Все новости
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Халқаро хотин-қизлар байрамига бағишланган учрашувдаги нутқи
07.03.2017
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Халқаро хотин-қизлар байрамига бағишланган учрашувдаги нутқи
Ассалому алайкум, азиз опа-сингиллар!

Муҳтарам дўстлар!

Аввало, сиз, азизлар билан юртимизга баҳор нафаси кириб келаётган ёруғ кунларда, Халқаро хотин-қизлар байрами арафасида мана шу муҳташам кошонада учрашиб турганимдан ғоят хурсандман.

Шу қутлуғ айём – 8 март байрами билан сизларни, сизларнинг тимсолингизда бутун мамлакатимиз аёлларини, муҳтарама онахонларимиз, қадрли опа-сингилларимиз, гўзал қизларимизни чин қалбимдан муборакбод этиб, барчангизга ўзимнинг чуқур ҳурмат-эҳтиромим ва эзгу тилакларимни билдиришга ижозат бергайсиз.

Барчамиз учун азиз ва мўътабар бўлган аёл зоти ҳақида сўз юритар эканмиз, авваламбор, бизни дунёга келтирган, оқ сут бериб вояга етказган Она сиймоси олдида бош эгиб таъзим қиламиз.

Ер юзида муқаддас деган сўзга энг муносиб зот бу – аввало, Онадир. Халқимиз она сиймосини доимо улуғлаб, ардоқлаб яшайди. Юртимизда оналарни шарафлаб муҳташам ҳайкаллар бунёд этилгани ҳам шундан далолат беради.

Биз Она тимсолида Ватанимизни, унинг гўзал ва бетакрор қиёфасини кўрамиз. “Она Ватан” деган ибора бежиз айтилмаган, бунда чуқур маъно бор. Инсонни инсон қиладиган мана шундай юксак туйғу ва тушунчаларни болаларимиз қалбига ёшлигидан сингдирсак, шоирларимиз, рассомларимиз, санъаткорларимиз оналарни, аёлларни тараннум этадиган янги-янги асарлар яратсалар, нур устига нур бўлур эди.

Аёлни эъзозлаш, аёлга эҳтиром кўрсатиш халқимизга хос олижаноб қадрият ҳисобланади. Биз, барчамиз қандай касб, қандай лавозимда ишламайлик, қалбимиз, юрагимиздаги жамики эзгу фазилатлар учун сиз, меҳрибон аёллардан умрбод қарздормиз.

Айниқса, сиз, азизларнинг соғлом зурриёд, баркамол авлодни тарбиялаб вояга етказишдаги ўрнингиз ва хизматингизни ҳеч нарса билан қиёслаб, баҳолаб бўлмайди.

Сизларнинг меҳр-муҳаббатингиз, вафо ва садоқатингиз, фидойилигингиз сабабли ҳаётимиз чароғон. Сизлар туфайли оилаларимизда тинчлик-осойишталик, қут-барака ҳукм сураётгани учун барчангизга ҳар қанча тасанно айтсак, арзийди, албатта.

Қадрли юртдошлар!

Бугунги кунда Ўзбекистон хотин-қизлари ҳаётимизнинг барча соҳа ва тармоқларида ўзларини тўла намоён этиб келмоқда.

Сизлар давлат ва бошқарув идоралари, вакиллик органларида, ишлаб чиқариш, тадбиркорлик ва фермерлик тармоқларида, ижтимоий соҳаларда самарали меҳнат қилиб, Ватанимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшмоқдасиз.

Бу ҳақиқатни халқимиз, жамиятимиз яхши билади ва юксак қадрлайди.

Ҳозирги вақтда мамлакатимиз хотин-қизлари орасида 514 нафар фан доктори, 6 нафар академик, 15 нафар Ўзбекистон Қаҳрамони, 17 нафар сенатор, 15 нафар Қонунчилик палатаси депутати борлигини, шунингдек, маҳаллий Кенгашлар депутатларининг 23 фоизидан зиёдини айнан аёлларимиз ташкил этишини алоҳида таъкидлаш лозим.

Ўнлаб опа-сингилларимиз “Ўзбекистон фан арбоби”, “Ўзбекистон халқ шоири”, “Ўзбекистон халқ ўқитувчиси”, “Ўзбекистон халқ артисти” сингари давлатимизнинг юксак фахрий унвонларига сазовор бўлганлар. Шулар қаторида 240 нафар ёш истеъдод эгаси Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланган ва уларнинг сафига бу йил яна 15 нафар иқтидорли қизимиз қўшилмоқда.

Биз бугун ўзининг фидокорона меҳнати, эришган улкан ютуқлари, давлат ва жамоат ишларидаги фаол иштироки, ибратли фазилатлари билан халқимиз ўртасида обрў-эътибор қозонган юзлаб опа-сингилларимизнинг номларини ҳурмат билан тилга оламиз.

Айниқса, Ўзбекистон Қаҳрамонлари, қишлоқ хўжалиги соҳаси фидойилари Халчахон Мирзаева, Патилахон Эргашева, Сиёсатхон Абдуллаева, маҳоратли педагоглар Манзура Мадалиева, Мавлуда Исматова, Вера Пак, Анора Маҳмудова, Муҳаббат Шаропова, атоқли навоийшунос олимамиз Суйима Ғаниева, устоз шифокорлар Малика Абдуллахўжаева, Ойшахон Қўчқорова, Онесия Саитова, қўли гул ҳунармандлар Муяссар Темирова, Мартия Раҳматова барчага ўрнак ва намуна бўлиб келмоқдалар.

Шулар қаторида таниқли академикларимиз Машҳура Мавлоний, Раъно Убайдуллаева, Сайёра Рашидова, Анна Глушенкова, Муҳаббат Абидова, Ўзбекистон халқ шоиралари Ойдин Ҳожиева, Ҳалима Худойбердиева, Энахон Сиддиқова, Ўзбекистон халқ артистлари Яйра Абдуллаева, Тўти Юсупова, Галина Мельникова, Муножот Йўлчиева, Гавҳар Зокирова сингари аёлларимиз халқимиз орасида маълум ва машҳурдирлар.

Миришкор фермер ва тадбиркорлар Лолахон Муродова, Рашида Ёдгорова, Дилфуза Мусаева, Сарвиноз Шокирова, Зулфия Очилова, Зебихон Рустамова, Райҳон Раҳмонова, Анна Добрих, Зулхумор Эрматова, захматкаш устоз ва мураббийлар Агрепина Шин, Жамила Баймуратова, Валентина Недикова, Тоҳира Исломова, Елена Кучеренко, Сайёра Умарова, жонкуяр маҳалла раислари ва маслаҳатчилари Гулбаҳор Султонова, Марҳамат Мақсудова, Бувинисо Ҳамроева, Гулжаҳон Ибраимова, Феруза Ҳасанова, моҳир шифокорлар Феруза Эрматова, Дилоромхон Тошболтаева каби опа-сингилларимиз самарали меҳнат қилиб, бахт топган инсонлардир.

Ана шундай ҳурматли аёлларимизнинг кўпчилиги бугунги учрашувда иштирок этаётгани даврамизга янада файз бағишлаб турибди.

Бугунги кунда мамлакатимизда илм-фан, таълим-тарбия, соғлиқни сақлаш, маданият ва санъат соҳаларида меҳнат қилаётганларнинг 72 фоизи – шунга эътибор беринг, 72 фоизи – айнан хотин-қизлардир.

Маҳалла раислари ва фаолларининг аксарият қисмини аёллар ташкил этади. 8,5 мингдан ортиқ опа-сингилларимиз маҳаллаларда диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчи сифатида фаол иш олиб бормоқдалар.

Ҳурматли дўстлар!

Барчамизга яхши маълум, ўтган йигирма беш йил мобайнида халқимиз ўта оғир синов ва машаққатларни, турли қийинчиликларни енгиб, улкан ютуқ ва натижаларни қўлга киритди.

Бундай марраларга эришишда оилада, меҳнат жамоаларида, умуман, жамиятимизда энг катта бойлигимиз бўлган тинчлик ва барқарорлик, ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат муҳитини сақлаш ва мустаҳкамлашда юртимиз хотин-қизларининг донолиги, сабр-қаноат ва матонати, шукроналик, оилага садоқат каби ибратли хусусиятлари ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлди. Мана шундай олижаноб, ҳақиқатан ҳам буюк инсоний фазилатларингиз учун сизларга яна бир бор ўз номимдан, эл-юртимиз номидан чуқур миннатдорлик билдиришни ўзимнинг бурчим деб биламан.

Азиз опа-сингиллар!

Ер юзидаги ҳар қайси жамиятнинг маданий даражаси унинг аёлларга бўлган муносабати билан белгиланади.

Бу, албатта, исбот талаб қилмайдиган ҳақиқатдир.

Шунинг учун ҳам мустақилликнинг биринчи кунларидан бошлаб хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, улар учун муносиб меҳнат ва турмуш шароитини яратиб бериш, қобилият ва салоҳиятини рўёбга чиқариш масаласи юртимизда давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Шу асосда оналик ва болаликни ҳимоялаш, оила институтини қўллаб-қувватлаш, аёлларнинг оғирини енгил қилиш, уларнинг жамият ҳаётидаги нуфузини ошириш борасида улкан ишлар амалга оширилди.

Бу ҳақда гапирганда, барчамиз Биринчи Президентимиз, муҳтарам Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг аёл зотига, мамлакатимиз хотин-қизларига юксак ҳурмат, доимий эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиб келганликларини бугун яна бир бор эслаймиз. У кишининг: “Аёл бахтли бўлса, оила бахтли, оила бахтли бўлса, жамият мустаҳкам” деган чуқур маъноли сўзлари амалий ҳаракатларимизда қўлланма бўлиб келмоқда.

Биз ана шу эзгу даъватга амал қилиб, мамлакатимизда бошланган кенг кўламли ишларни янги босқичга кўтаришни ўз олдимизга асосий мақсад қилиб қўйганмиз.

Ўзбекистонимизни янада ривожлантириш бўйича яқинда қабул қилинган Ҳаракатлар стратегияси ва унинг узвий қисми бўлган “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастури авваламбор ана шу мақсадга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Бизнинг яқин ва узоқ келажакка мўлжалланган сиёсатимизда муҳим ижтимоий аҳамиятга эга бўлган социал масалаларни ҳал этиш биринчи ўринга қўйилмоқда. Бу одамларни уй-жой билан таъминлаш, соғлиқни сақлаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш бўладими, аҳолини арзон ва сифатли дори-дармон воситалари билан таъминлаш бўладими, савдо ва транспорт хизмати, электр, табиий газ, ичимлик суви таъминотини яхшилаш бўладими, болалар боғчалари, янги мактаблар, санъат ва спорт иншоотлари, равон йўллар қуриш бўладими – буларнинг барчаси бўйича биз аниқ дастур ва режаларни ишлаб чиққанмиз ва уларни сўзсиз амалга оширамиз.

Биз жорий йилнинг ўзида қишлоқ жойларда янги намунадаги 15 мингта арзон уй-жой қуришни бошлаб юбордик.

Ана шундай янги уй-жой массивларида зарур инфратузилма тармоқлари, жумладан, 415 километрдан зиёд ичимлик суви, қарийб 300 километр электр, 320 километр табиий газ тармоқлари барпо этилади. Яъни бу уй-жойлар яхлит бир комплекс бўлиб шаклланади. Шунингдек, мамлакатимиз бўйича минглаб километрлик магистрал ва ички йўллар қурилади ва таъмирланади.

Юртимизда аёллар ва ёшларни тадбиркорликка кенг жалб этиш, оилавий тадбиркорлик ва касаначиликни ривожлантириш мақсадида 2017 йилда тадбиркор аёллар учун 1 триллион сўм, таълим муассасаларини битириб чиқадиган 10 мингга яқин ёшларимиз учун 60 миллиард сўм кредит маблағлари ажратиш кўзда тутилмоқда.

Биз соғлиқни сақлаш соҳасида юқори технологияларга асосланган, ихтисослаштирилган тиббиёт марказларининг ҳудудларда ҳам фаолият кўрсатишига жиддий эътибор қаратмоқдамиз. Бу олис вилоят ва туманларимизда яшаётган аҳолига қандай янги имконият ва қулайликлар туғдиришини, ўйлайманки, тушуниш қийин эмас.

Мисол учун, Қорақалпоғистон Республикасини оладиган бўлсак, бу ерда Тошкент педиатрия тиббиёт институтининг Нукус филиалида кўп тармоқли болалар клиникаси қурилиши жадал олиб борилмоқда. Бу шифохона яқин келгусида Оролбўйи минтақасидаги болалар саломатлиги бўйича йирик марказга айланади.

Хоразм вилоятида эса Россиянинг А.Бакулев номидаги машҳур клиникаси билан ҳамкорликда юрак-қон томир жарроҳлиги бўйича тиббий марказ қурилиши бошланди.

Айни вақтда Термиз шаҳрида Республика урология, Кўз микрохирургияси ҳамда Гинекология ва акушерлик илмий-амалий марказларининг филиаллари барпо этилади.

Шулар қаторида Қашқадарё вилоятида Республика кардиология ва Эндокринология марказларининг филиалларини бунёд этиш бўйича ҳам амалий ишлар бошлаб юборилди.

Биз қишлоқ врачлик пунктлари фаолиятини, тез ёрдам хизмати, профилактика ва патронаж тизимини янада такомиллаштириш борасида ҳам кенг миқёсда иш олиб бормоқдамиз.

Ўйлайманки, “Инсон манфаати ҳар нарсадан улуғ” деган эзгу ғояни амалга оширишга қаратилган бундай ишларнинг аҳамиятини халқимиз, авваламбор, сиз, азиз аёлларимиз ҳаммадан кўра яхши тушунасиз.

Мен жойларда бўлиб, халқимиз вакиллари, муҳтарама аёлларимиз билан мулоқотда бўлганимда, уларнинг қувонч ва ташвишлари билан яқиндан танишганимда, турли қийинчилик ва муаммоларга қарамасдан – ҳаёт ўзи ҳеч қачон муаммосиз бўлмайди – опа-сингилларимизнинг орзу-интилишлари, ҳаётга, эртанги кунга катта ишонч билан қараётганини кўриб хурсанд бўламан. Чунки биз ўз олдимизга қўйган улкан мақсад ва вазифаларни амалга оширишнинг энг муҳим шарти, энг асосий замини ҳам аслида халқимизнинг мана шундай ишончидир.

Қадрли опа-сингиллар!

Барчамизга яхши аён, бугунги шиддатли замон, дунёдаги аёвсиз рақобат муҳити биздан жуда катта масъулият ва сафарбарлик билан ишлашни, ҳамма соҳада янгича ёндашувларни талаб этмоқда.

Мана шундай кескин шароитда биз юртимизда тинчлик ва осойишталик, фуқаролар ва миллатлар ўртасида ҳамжиҳатлик муҳитини кўз қорачиғидек асрашимиз зарур. Айниқса, фарзандларимизнинг қалби ва онгини ёвуз хавф-хатарлардан ҳимоя қилишга энг долзарб вазифа, деб қарашимиз керак.

Агар биз таълим-тарбия, маданият ва маънавият соҳасидаги ишларимизни аниқ тизим асосида ташкил этиб, уларнинг самарадорлигини оширмасак, эртанги кунимизни қуролмаймиз, ўз мақсадларимизга етолмаймиз.

Бу борада “Бир болага етти маҳалла ҳам ота, ҳам она” деган шиор доимий кун тартибида туриши лозим. Биз ёшларимизни миллий ва умумбашарий қадриятлар руҳида тарбиялаш учун бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этишимиз зарур. Бундай ғоят муҳим вазифани амалга оширишда биз аввало кўпни кўрган кайвони онахонларимизга, маҳалла фаолларига, муҳтарам фахрийларимизга, сиз, азиз опа-сингилларимизнинг ақл-заковатингиз, билим ва тажрибангизга таянамиз.

Оилаларда тиббий, ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, касб-ҳунар коллежлари, олий ўқув юртларини битириб чиқаётган ёшларимизни, авваламбор, қиз болаларни иш билан таъминлаш давлат идораларининг биринчи галдаги вазифаси бўлиши шарт.

Айниқса, қизларимизнинг саломатлигини асраш, уларнинг замонавий билим ва касб-ҳунарлар эгаси бўлиб вояга етиши, жамиятда ўз муносиб ўрнини топиши учун биз барчамиз – ота-оналар, жамоатчилик, мутасадди раҳбарлар жавобгарлик ва масъулиятимизни янада кучайтиришимиз зарур.

Нега деганда, қиз бола – бўлғуси оила бекаси, келажагимиз эгасидир. Бугун биз уларга қандай таълим-тарбия берсак, эртага улар янги авлодимизга шундай тарбия беради.

Биз одатда жамиятимиз ҳаётига қарши қаратилган хавф-хатарлар ҳақида гапирганда, кўпинча четдан кирадиган таҳдидларни тушунамиз. Лекин эски замондан қолган айрим салбий ҳолатлар, афсуски, бугунги тинч ва ёруғ ҳаётимизга соя солиб турибди. Лоқайдлик, бир-бирини кўролмаслик, оилада эр-хотин, қайнона-келин, қўни-қўшнилар ўртасидаги келишмовчилик, аёлларга беписанд қараш – бундай ярамас иллатлар бизга, бизнинг халқимизга мутлақо ярашмайди.

Бундай номаъқул ҳолатларни бартараф этиш учун биз ҳар томонлама чуқур ўйлаб, мунтазам равишда иш олиб боришимиз керак. Шу мақсадда биз маҳаллий ҳокимликлар ва ички ишлар тизимини, “Маҳалла” ва “Нуроний” жамғармалари тузилмасини тубдан ўзгартирдик, уларга ёшлар билан ишлайдиган қўшимча штатлар бердик.

Айни шундай ислоҳотларни биз Республика Хотин-қизлар қўмитаси ва унинг жойлардаги тузилмалари бўйича ҳам амалга оширишни режалаштирганмиз. Қўмита ва унинг ҳудудий бўлинмалари ваколатларини янада кенгайтириш, уларнинг моддий-техник базасини яхшилаш, опа-сингилларимизнинг меҳнатини муносиб баҳолаш ва рағбатлантириш, бунинг учун янги имтиёз ва имкониятлар тизимини яратиш бўйича аниқ чора-тадбирлар кўзда тутилмоқда.

Буларнинг барчаси юртимизда хотин-қизларнинг оила ва жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини ошириш, уларнинг ҳаётий манфаатларини янада кенг таъминлаш каби эзгу мақсадларга хизмат қилади.

Мунис ва меҳрибон опа-сингиллар!

Гўзаллик ва нафосат айёми – 8 март байрамини биз ҳар сафар катта қувонч ва ҳаяжон билан кутамиз. Чунки бу қутлуғ айём қалбимизда, юрагимизда сизларга бўлган чексиз меҳримиз, ҳурматимизни изҳор этиш учун яна бир катта имконият беради.

Шу маънода, агарки бу байрам бизнинг ҳаётимизда бўлмаган тақдирда ҳам мўътабар оналаримиз, мунис опа-сингилларимиз, дилбар қизларимизнинг ҳурмати учун бундай байрамни албатта ташкил этган бўлардик.

Нега деганда, сизларнинг доимо мана шундай очилиб, ҳаётдан, тақдирдан рози бўлиб, яйраб-яшнаб юришингиз учун, сизларнинг бахту саодатингиз учун биз доимо сидқидилдан хизмат қилишга тайёрмиз.

Илоҳим, мана шундай қувончли кунларимиз кўп бўлсин!

Сизларни бугунги қутлуғ байрам билан яна бир бор табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт, фарзандларингиз, набираларингиз камолини кўришни тилайман.

Ҳамиша соғ-омон бўлинг, азизлар!

06.03.2017. 16:47

http://www.uza.uz/oz/politics/zbekiston-respublikasi-prezidenti-shavkat-mirziyeevning-khal-06-03-2017
Просмотров 854    Рейтинг 29   Понравилась новость?    +1   -1    Добавить комментарий  (0)