Все новости
ПРЕСС-РЕЛИЗ.Қорақалпоғистон Халқ рассоми Сарсенбай Байбосиновнинг 60 ёшлик юбилейи муносабати билан “Ранглар сеҳри” номли шахсий кўргазмаси
17.03.2017
ПРЕСС-РЕЛИЗ.Қорақалпоғистон Халқ рассоми Сарсенбай Байбосиновнинг 60 ёшлик юбилейи муносабати билан “Ранглар сеҳри” номли шахсий кўргазмаси
2017 йилнинг 17 март куни соат 17:00да Ўзбекистон Бадиий Академияси Икуо Хираяма Халқаро маданият карвон саройида Қорақалпоғистон Халқ рассоми Сарсенбай Байбосиновнинг 60 ёшлик юбилейига бағишланган “Ранглар сеҳри” номли шахсий кўргазмаси бўлиб ўтди.

Ташкилотчилар: Ўзбекистон Бадиий Академияси, ЎзБАнинг Қорақалпоғистон бўлими ва Икуо Хираяма Халқаро маданият карвон саройи.
Сарсенбай Байбосинов – 1957 йил Қорақалпоғистон Республикасининг Хўжайли туманида туғилган. 1973 йилда Сарсенбай “Ёш ишчилар” мактабининг кечки бўлимида ўқий ва рассомлик ижоди билан жиддий шуғуллана бошлади. 1980-1984 йилларда Сарсенбай Байбосинов Ж. Шамуротов номидаги Нукус Давлат санъат билим юртида таҳсил олди. Билим юртини тугатгач, 4 йил давомида “Усто” фондида рассом сифатида фаолият олиб борди. 1988 йилдан бери ҳозиргача ЎзБАнинг Қорақалпоғистон бўлимида кўргазма зали директори лавозимида ишлаб келмоқда.
Рассом натюрморт, манзара, портрет жанрларида унумли меҳнат қилади. У асарларида табиий хом ашёлардан, масалан, тош, қум, балиқ тангачалари, суяк, жун, шох, шунингдек, мато бўлаклари ва иплардан фойдаланади.

Сарсенбай Байбосинов 1973 йилдан бошлаб республика ва халқаро кўргазмаларда иштирок этиб бошлади. Рассом ижоди фақатгина гўзалликни ҳис этиш ва уни бўёқларда акс эттириш бўлиб қолмасдан, балки, у муаммоли мавзуларга ҳам қўл урган. Жумладан, 2000 йилда ишланган “Менинг Оролим” номли асарида кул ранг фонида табиий тери бўлаклари аралашган кўк – қизғиш доғлар орқали ўзига хосликни яратади. Бу тери бўлаклари ҳаёт рамзи ҳисобланади ва асарда секин – аста йўқолиб боради, худди қуриб бораётган денгиздек... Бу рассомнинг иложсиз ички қалб қичқириғи ва чуқур ҳиссиёт ифодасидир. Унинг “Гуллар оркестри” асарида эса – кайфият, дунёни рангин рангларда акс эттириб, гўёки абадийдек кўринган табиат, ҳаёт, вақтнинг бир лаҳзадек ўтиб кетишини тасвирлайди. Рассом бу рангин дунёда бир мақсадни кўзлайди, у ҳам бўлса, керакли нуқталар билан тамомлаш...
Сарсенбай Байбосинов республикамизда ва хорижда кўплаб кўргазмаларда иштирок этган. Жумладан, 1984 йилда “Илҳом” ижодий клубида, 1991 йил Москвада “Қорақалпоқ рассомлари” кўргазмасида, 1992 йилда Туркияда “Ўзбекистон рассомлари” кўргазмасида қатнашган. 2004 йилда ижодий сафар билан Австрияга борди. Шунингдек, ҳар икки йилда Тошкентда ўтказилган Халқаро замонавий санъат Биенналеларида фаол иштирок этган. Нукус шаҳридаги мактаб ва коллеж ҳамда кўргазма залларида шахсий кўргазмалари кўп бор ташкил қилинган.
2007 йили рассомнинг 50 ёшлик юбилейи муносабати билан И.В. Савицкий номидаги Давлат Санъат музейида “Бумеранг” ва Ўзбекистон Бадиий Академияси Қорақалпоғистон бўлимида “Бўёқлардаги мусиқа” номли шахсий кўргазмалари ўтказилди.

1993 йилдан буён Ўзбекистон Бадиий Ижодкорлар уюшмаси аъзоси.
Сарсенбай Байбосинов 2002 йили ҳукуматимиз томонидан “Шуҳрат” медали билан тақдирланди. 2008 йили Ўзбекистон Бадиий Академиясининг “Олтин медали”, 2015 йили “Ардаклау” дастури бўйича ўтказилган тадбирда “2015 йилнинг энг яхши рассоми” номинациясига эга бўлди. Сарсенбай Байбосиновнинг меҳнатлари юқори баҳоланди ва 2016 йили “Қорақалпоғистон Республикаси Халқ рассоми” унвони билан тақдирланди.
Рассомнинг ҳозирда асарлари И.В. Савицкий номидаги Давлат Санъат музейи ва шахсий коллекцияларда сақланади. Шунингдек, МДҲ давлатлари, Голландия, АҚШ, Австрия, Германия, Япония каби мамлакатларнинг шахсий коллекцияларидан ўрин олган.
60 ёшни қаршилаган Сарсенбай Байбосинов “Ранглар сеҳри” номли шахсий кўргазмасида 80га яқин асарларини намойиш қилди.
Кўргазма шу йилнинг 1 апрелигача давом этади.
Просмотров 935    Рейтинг 104   Понравилась новость?    +1   -1    Добавить комментарий  (0)

фото