўшиш ниятида яшаётган халқимиз “Хуш келибсан ўлкамизга, Наврўзи олам, қадаминг қутлуғ бўлсин! Юртимиздаги тинчлик-омонликка кўз тегмасин!” деб Наврўзга пешвоз чиқмоқда...

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 28 февралдаги “2017 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Наврўз байрами бу йил мамлакатимизда умумхалқ сайли сифатида нишонланмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев байрам сайлига чиқди.

Пойтахтимизнинг Абдулла Қодирий номидаги маданият ва истироҳат боғи байрамона безатилган. Карнай-сурнай садолари эрта тонгдан халқни сайлга чорлади.

Эзгулик, муҳаббат, хайр-саховат, мурувват, шафқат ва шафоат, янгиланиш ва яшариш айёми қалбларга сурур, олам-олам қувонч ва янги-янги орзу-ҳаваслар бахш этади.

Боғ ҳудуди “Наврўзи олам муборак!”, “Ҳар кунимиз Наврўз бўлсин!”, “2017 йил – Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” каби шиорлар, хушбўй гулу чечаклар билан безатилган. Турфа ранг байроқчалар ҳилпирайди, ранго-ранг шарлар майин эпкинларда тебранади.

Сайлда халқимизнинг тарихи, маданияти, урф-одат ва анъаналарини акс эттирган айвонлар, йўлак бўйлаб устаю ҳунармандлар, ганчкорлар, каштадўзу чеварлар миллий либосларимизни, дўмбира, доира каби халқ чолғу асбобларини, миллий буюмларни намойиш этмоқда.

Давлатимиз раҳбари кўргазмага қўйилган маҳсулотларни кўздан кечирди. Усталар билан суҳбатлашиб, байрам билан табриклади.

Президентимиз байрам сайлида иштирок этаётган хорижий давлатлар элчихоналари ва халқаро ташкилотлар ваколатхоналари вакиллари билан кўришиб, уларни байрам билан муборакбод этди.

Мўйлови сабза урган йигитлар кўклам ўйини – чиллак, зувиллатар, норғул йигитлар от жиловини эркин қўйиб-чопишиб, беллашади. Қоқигулдан бошига чамбараклар тақиб олган қизлар қошларига ўсма тортишади. “Беш тош”, “Мак-мак” ва ”Оқ теракми, кўк терак?” ўйинлари, Наврўз сайли қатнашчиларини хушнуд этади. Дошқозонларда қайнаган сумалак ифори оламни тутади. Сочларига жамалак таққан қизлар шўх-шодон рақсга тушади.

14.JPG

Президентимиз Шавкат Мирзиёев концерт дастурини томоша қилди. Лапарлар, қўшиқлар, халқ термалари, аскиячилар пайрови қизиди. Фольклор жамоаларининг куй-қўшиқлари қушлар чуғурига, кўркам фавворанинг жилдирашига уйғунлашиб кетди.

Эртамизнинг эгалари бўлган болалар чиқишлари, уларнинг шўх-шодон кулгулари, мустақил юртнинг баркамол фарзандлари ижросидаги она Ватанни, кўкламни, бахтиёр болаликни мадҳ этувчи жарангдор куй-қўшиқлар, жозибадор рақслар барчага завқ-шавқ улашади. Наврўз, ёшлик ва баркамолликнинг нақадар уйғунлиги кўз ўнгингизда гавдаланади.

Сўриларда қўр тўкиб ўтирган отахонлар яна бир баҳор билан юзлашганига шукрона келтириб, юрт ободлиги, халқ фаровонлигидан сўз очади. Давлатимиз раҳбари отахонлар билан суҳбатлашди. Қўллар дуога очилди.

Наврўз байрами мамлакатимизда яшаётган миллати, тили, динидан қатъи назар, барча ватандошларимиз орзиқиб кутадиган умумхалқ байрамига айланган. Бугун мамлакатимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари аҳил ва иноқ яшамоқда. Улар умумий уйимиз – Ўзбекистонимиз равнақи йўлида барча соҳаларда фидокорона меҳнат қилмоқда.

– Наврўз нафақат ўзбек халқининг, балки шу заминда ҳамжиҳатликда истиқомат қилаётган барча миллат вакилларининг энг гўзал байрамларидан бирига айланган. Давлатимиз раҳбарининг бизга кўрсатаётган ҳурмат ва эҳтироми, ғамхўрлиги учун миннатдормиз, – дейди бошқирд миллий маданий марказининг "Агидель" маданий жамоаси раҳбари Эмма Магиярова.

...Халқимиз барча орзу-ҳаваслари, ҳаётининг мазмунини фарзандларида кўради. Ўзбекистон истиқлолнинг дастлабки кунларидан соғлом ва баркамол авлодни тарбиялашни ўз олдига асосий мақсад қилиб қўйди. Ўтган йилларда оналарнинг соғлом бўлиши, болаларнинг соғлом туғилиши ва баркамол улғайиши йўлида кўлами ва аҳамияти жиҳатидан бетимсол ишлар амалга оширилди.

Мамлакатимизда 2016 йилнинг Соғлом она ва бола йили деб эълон қилингани бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтирди. Оила, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, аҳоли, аввало хотин-қизлар учун ижтимоий, маиший ва тиббий шароитларни янада яхшилаш, тиббий маданиятни юксалтириш борасидаги ишлар изчил амалга оширилди.

Биринчи Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида амалга оширилган халқимизнинг муносиб ҳаёт сифатини таъминлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, ҳар томонлама соғлом авлодни тарбиялаш, тиббий хизмат сифатини оширишга қаратилган тизимли ишлар изчил давом эттирилмоқда.

Шавкат Мирзиёев мазкур соҳага, яъни, халқимиз саломатлигига алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Жорий йил 5 январь ва 7 февраль кунлари Президентимиз раислигида соғлиқни сақлаш тизимидаги муаммолар ва соҳанинг ривожланиш истиқболларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтгани, давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 31 октябрдаги «Аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори, 2017 йил 16 мартдаги "Шошилинч тиббий ёрдамни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони бу борадаги ишларни янги босқичга кўтаришда муҳим омил бўлмоқда.

...Тошкент шаҳрининг барча туманларида ўтган байрам сайлларида Олий Мажлис Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, давлат ва жамоат ташкилотлари, мамлакатимиздаги элчихоналар ва халқаро ташкилотлар ваколатхоналари вакиллари, пойтахтимиз меҳмонлари иштирок этди.

Пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек номидаги маданият ва истироҳат боғи ҳам эрта тонгдан гавжум бўлди. Аҳолини халқ сайлига чорлаган овозлар дилларга жўшқинлик бағишлади.

Ватанни, баҳорни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар янгради. Жажжи болажонлар кўклам даракчиси бўлган бойчечак, ялпиз, чучмомалар улашди. Бир томонда аския айтаётган нуронийларнинг қаҳ-қаҳаси кўтарилса, бир ёқдан айтишувда бас келмаётган қизларнинг кулгулари акс-садо беради.

Мустақиллик йилларининг ҳар йили юксак довонлар, залворли ютуқлар, бетимсол ўзгаришлар билан Ватанимиз тарихи зарварақларига битилмоқда. Тарихан қисқа даврда миллий қадриятларимиз, урф-одат ва анъаналаримиз тикланди. Замонавий демократик давлат қуришнинг мустаҳкам пойдевори қўйилди ва мустаҳкамланди. Ўзбекистон иқтисодиёти жадал ривожланаётган, ишлаб чиқариш ва ижтимоий инфратузилмаси юқори, банк-молия тизими барқарор етакчи мамлакатлар сафидан муносиб жой олди.

2016 йилнинг июнь ойида Тошкентда Ўзбекистон раислигида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлиси катта муваффақият билан ўтди.

9 (2).JPG

Халқимизнинг фидокорона меҳнати ва қатъияти эвазига эришилаётган ютуқ ва натижалар кўпчиликнинг ҳавасини тортмоқда. Бу нуфузли халқаро ташкилотлар, тадқиқот институтлари томонидан эълон қилинаётган халқаро рейтингларда яққол ўз исботини топмоқда.

Шундай фараҳбахш дамларда она табиатда рўй бераётган яшариш, янгиланишларни қалбидан ўтказаётган юртдошларимизнинг кўнглида шодлик, яна бир Наврўзга эсон-омон етганимиз, элу юртимиз тинчлиги ва фаровонлиги учун шукроналик туйғулари жўш уради.

...Қалблардаги Наврўз завқи фусункор майдонларга кўчади. Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғида байрамни мадҳ этувчи саррин куй оғушида кўз ўнгимизда баҳорнинг ажиб манзаралари, она юртимизнинг бетимсол таровати намоён бўлади.

Фольклор-этнографик жамоаларнинг ранг-баранг ашула ва рақслари, шўх яллаларда, полвону чавандозлар чиқишида Наврўзнинг хилма-хил ва ноёб қирралари намойиш этилади.

Мустақиллик йилларида биз илгари тасаввур ҳам қилолмаган, бугун ўзимизга ғурур бағишлаб, ўзгаларнинг ҳавасини тортаётган юксак марраларга эришмоқдамиз. Бунинг замирида мустақиллик, халқимизнинг фидокорона меҳнати, узоқни кўзлаб амалга оширилаётган оқилона сиёсат мужассам.

Ватанимиз мустақиллигининг дастлабки йилларидан мамлакатимиз ҳудудларини ўзаро боғлайдиган замонавий транспорт коммуникациялари барпо этиш долзарб масала сифатида кун тартибига қўйилди. Янги темир йўллар қуриш, мамлакатимизнинг ягона ва яхлит темир йўл тизимини барпо этишга эътибор қаратилди.

2016 йилнинг 22 июнь куни узунлиги 123,1 километр бўлган Ангрен-Поп электрлаштирилган темир йўли ва 19,2 километрлик Қамчиқ туннели ишга туширилди.

Бу мамлакатимиз иқтисодий қудратини мустаҳкамлаш, транзит ва сайёҳлик салоҳиятини юксалтириш ва темир йўл тармоғини янада ривожлантиришга, дунё ҳамжамияти билан муносабатларни юқори босқичга кўтаришга хизмат қилади.

Наврўз байрамини ўтказиш ёш авлодни тарбиялаш, халқимиз ижодиётининг энг яхши намуналари мисолида улар дунёқарашини шакллантириш, миллий ўзликни англашда катта аҳамият касб этади.

Ёшларнинг ўз ақл-заковати, истеъдодини тўла намоён этиши, маҳоратини муттасил ошириб бориши, юксак маънавиятли, баркамол авлод бўлиб вояга етишига қаратилган эътибор ва ғамхўрлик самарасида халқаро майдонларда Ватанимиз шон-шуҳратини улуғлашга қодир ўғил-қизлар сафи кенгаймоқда.

Фарзандларимиз камолоти халқаро мусобақаларда ҳам яққол намоён бўлаётир. Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида бўлиб ўтган XXXI ёзги Олимпия ўйинларида спортчиларимиз 4 олтин, 2 кумуш, 7 бронза медални қўлга киритиб, Ўзбекистон ёшлари ҳеч кимдан кам эмаслиги ва ҳеч қачон кам бўлмаслигини яна бир бор исботлади.

Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтган XV ёзги Паралимпия ўйинларида спортчиларимиз эришган юксак ғалабалар халқимизга чексиз ғурур-ифтихор бағишлади. Ўзбекистон спортчилари мазкур нуфузли мусобақада 8 олтин, 6 кумуш ва 17 бронза медални қўлга киритиб, Ватанимиз обрў-эътиборининг янада юксалишига муносиб ҳисса қўшди.

– Инсон ва унинг меҳнати қадр топган юртда яшаш энг улуғ бахт, халқаро майдонларда Ватанни шарафлаш, унинг обрўси юксалишига ҳисса қўшиш энг олий саодатдир, – дейди XXXI ёзги Олимпия ўйинлари совриндори Бектемир Мелиқўзиев. – Камтарона меҳнатимизни юксак баҳолаган давлатимиздан чексиз миннатдормиз. Бу катта ишонч янада юксак марралар сари рағбатлантиради ва чорлайди.

...Жарчи овози, карнай-сурнай, ноғоралар садоси пойтахтимиздаги “Анҳор-Локомотив” истироҳат боғида Наврўз сайли бошланганидан дарак беради.

Боғ йўлаклари бўйлаб чопаётган, варрак учираётган болалар қийқириғи оламни тутади. Дошқозонда ҳовури чиқиб турган ошдан лаганларга тортилмоқда. Сўрида аскиячилар кулгуси авжига олади. Элимиз суйган хонандалар ижросидаги куй-қўшиқлар боғ узра таралмоқда.

– Баҳор ва Наврўз – ёшлик, гўзаллик, беғуборлик, покизалик тимсолларидир, – дейди Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институти талабаси Тўлқин Қиличев. – Биз, ёшларнинг қалбида доимо баҳор ҳукмрон. Мустақилликнинг илк йилларидан бошланган баркамол авлодни тарбиялашга қаратилган давлат сиёсати изчил давом эттирилмоқда. 2016 йил 14 сентябрда “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг қабул қилиниши навқирон авлодга беқиёс шодлик, ғурур ва ифтихор бағишлади.

Бугун мамлакатимиз иқтисодиётида туб таркибий ўзгаришлар амалга оширилди, замонавий корхоналар барпо этилди. Асака, Самарқанд ва Хоразмдаги автомобиль заводлари, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи, Қўнғирот сода заводи, Деҳқонобод калийли ўғитлар заводи, Тошкент вилоятидаги мотор заводи каби юқори технологияли саноат корхоналари иқтисодиётимизнинг локомотивига айланди. 2016 йилда уларнинг сафига Устюрт газ-кимё мажмуаси ва Қандим газни қайта ишлаш мажмуаси қўшилди.

Пойтахтимизнинг Сергели туманидаги “Green Park” маданият ва истироҳат боғида бўлиб ўтаётган Наврўз сайлида ҳаётимиз, тутумларимиз, турмуш тарзимиздаги анъаналар ўз ифодасини топди. Наврўз сайллари сочларига толбарг таққан қизлар айтишуви, бўз йигитларнинг спорт ўйинлари, онахонлар пиширган сумалагу ҳалим, ҳазилу аскиялар билан янада завқли, янада шукуҳли бўлди.

...“Ҳар тунинг қадр ўлубон, ҳар кунинг бўлсин Наврўз”. Буюк бобокалонимиз Алишер Навоийнинг бу боқий сатрлари Наврўз ҳар бир инсон самимий, тоза ниятларини, туйғуларини юзага чиқарадиган, севинчлари, орзу-ниятларини, умидларини дўстлари, яқинлари билан баҳам кўрадиган қутлуғ кун эканини намоён этади. Бу жиҳатлар мамлакатимизда 2017 йилни Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили, деб эълон қилинганида ҳам ўз инъикосини топмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида ҳаётга татбиқ этилаётган изчил ислоҳотлар, амалий саъй-ҳаракатлар янги тараққиёт марраларини эгаллаш, замон шиддатига мос тарзда ривожланиш, халқимиз манфаатларини таъминлашга қаратилгани билан ғоят аҳамиятлидир.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан иш бошлаган Халқ қабулхоналари инсон манфаатлари устуворлигини таъминлашнинг таянч нуқтаси, ҳокимият органлари ва халқ ўртасида ишонч кўприги бўлиб хизмат қилмоқда.

Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида Президентимиз жойларда аҳоли билан самимий мулоқотлар қилмоқда, уларнинг фикр ва таклифлари билан қизиқмоқда.

– Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан қабул қилинган мамлакатимизнинг беш йиллик тараққиёт йўлини белгилаб берган Ҳаракатлар стратегияси барча соҳаларни либераллаштириш, модернизация қилиш, амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасини янада юксалтириш, давлат ва жамият ривожини янги босқичга кўтаришда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда, – дейди Сергели тумани ҳокими ўринбосари, туман хотин-қизлар қўмитаси раиси Дилором Раҳимжонова. – Мамлакатимизда кенг кўламли сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотларни изчил давом эттиришга қаратилган устувор йўналишлар белгиланиб, уларнинг ижросини тўлақонли таъминлаш бўйича барча давлат ва жамоат ташкилотлари олдига аниқ вазифалар қўйилмоқда.

Байрам Қорақалпоғистон Республикасида ҳам катта шодиёна билан нишонланмоқда. Ҳунармандлик буюмлари, пазандалик ва қандолатчилик маҳсулотлари кўргазмалари, фольклор-этнографик ансамблларнинг чиқишлари, бахши-жировлар, полвонлар беллашуви, қиз-йигитлар айтишуви, турли халқ ўйинлари Наврўз сайлига ўзига хос руҳ бағишламоқда.

– Бу йил Наврўз ҳар қачонгидан ҳам бошқача ўтмоқда, – дейди Кегейли туманидаги “Нурли бўстон” маҳалла фуқаролар йиғини маслаҳатчиси Олтингул Муҳамбетова. – Маҳалламизда ўзбек, қорақалпоқ, қозоқ, тожик, қирғиз, рус, бошқирд, корейс ва бошқа миллатларга мансуб 2 минг 600 дан зиёд аҳоли аҳил-иноқ истиқомат қилаётир. Ҳудудимизнинг ободлиги ана шу аҳилликдан.

Фарғона водийсининг байрамга тайёргарлиги ўзгача бўлди. Андижон вилоятида бўлиб ўтган байрам сайлига “Наврўз – тинчлик, биродарлик ва қардошлик байрами” мазмуни сингдирилиб, сайлда миллий маданий марказлари вакилларининг турли халқлар урф-одат ва анъаналарини акс эттирувчи кўргазмалари, миллий либослар намойиши бўлди. Дастурхонга миллий таомлар тортилиб, отахону онахонлар таклиф этилди.

– Шу кунларга етказганига шукр, – дейди булоқбошилик меҳнат фахрийси, “Шуҳрат” медали соҳибаси Раънохон Жуманиёзова. – Юртимиз обод, ҳаётимиз тинч, дастурхонимиз тўкин. Бу халқимизнинг нияти холис экани, давлатимиз раҳбарининг оқилона сиёсати самарасидир. Бу йилги тантаналар халқ сайли тарзида ўтаётгани байрамга ўзгача мазмун касб этмоқда.

Қашқадарёнинг тоғларга туташ адирларида Наврўз сайли кўпкари ва кураш мусобақаларига уланиб кетди. Қарши шаҳрида Наврўз байрами тантаналари эрта тонгда карнай-сурнай, доира садолари билан бошланди. Одамларнинг юз-кўзларида шодумонлик. Набираси қўлидан тутган отахону онахонлар, беғубор болакайлар, баҳордек латофатли хотин-қизлар, жўшқин йигитлар Наврўз сайлига ошиқмоқда...

– Наврўз тантаналарини томоша қилар эканман, мамлакатимиз мустақиллик йилларида ҳар томонлама ривожлангани, одамларимизнинг турмуш даражаси ўсиб, дунёқараши ўзгариб бораётганига яна бир бор амин бўлдим, – дейди Қарши шаҳридаги Гулшан маҳалласида яшовчи 81 баҳорни қаршилаган Шукур бобо Сафаров. – Ҳақиқий ҳурмат-эътиборга мустақиллик йилларида сазовор бўлдик. Шундай кунларга етганимизга шукроналар айтамиз. Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин.

Наврўз умумхалқ байрами Самарқанд вилоятининг барча ҳудудларида ҳам ўзгача сурур, кўтаринки кайфият билан нишонланмоқда.

Тантаналарда бадиий ва ҳаваскор ансамбллар, эстрада хонандалари иштирокида концертлар, театр томошалари уюштирилди, байрам ярмаркаси ўтказилиб, ош дамланди. Сумалак ва бошқа Наврўз таомлари тортилди.

Алишер Навоий номидаги марказий истироҳат боғи ва “Суғдиёна” маданият ва истироҳат боғи амфитеатрида фольклор гуруҳлари, бадиий ҳаваскорлик жамоалари ва эстрада хонандаларининг чиқишлари уюштирилиб, ҳудудга хос бўлган анъана ва урф-одатлар асосида саҳна кўринишлари, спорт ўйинлари намойиш этилди.

Мамлакатимизнинг барча шаҳар ва қишлоқларида Наврўз сайллари давом этмоқда.

Темур Мамадаминов, Оқил Ғуломов (сурат), ЎзА

20.03.2017 21:42

http://www.uza.uz/oz/society/bakhtli-saodatli-khal-imizning-eng-adimiy-va-fayzli-bayrami--20-03-2017
Просмотров 917    Рейтинг 44   Понравилась новость?    +1   -1    Добавить комментарий  (0)

фото