12.01.2017 ПРЕСС-РЕЛИЗ. ХМКС коллекциясидан: Нақшларда мангулик сири номли кўргазма ва давра суҳбати
2017 йилнинг 12 январь куни соат 15:00да Ўзбекистон Бадиий Академияси Икуо Хираяма Халқаро маданият карвон саройида ХМКС коллекциясидан: “Нақшларда мангулик сири” номли кўргазма ва давра суҳбати бўлиб ўтди.
Археологик кўргазма навбатдаги ХМКС коллекциясидан ташкил топган бўлиб, унда 80га яқин экспонатлар жой олди. Турли асрларни ўз ичига олган ва ранг – баранг археологик топилмалар тарихимиздан сўзлайди.
Албатта бундай экспонатларни бир кўришда унинг моҳиятига етиб бўлмайди. Шу боис ҳам кўргазма очилиш маросимидан кейин ХМКСнинг музей бўлими бошлиғи, қадимшунос Константин Александрович Шейко ва таъмирлаш бўлими ходимлари томонидан тайёрланган маърузалари асосида давра суҳбати бўлиб ўтди. Бунда мутахассислар археологик топилмаларни топиш, уларни ўрганиш борасидаги тажрибалари билан ўртоқлашишди. Шунингдек, топилмаларни асл ҳолига тиклашда консервация ва реставрациянинг ўрни борасидаги амалий ишларни намойиш этишди.
Эпиграфик ёзувлар ва нақшларга бағишланган ушбу кўргазма тарихимизни ўрганишдаги яна бир қадам. Ҳали ҳеч кимга таниш бўлмаган тарихни археологик топилмалар, ундаги нақш ўрнида безатилган эпиграфик ёзувлар орқали ўрганиш ушбу соҳанинг янада серқирра жиҳатларидан биридир.
Экспозицияда Ўзбекистондаги Добилқўрғон, Кампиртепа, Қонка, Қаршовултепа, Мунчоқтепа, Хайрободтепа, Шўробқўрғон каби археологик ёдгорликлардан топилган IX-XI асрларга оид артефактлар намойиш этилмоқда. Кўргазмадан эпиграфик ёзувлар (араб ёзувлари, кўзалар сиртига босилган муҳрлар), геометрик, ўсимликсимон ва ҳайвонларга сиғиниш, яъни зооморфизмга оид нақшлар билан безалган сирланган ва сирланмаган сопол буюмлар жой олган бўлиб, улар орасида турли идишлар, шамчироқлар ҳам мавжуд. Бундай кулоллик буюмлари фақатгина эстетик жиҳатдан безалмаган. Нақшларга, шунингдек, семантик ва илоҳий маъно ҳам берилган бўлиб, қадимда кишилар бундай безаклар ёвуз кучлардан сақлашига ишонишган.
СОПОЛ ИДИШ (БУЮМ)
Ҳозиргача ўзига хос маҳаллий мактабларни шакллантириб, қадимий анъаналарини сақлаб келаётган, Ўзбекистон амалий санъатининг энг қадимги ва қизиқарли турларидан бири бадиий кулолчиликдир. Юртимиз ҳудудида сопол буюмларнинг ясалиш тарихи 7 минг йилликдан ҳам ошади. XIX асрга келиб, ўзининг узоқ тарихий анъаналарига эга Ўрта Осиё кулолчилигининг асосий марказлари ташкил топган эди. Булар Самарқанд, Бухоро, Ғиждувон, Шаҳрисабз, Каттақўрғон, Риштон, Урганч, Хива шаҳарлари бўлиб, уларда умумий ривожланиш тенденциялари кузатилган. Аммо ҳар бир ҳудуд ўзига хос жиҳатларини сақлаб қолди.
Усталар асосан ошхона ва рўзғор буюмларини ясашган. Бу буюмлар коса ёки кўза шаклида яратилган. Кулол косагарлар коса, шокоса, пиёла, лаган, товоқ, тоғоралар ишлаб чиқарган бўлсалар, кўзагарлар кўзалар ва турли шакл, ҳажмдаги хумчалар ясаганлар. Идишлар одатда, кулолчилик чархида ясалган, камдан-кам ҳолларда қўлда ёпиштириш орқали ишланган. Буюмлар ниҳоятда оддий шакли ҳамда фойдалилиги билан ажралиб турган.
Сирланган идишларга безак беришнинг энг кенг тарқалган услуби қалам билан ишлов бериш бўлган. Улар моҳир қалам усталари бўлиб, чизмалар юзаси бўйлаб ўйма нақш бериш техникасини пухта эгаллашган. Ўзининг юқори сифатлилиги билан бирга, бундай идишлар ўзига хос бадиий жиҳатлари, яъни аниқлиги ва ёзувлар композициясининг пухта ўйланганлиги, ёрқин ва бир-бирига мутаносиб ранглари ҳамда хилма-хил мавзудаги безаклари билан ажралиб турган.
НАҚШ ТУРЛАРИ
Нақш амалий безак санъатида асосий безак воситаларидан ҳисобланади. Нақш санъатининг вужудга келиши жуда узоқ тарихга бориб тақалади. У палеолит даврида пайдо бўлган. Нақшли тасвирлар эстетик завқ бериш, инсонга кучли таъсир ўтказиш хусусиятига эга. Шунингдек, у реал шакл ва нарсаларни рамзий нақшли ва гулли тасвирларга кўчиради.
Нақшлар бир неча кўринишларда бўлади. Булар: техник, рамзий, геометрик, ўсимликсимон, каллиграфик, фантастик, афсонавий, манзарали, жонивор тасвирли, предметли. Барча безакларни шартли равишда тасвирий ва тасвирсиз (геометрик, рамзий) турларга ажратиш ҳам мумкин. Геометрик безакларга турли геометрик шакллар – учбурчак, квадрат, тўғри тўртбурчак, доира, эллипс; чизиқлар – тўғри, синиқ, эгри ва уларнинг ўзаро бирлашуви киради.
Тасвирий безак деб, реал ҳаётдаги аниқ буюм ва шакллар асос қилиб олинган мавзулар киради. Булар: ўсимликлар (ўсимликсимон нақш), жонивор тасвирли, инсон тасвирли (антропоморф мавзулар), ёзувлар (эпиграфик) ва б. Кўргазма доирасида ташкил этилган давра суҳбатида юртдошларимиз археология соҳасига оид саволларига жавоб олишди.
www.art-academy.uz www.caravanserai.uz
|
|