Все новости
Ҳайкалтарошлик санъати тарихи
27.02.2017
Ҳайкалтарошлик санъати тарихи
Ҳайкалтарошлик 5-7 мингйилликларда пайдо бўлган. Ҳайкалга авваллари одамлар худо сифатида сиғинишган. Келиб чиқиш тарихи шундан иборат.

Тошкентдаги Князь Романов саройи олдига ўрнатилган ҳайвонлар ҳайкали, масалан, ит, кийик, Бухородаги Моҳи – Хоса эшиги олдидаги шерлар ҳайкали ― Ўрта Осиёдаги дастлабки ҳайкалтарошлик ёдгорликларидан. VIII асрда араб босқинидан сўнг мусулмон шарқида ҳайкалтарошликнинг деярли ҳамма турлари тўхтатилган эди. XIX аср охирларидан эса шу соҳада ижод қилишга интилиш пайдо бўла бошлади. 1886 йили Тошкентда бўлиб ўтган кўргазмада уста Тўхта Содиқ Хўжаев алебастрдан ясаган от ва кийик ҳайкалчасини намойиш этганлиги маълум.

XX асрнинг иккинчи ярмида Ўзбекистон ҳайкалтарошлик санъати ҳам аниқ бир қиёфани ўзида жамлади. Бу борада Ҳ.Ҳусниддинхўжаев, Я.Шапиро, А.Бойматов, Э.Алиев, Ж.Қуттимуродов, А.Аҳмедов, И.Жабборов, Р.Миртожиев, Д.Рўзибоев, А.Раҳматуллаев каби кўплаб ҳайкалтарошлик санъати усталари самарали ижод қилган. Улардан бири Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, ҳайкалтарош Аҳмат Шоймуродовдир. Унинг ижодига мансуб ҳайкаллар халқимиз ва миллатимизнинг маънавий қиёфасини ўзига хос гавдалантириши билан ўзбек миллий санъатида алоҳида ўрин тутади.


Болалик йилларим....

“Келажак авлодларим учун қисқача таржимаи ҳолимни ёзаяпман...”
Ёз... айни тут пишган чоғи, тут дарахтини қоқаётган пайти бирдан дард пайдо бўлади... чақалоқ дунёга келади. Доя она қўлига янги туғилган чақалоқни тутқазар экан: “Ҳимматой, бу болангни асра, унда бир хислат борга ўхшайди”, дейди (Онам шундай дер эдилар). 1936 йил - мен туғилган йилда жуда яхши пишиқчилик бўлган, одамлар тинч – осойишта яшашган экан. (Самарқанд шаҳри, Намозгоҳ маҳалласи (Ашурчиркин), Термез кўчаси, 218-уй).

Бу маҳалладаги катта икки қаватли мактаб қурилишида (22-мактаб) Усто – Турсун бобом бош бўлганлар. Катта онам – Ҳурматой қўличевар, тикув машинасида ҳар хил кийимлар тикарди. Турсунбобомнинг шу маҳаллага кўчиб келишидан олдин Самарқанд шаҳрининг “Равонак” қишлоғида узумзор ерлари бўлган, аммо Шўро ҳукумати бу ерларни олиб қўйиб, колхоз ташкил қилган.
Термез кўчаси 218 – уйга отам кўчиб келади, бир уй, даҳлиз, ички ва ташқи ҳовлиси бор. Шу пайтлар онам Ҳасан тоғасиникига келади ва отам билан танишиб оила қуришади. Катта ҳовлимизда янги қурилган икки хона ва бир даҳлиз бор эди. Ички ва ташқи ҳовлилар дарвозаси олдидан сув йўл ўтар ва узоқдан Қизбуви тоғи кўринар эди. Тоғ этагидан темир йўл ўтар, 1 км пастроқда Нарпай канали оқиб ўтган, яна 2 км чамаси бизнинг Гўрўғли қишлоғимиз кўринарди. Болалик чоғида барча атроф-муҳит жуда чиройли ва мафтункор кўринаркан одамга. “Қизбуви” тоғи ҳақида шундай ривоят бор: “Қадим замонда ёв келган пайтда бир қиз қочиб, шу тоғнинг чўққисида тош бўлиб қотган экан”. Ўша замонлардан бери одамларнинг нима тилаги бўлса, баҳорда тоғнинг чўққисига чиқиб, дарахтга рўмолча боғлашган. Ота-онам ҳам шу ривоятга ишонишиб, Қизбувидан менга ўғил бергин, деб сўрашган.
Самарқандга келиб, Ҳазрати Хизр ва Шоҳизиндани зиёрат қилишган ва ўғил сўрашган, шу дуолар ижобати билан мен Аҳмат дунёга келган бўлсам керак... Булар ҳаммаси онамнинг ҳикоялари эди. Арзиқул бобомнинг катта ўғли Шоймурод – хат саводли – муаллим бўлган. Иккинчи ўғли Саломқул – хат саводсиз, Отақул – чўпон, Олимқул – темир йўлда ва Облоқул – шофёр бўлиб ишлаган. Шуниси қизиқки, болаликда ҳамма нарса гўзал, беғубор бўлиб кўринаркан. Ўша пайтлар қишлоғимизнинг жанубида “Қизбуви” тоғи бўлса, шимол томонида Кармана шаҳри, шарқ томонда Зиёвуддин ва ўнг томонда узоқлардан Хайробод чорбоғи кўринарди. Бу чорбоғ Амир Олимхон чорбоғи бўлган экан.

Жазирама иссиқда юриш мумкин бўлмаган, офтоб одамни уриши ҳеч гап бўлмаган кунларда Султонободда бозор бўларди. Кўчалар чанг, тупроққа оёқ ботиб кетар, ҳавонинг иссиғидан молларни дарахт тагига, ариқ бўйига олмасдан илож йўқ эди. Болалик пайтларим: Дадам мактабда дарс берардилар, онам эса уй – рўзғор ишлари билан банд эди. Ўша пайтлар уйимизда даҳшатли фожеа бўлди: 3 яшарлик синглим Тамара ҳовлимизнинг олдидан ўтадиган ариқдан сув оламан, деб оқиб ҳалок бўлди. Устига устак шу пайтлар зотли сигиримиз ҳам ҳаром ўлади. Яна Арзиқул бобом дадам билан аразлашиб, гаплашмай юришарди. Шу фожеаларга бу ҳолатнинг ҳам катта таъсири бор эди, менимча.
Онам тожик – Ҳасан тоға онамнинг тоғалари эди, шаҳардан қишлоққа кўчиб келиб, сартарошлик қилганлар. У киши ҳам вафот этади, булар ҳаммаси дадамга қаттиқ таъсир қилган. Онамнинг айтишларига қараганда, дадам Тошкентда таҳсил олганлар, оиласини ҳам олиб кетган, ўшанда мен юра бошлаган эканман. Дадам Тошкентдан келганларидан кейин Қашқадарё вилотининг Чироқчи туманига маориф мудири этиб тайинланган.

1941 йили уруш бошланганда, ҳарбийлар қишлоққа келиб машқлар ўтказишарди. 1942 йилнинг бошларида дадам “брон”лари борлигига қарамасдан, ариза бериб фронтга кетаркан. Дадамнинг урушга кетиши сабаблари юқорида келтирган кўнгилсизликлар бўлса керак. Шундай қилиб, Арзиқул бобомнинг 5та ўғли ҳам фронтга кетди. Охирги маротаба қишлоғимиздан 3 киши бричка аравасига миниб, Каттақўрғон ҳарбий танлов пунктига боришди.

Илк бор Арзиқул бобом мени поездда Каттақўрғонга дадам билан хайрлашишга олиб борди. Иккинчи марта дадамни кўришга укам Акбар туғилгандан кейин борганмиз. Онам эрталаб тонг қоронғисида чақалоқни қўлига олиб, эшакда, орқаларига мени миндириб, 80 км йўл юриб Каттақўрғонга бордик. Ҳамма ёғи чанг, тупроқ дадам келиб мени маҳкам қучоқлаб олди. Учинчи марта эса юк машинасида борганмиз, кетаётганимизда машина ағдарилиб кетиб, зўрға тирик қолганмиз.

Гўрўғли қишлоғи
1941 йил – кузда мени 22-мактабга ўқишга беришди. Негадир мени 2-синфга қабул қилишди. Маҳалламизда тожик забонлар кўп эди. Синфимизда болаларнинг ёши турли хил эди. Баҳор ойларида Арзиқул бобом Самарқандга келиб, онамдан: “Ахматни менга берсангиз, беш ўғлим фронтга кетиб, биттаси ҳам қайтиб келмади. Катта ўғлим Шомуродимдан қолган неварамни менга беринг. Катта ҳовлида бир ўзим қолдим, Самарқанд катта шаҳар, ёмон болаларга қўшилиб кетмасин, дейман. Ахматнинг 15 сотих ери бор, сигири бор...”, - дея илтимос қилди. Бобом айтганларидек, Самарқандда ҳар қадамда эвакуация қилинганлар бор, қолаверса, онамга уч ўғилни боқиш қийин эди. Шу боис ҳам бобом мени қишлоққа олиб кетди. Қишлоққа келганимда мени учинчи синфга қабул қилишди.
Мен учун қишлоқда эркинлик бошланди, икки сигир, бир бузоқ ва битта эшак... Эшакни бобом миниб юрардилар.
Баҳорда буғдой экдик, бўйим баробар омочни зўрға ушлардим, бобом уруғ сочар, кейин эса мола қилардик... Ёз пайтида сигирларни сояга боғлаб, ариқ бўйида болалар билан лойдан ҳар хил ўйинчоқлар ясардик. Қишлоғимиздан 2км нарида темир йўли ўтган, поездлардаги танк пушкаларини кўриб, биз ҳам лойдан ясаб кўрардик. Бир куни отаси разъезднинг бошлиғи бўлган бир ўртоғим яшикка ўхшаган нарса олиб келди, ичини очиб қарасак, порох бор экан. Порохдан қўл бола пистолет ясардик ва уруш – уруш ўйнардик. Бир куни ўртоғимнинг отаси билиб қолиб, бизни роса уришди.
Кузда эшагимиз туғди. Бобом шу хутикчани ўзинг катта қилсанг, миниб юрасан, деганлари учун унга бошқача меҳр қўйдим. Энди менинг шахсий уловим бор эди, болалар мактабга пиёда борса, мен хутикчам билан 5-синфга қатнай бошладим.

Мактаб уйимиздан 5км нарида эди, йўллар тупроқ, чанг. Шўро даврида пахта ёки буғдой ўриш кампанияси бўларди, ҳамма бунда қатнашарди. Ўша пайтлар ўқувчиларни “Қизбуви тоғи” нинг орқасида Қарноб чўлига буғдой ўришга олиб кетишди. Буғдойни қўл билан юлардик, чунки ўроқ билан ўриб бўлмасди, қўлларимиз ёрилиб, қонаб кетарди. Бир куни мен эрталаб тонг қоронғисида хутикчамга миниб, уйга йўл олдим. Тоғни оралаб хутикчам билан 30км йўл босиб, уйга етаёзганимда эшак ҳуркиб, мени йиқитиб юборди ва чап оёғим лат еди. Шунинг учун ҳам эшак карвон боши деб бекорга айтишмас экан. Юзлаб туяларни адаштирмай, энг яқин йўлдан манзилга олиб боради. Эртаси куни 1 сентябрь эди, мактабга бориб, биринчи қатордаги партага ўтирдим. 1948 йил 6-синфда ўқий бошладим. Эшқобилов муаллимимиз тарихдан дарс берарди, “Рум давлатининг империяси” деб дарс ўтарди, шундан бу фанга қизиқиб қолганман.

Баҳорда яна омоч ҳайдаб, тонг қоронғисидан кун ботгунича ер ҳайдардим. Бобом мени роса меҳнатда чиниқтирган эканлар. Кейинроқ менга от беришди, қувончим узоққа чўзилмади, менга ишонишмадими, отни олиб қўйишди.

1948 йил 8 февралда 62 ёшида Арзиқул бобом оламдан ўтди. Маросимни жуда катта тантана билан ўтказишди. Бобом менга жуда кўп нарсаларни ўргатган эди, аввало, меҳнатда чиниқтирди, китоб ўқиш, устахонада ишлаш, ҳатто араб алифбосини ҳам ўргатиб, Қуръоннинг биринчи сураларини ёд олдирган эдилар. Эсимда, бобом кечқурунлари сандал атрофида ўтириб олиб, китоблардан тиловат қилардилар. Уйқудан олдин “Шоҳнома” ёки бошқа китоблардан тиловат қилар, араб ва ўзбек тилларини ўргатар, кундузи меҳнат қилиб, кечқурунлари китоб ўқиб, ҳаётимиз қизиқарли ўтарди.
Уруш тугагандан кейин бобомнинг ўғиллари – Салом амаким фронтдан қайтди. Амаким Европа таъсирида эканлиги боис бобомнинг барча ишларини барбод қилди. Ўша йили Салом амакимни хотини Асад – чеча эгизак қиз туғди, Ойша ва Зулайҳо. Буларни кўриб жуда хурсанд бўлдим. Энди қишлоқдан Самарқандга қайтдим .Арзиқул бобомнинг вафотларидан кейин қишлоқнинг менга қизиғи қолмади. Шу боис Самарқандга томон йўл олдим. Темир йўл қишлоққа яқинлиги боис поездда кетиш менга осон эди.

Уруш йиллари катта онам Гўри – Амир мақбарасида таъмирлайдиган усталарга ошпазлик қиларди. Мактабга боргунимча катта онам билан усталар олдида юрганман. Тушлик пайти мени чақириб шўрва берар, ўзи эса кострюлда овқат олиб, укам Акбарга олиб борарди.Укам эса овқат келишини интизорлик билан кутиб ўтирарди. Маҳмуд акам онам билан бирга ишларди, улар бухгалтер эди. Бир куни онам уйга овқатсиз қайтдилар, ўшанда Маҳмуд акамдан жуда хафа бўлганман. Чунки очарчилик, кўчага чиқсанг ғиж – ғиж одам, қаровсиз болалар, қўлингдаги нонни олиб қочиб кун кўришади. Уруш пайти боис Россиядан одамларни эвакуация қилишган. Ўша пайтлар Чингиз Ахмаровнинг гапига қараганда, Москва, Ленинград, Киев, Харьков ва бошқа шаҳарлардаги рассомчилик институтлари Регистон майдонидаги мадрасага жойлашиб, ўқишган экан.

Мармар устахонаси

Самарқандга келиб, 7-синф кечки ёш ишчилар мактабида ўқишни бошладим. Катта онам мен ўқийдиган 22-мактабда фаррош бўлиб ишларди. Шу мактабнинг биносида кечки мактаб ташкил қилинган эди. Бу мактабда ўқувчиларнинг ёши ҳар хил, кўпчилиги фронтга бориб келган ёши катта эркак – хотинлар бор эди. Синфимизда Наим ака ўқир эди, онам шу инсондан мени ўзига шогирдликка олишини сўради. Эртасига айтган манзилга борсам, русларнинг қабристони олдида Наим аканинг мармар устахонаси бор экан. Наим ака билан қабристонга кириб бордик, у ерда ҳар хил ҳайкаллар бор эди. Муйловли, думалоқ соқолли киши менга қараб иш буюрди, мен тезда айтганини қилдим. Улар эса Наим акага қараб “бу бола бўладиганга ўхшайди”,- деди. Бу инсон Усто Болта Жўраев эдилар (Тошкентдаги А. Навоий номидаги опера ва балет театрини безатган). Ўша куни бир қабрнинг устига бетон қўйдик. Катта онам Усто Болтага қараб: “Эти сизники, суяги меники” дедилар. Ўша кундан бошлаб сангтор устога шогирдликка тушдим. Бу 1951 йил 5 апрель санаси эди.

Маҳалламиздан русларнинг қабристонигача 4км. Биз эски шаҳарда турардик, устахонага Гўри Амирнинг олдидан ўтиб, янги шаҳарга бозор орқали ўтиларди. Ҳар куни 4км йўл босиб келаман, устахонани супириб, кейин уста айтган ишларни бажараман. Катта тошнинг устига кичикроқ тошни қўйиб, иккала тош орасига сариқ қум ташлаб ва озгина сув сепиб, айлантира бошлайман. Эрталаб бошлаган бу ишим кечга бориб, тош теп – текис бўлади, кейин уни наждак тош билан пардозлайман. Хуллас, кечгача тош ойнадек ялтирайди, унга эса одамларнинг исми шарифи ва саналарни ёзиб, қабрга ўрнатардик. Ҳар ойнинг охирида Усто менга 500 сўм берарди, мен эса уни олиб онам олдига чопардим. Онам мактабда фаррош бўлиб, 300 сўм топарди. Албатта, бу мен учун катта ютуқ эди, чунки шундай қийин пайтда бундай даромад топишнинг ўзи бўлмас эди, онам жуда севинар эди.
1954 йил. 10-синфни битирдим, ишга жуда чанқоқ эдим. Ўша йиллар мен қатори болалар ҳар куни мактабга борса, мен ишга борардим ва кечга ўқирдим, бу менга жуда алам қиларди. 1954 йил 8 февраль куни укам Акбар 9 ёшида касалликка чалиниб, вафот этди. Бу оиламиз учун катта қайғу эди.
Мактабни битиргач, Самарқанд Давлат университетига ўқишга киришга ҳаракат қилдим, лекин киролмадим, чунки геология факультетига рус тили фанидан кириш имтиҳонидан ўтолмадим. Шу пайтлар Усто Жалол билан Гўри Амир мақбарасида таъмирлаш ишларини олиб борардик. Шу боис ҳам мақбаранинг калити менда турарди. Киришда ўнг томонда кичкинагина ҳужра бор эди, шу жойда тошда шарафа нақшини кесардик. Устом ҳафтада бир марта эшакда келиб, нақшимнинг қинғир – қийшиқ жойларини тузатарди.

Шарафа – бу нақш жуда мураккаб бўлиб, бир – бирига тўғри келиши керак. Озгина адашиш ҳам мумкин эмас. Бу нафис нақш билан 14 – асрда моҳир устолар ишлаган. Усто Жалолга бу қийин эмас эди, у киши укаси усто Болта билан Тошкентдаги Опера ва балет театрини безатишган. Бу нақшларни тошга муҳрлашган. Ҳар куни иш бошлашдан олдин Амир Темур қабрини бир марта айланиб, ниятлар қилардим. Усто Жалол бир куни менга “Ахмат, сен пулга қизиқма, асосийсиси сен моҳир уста бўлаяпсан” , дедилар. Шу пайтлар биз ҳам кўп ишлардик, ҳам кўп пул топардик...Мен секин –аста моҳир уста бўлиб борардим, энди Усто Болта эмас, балки, усто Жалол ўзига мени шогирдликка олди. Усто Жалол жуда саводли инсон эдилар. Кейинроқ билсам иккала ака- ука ҳам Сталин номидаги мукофот лауреати экан.

Бир куни Усто Болта “Ахмат, юр сени Тошкентга олиб кетаман”, деди. Биз Тошкентга келдик ва Пушкин номидаги меҳмонхонада ётиб қолдик. Эртасига эрталаб “Ўзпромсовет” деган вазирликка кирдик. Усто Болта вазир ўринбосари билан учрашиб, “Мен ўғлимни олиб келдим” дедилар. У киши мендан “ўқишни хохлайсанми?” деб сўради. Мен тезда “Ҳа” деб жавоб бердим. Шунда вазир ўринбосари “сени Урал ёки Москвага ўқишга юборамиз, деди. Шу билан биз Самарқандга қайтдик ва Гўри Амир мақбарасида ишимизни давом эттирдик. Орадан уч ой ўтгач, бир куни телеграмма келди, унда шундай ёзув бор эди: “Приезжайте, экзамен начнётся 1 августа”.

Қарасак, имтиҳонга уч кун қолибди. Усто Болта тез бориб самолётга билет ол, деб пул берди. Кечқурун аэропортга мени кузатишга барча йиғилган: Усто Болта, онам, акам...ҳамма дуога қўл очиб мени кузатишди. Айтишларича, мен кетгандан кейин онам беҳуш бўлиб қолибдилар...

Самолёт Самарқанддан Ленинободга, кейин Тошкентга, сўнгра Жусалига, Актюбинск, Уральск, Пенза, эрталаб Москвага қўнди. Шундай қилиб, 12 соат деганда Москвага етиб келдик.
Ахмат Шоймуродов,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби,
ҳайкалтарош.
Олий ўқув юртига киришига ишонмаган Ахмат имтиҳонлардан ўтди ва ўқишга қабул қилинди. Шундан кейин унинг гўзал хотираларга бой ўқиш даврлари бошланди...
Ўқиш йиллари

“Москвага борганимда шошиб қолдим. Билим юрти ҳовлисида абитуриентлар кўп. Мен ўқишга кира олармикинман, ахир мен сангтарош бўлсам. Имтиҳон эса акварель ва расм чизишдан эди. Чўчиганим бекор экан, берилган топшириқни жуда чиройли чиздим, беш баҳо қўйишди”. У ўқиш даврида барча билимларни қунт билан ўрганишга, эгаллашга интилди. Сўнгги курсларда илк ясаган ҳайкаллари ҳақидаги хотираларини эслаб, шундай дейди: “Курсдошлар орасида бир-биримизнинг портрет ҳайкалимизни ясаб ўрганиш энг қизиқарли машғулотлардан эди. Ҳатто мен яратган ҳайкал - Собир исмли курсдошимнинг сиймоси ҳозирги кунда Бухоро музейида турибди”.
Ахмат ушбу асарини 1958 йили Москвада бўлиб ўтган кўргазмага қўйди: “Санъат аҳли орасида асарларингни қачондан кўргазмага қўйган бўлсанг, шу пайтдан ижодинг бошланади, деган гап бор. Менинг ижодий фаолиятим ўша пайтдан бошланди, десам бўлади” – дейди қаҳрамонимиз мийиғида кулимсираб. 1959 йили Москвада Ўзбекистон кунлари декадаси бўлиб ўтди. Пушкин номидаги музейда бўлиб ўтган кўргазмада қаҳрамонимиз ўз ишлари билан қатнашди. Ижодкор ўша пайтда Ўзбекистон рассомлар уюшмаси раиси Ўрол Тансиқбоев ва рассом Чингиз Ахмаров билан танишди. Улар Ахматнинг ишларига юқори баҳо беришди. Шундан сўнг уларнинг маслаҳати ва ёрдами билан В. И. Суриков номидаги Москва Давлат бадиий институтининг ҳайкалтарошлик факультетига кириш имтиҳонларидан ўтиб, ўқишга кирди. “Ўқишга киришимга шунчалик ишонмаганманки, - дейди Ахмат ака,- натижаларни кўриб, ҳушимдан кетиб қолганман.
Ахир Ўрта Осиёдан фақат мен имтиҳонлардан ўтган ва биринчи ўзбек олий маълумотли ҳайкалтароши бўлиш учун илк қадамимни ташлаган эдим-да”. Қаҳрамонимиз институтда 6 йил ўқиди ва ҳайкалтарошлик сирларини чуқур ўрганди. Ахмат ака ўша йилларда таниқли ҳайкалтарош, академик М.Г.Манизирдан сабоқ олган.

Алишер Навоий сиймоси ҳайкалтарош Ахмат Шоймуродов ижодида
Ҳайкалтарош Ахмат Шоймуродов ижодида Алишер Навоий ижоди муҳим ўрин тутади. Энг аввало, бу сиймони яратишга ҳайкалтарош 1962 йилда қўл урди. Самарқанд Давлат университети ректори, академик Воҳид Абдуллаев ташаббуси билан Ахмат ака биринчи бор мармардан Алишер Навоий сиймосини яратди. Ҳозирда ушбу ҳайкал Самарқанд Давлат университетининг файесида қад кўтариб турибди.

1967 йили Алишер Навоий музейи директори, академик Ҳамид Сулаймонов ташаббуси билан Ахмат Шоймуродовга XIV аср таниқли миниатюрачиси Маҳмуд Музаҳҳибнинг асарини кўрсатишди. Бу асарда Алишер Навоий сиймоси тасвирланган эди. Ахмат ака мана шу асардан илҳомланиб, шоирнинг ҳайкалини мармардан ясади. Бу ҳайкал ҳозирда Тошкентдаги Алишер Навоий музейида сақланиб келади. Ҳамид Сулаймонов Ахмат аканинг асарига қараб “Алишер Навоий сиймосини яратса бўлар экану”, дея юқори баҳо берди. Ушбу ҳайкалнинг бронзадан ясалгани Москвадаги кўргазмада “Кумуш медаль” билан тақдирланди. Ҳозирда ҳайкал Самарқанддаги Алишер Навоий музейида сақланади.

1985 йил Алишер Навоий музейи директори, академик Пўлат Қаюмов ташаббуси билан музей учун катта ҳажмдаги Алишер Навоий сиймоси Ахмат ака томонидан яратилди. Ўшандан буён шу давргача Ахмат ака томонидан яна 20 дан кўпроқ буюк мутафаккир портретлари ясалди.

Тошга жону дил бағишлаб

Ахмат Шоймуродовнинг авваллари Москвада, кейин Тошкентда ижодхонаси бўлган. Самарқандда эса ижодкорнинг 2 та устахонаси бор эди. “Ҳар бир асарни юракдан ишлаб халққа кўрсатиш керак”. Бу қаҳрамонимизнинг энг катта шиоридир.
“Битта ҳайкални яратишда яратилаётган шахснинг ким бўлганлиги, нима ишлар билан шуғулланганини ўрганиш муҳим. Ижодкор ойна каби бўлиши зарур. Халқнинг акси асарларда намоён бўлиши лозим. Бугунги фермерлар, тадбиркорларни ҳам сиймоларини акс эттириш мумкин. Хирургнинг ҳайкалини яратиш учун операцияга кирганман. Унинг ўша ҳолатдаги юз акси ишининг қанчалик масъулиятли ва шарафли эканини кўрсатиши лозим эди. Ижодкор, энг аввало, ўзи туғилиб ўсган юрти ва одамларини, қолаверса, уларнинг оддий кунларда, кўчада, бозорда, оиладаги яшаш тарзини тасвирлаши керак. Асар яратиш учун ижодкорга катта юрак керак. У ўз ишига қалб қўрини, вужудини бағишласа, шундагина асар янада кучли ва таъсирли чиқади “.

Ахмат Шоймуродов 1986 йилгача 35-40 йил давомида фаол ижод билан шуғулланди. Аҳмад ака ўз ишининг устаси, жуда кўп асарлар яратишга муваффақ бўлган ижодкордир. Самарқанд музейидаги Спитамен, раққоса Қизлархон Дўстмуҳаммедова; улуғ алломаларимиздан Улуғбек обсерваториясидаги Мирзо Улуғбек, Ал-Хоразмий, Абу Али ибн Сино; халқ бахшиларидан Фозил Йўлдош ўғли, Эргаш Жуманбулбул ўғли, Ислом шоир Назар ўғли, япон рассоми Чехиро Окубонинг портрет ҳайкаллари, шунингдек, “Жарроҳ”, “Мутафаккир”, "Илҳом париси" каби бир қатор ҳайкалтарошлик композициялари шулар жумласидандир. Айниқса, Ахмат Шоймуродов ижодига мансуб Тошкент метрополитенининг "Алишер Навоий" бекати деворларидаги рангли кошинкор безаклар таҳсинга сазовор. Бу иш устида Ахмат ака рассом Чингиз Ахмаров билан 4 йил давомида ишлаганини ёдга олади. Чингиз Ахмаров Ахмат Шоймуродов ҳақида ”Нафосат йўлларида” номли хотиралар китобида шундай ёзади: “ “Алишер Навоий” номли метро бекати улуғ шоир, улуғ зот ижодига замонамизнинг минг – минг мухлислари кўнгилларида сақлаган мислсиз ҳурмат ва эҳтиромларининг рамзи, бир қасри олий бўлиши керак эди. Биз буни маълум даражада амалга ошира олдик, деб ўйлайман. Ишлар якунланиб, бекат ишга тушиб кетди. Азиз йўловчиларнинг бекат безакларини хуш қабул қилаётганларини кўрсам, чарчоқларимни унутгим келади. Бу ишни амалга оширишда ёш талантли рассом Икромхўжа Қаюмов, ҳайкалтарош Ахматжон Шоймуродов, кулолчилик санъатига ўттиз йиллик умрини сарф этган Аҳад Аминовлар менга яқиндан ёрдам берган...мен булардан бир умрга миннатдорман”.

“Ҳайкал яратиш учун ижодкор нафақат, кучли ирода, тажрибага эга бўлиши, балки жисмонан ва руҳан етук бўлиши керак”, дейди Ахмат ака. – “Ижодимни ўзбек халқимга бағишлаганман. Тошлар билан тиллашиб, улар билан гаплашиб чиқардим. Бирор жойи ўхшамаса, тўхтаб тур, сен гапимга кирмаяпсанми ҳали деб гоҳ уришар, гоҳида эса мақтар эдим. Одамнинг умри етмайди дилига туккан ишларини амалга оширишга. Йилдан – йилга кучим кетаяпти, лекин шогирдларимнинг ишларимни давом эттираётганидан хурсандман. Мен охирига етказмаган ишларни улар тугаллашади”.
Ахмат Шоймуродовнинг 10 йил давомидаги кеча-ю кундуз ишларини ҳукуматимиз юқори баҳолади. 1975 йили ҳайкалтарошлар ичида биринчи бўлиб “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби” унвонини олди.




Хотима

Ахмат Шоймуродов:

1987 йил 17 сентябрда ҳарчанд қаратмайлик, онам вафот қилдилар. Уларни Самарқанднинг “Себзор” қабристонига қўйдик. Онам қабрларига Москвада ўзим ишлаган ҳайкални бронзага ўтказиб, мармар устига қўйдим. Қабрларига борганда, доим юзларини силаб, ўпиб келаман. Жойлари жаннатдан бўлсин, илоҳим. Ҳайкалтарош бўлганим учун бу ҳайкални онамга бағишлаганман. Мана ёшим ҳам саксондан ошди. Умрим ўтгани сари ишлагим, яшагим келади. Лекин ёшликдаги куч-ғайратни топа олмайман. Шу боис ҳам ёш ижодкорларга шуни такрор ва такрор айтаман, “бугунни эртага топа олмайсиз, ёниб – куйиб ишланг, яратинг, ясанг, ижод қилинг, сиздан яхши асарлар қолсин, номингиз қолсин!”.

Юртимизда яратилаётган шароитлар, ўқиш, меҳнат қилиш бахтини ёшларимиз гоҳида унчалик ҳам қадрига етмаётгандек туюлади. Ахмат Шоймуродовдек кеска авлод вакилларининг болалиги, улар яшаган тузумнинг оғирлиги, ўқиш ва ишлаш учун қанчалик заҳмат чекканлиги бугунги ёш авлодларимизга сабоқ бўлмоғи лозим. Зеро, мана шундай нурли ва фаровон ҳаётимизни мана шундай жонкуяр инсонлар яратган, барпо этган. Уни кўз қорачиғидек асраб, биздан кейинги авлодларга тўлалигича етказиш ҳар биримизнинг бурчимиздир.

Дарҳақиқат, Ахмат Шоймуродовнинг ҳаёти ва ижодга бағишлаган умри асрларга татигулик. Ўзбекистонда ҳайкалтарошлик санъатининг энг улуғ дарғаларидан бўлган бу инсон яратган ҳайкаллар абадий яшайди. Биз эса қаҳрамонимизнинг 100 ёшларга кириб юришини тилаб қоламиз.

Гавҳар Саодатова,
журналист.
Просмотров 801    Рейтинг 63   Понравилась новость?    +1   -1    Добавить комментарий  (0)