12.12.2016 ПРЕСС–РЕЛИЗ.“Соғлом она ва бола” йили муносабати ва кинорассом, “Дўстлик” ордени соҳиби Қаҳрамон Нуриддиновнинг ёрқин хотирасига бағишланган “Киноларда менинг ҳаётим...” номли шахсий кўргазмаси
2016 йилнинг 12 декабрь куни соат 17.00да Ўзбекистон Бадиий Академияси Икуо Хираяма Халқаро маданият карвон саройида “Соғлом она ва бола” йили муносабати ва кинорассом, “Дўстлик” ордени соҳиби Қаҳрамон Нуриддиновнинг ёрқин хотирасига бағишланган “Киноларда менинг ҳаётим...” номли хотира кўргазмасининг очилиши бўлиб ўтди.
Қаҳрамон Нуриддинов – 1953 йил 2 майда Тошкент шаҳрида санъаткорлар оиласида таваллуд топган. 1971-1977 йилларда Н. Островский номидаги Театр ва рассомчилик институтининг “Рассомчилик” факультетида таҳсил олган. Институтни тугатгач, “Ўзбекфильм” киностудиясида фаолиятини рассом ёрдамчиси сифатида бошлаган. Шу давр ичида Д. Салимовнинг “Олтин тарвуз” фильмида постановкачи рассом сифатида ишлаб, кўпгина режиссёрларнинг эътиборига тушган. 1979 – 1982 йилларда Москва шаҳридаги Бутуниттифоқ Давлат Кинематография институтида ўқиб, шу соҳани пухта эгаллади.
Қаҳрамон Нуриддинов ўзбек кино санъати ва рассомчилигига катта ҳисса қўшган ижодкор. У “Ўзбекфильм” киностудиясида кўплаб бадиий ва телевизион фильмларда ижод қилди. Жумладан, “Олтин тери” (реж. А. Файзиев), “Тоғлардаги акс - садо” (реж. Ғ. Шермуҳаммедов), “Оқ бино оқшомлари” (реж. Ҳ. Файзиев), “Феллини” (реж. Н. Аббосов), “Қор қўйнида лола”(Ё. Тўйчиев ва А. Шаҳобиддинов), “Орол – бахтим менинг” (реж. Р. Галиев) каби 50га яқин фильмлар рассоми. Қаҳрамон Нуриддинов – 1995 йилдан 2004 йилга қадар “Наврўз” ва “Мустақиллик” байрамлари тадбирлари бош рассоми сифатида ижод қилган. 1983 йил – Рассомлар уюшмаси аъзоси 1985 йил – Ўзбекистон Киночилар уюшмаси аъзоси 1997 йил – Ўзбекистон Бадиий Ижодкорлар уюшмаси аъзоси Ҳукуматимиз Қаҳрамон Нуриддиновнинг меҳнатларини юксак баҳолади ва 2013 йил – “Дўстлик” ордени билан мукофотлади.
Шахсий кўргазмалари:
1982 йил – Ўзбекистон Киночилар уйи 1982 йил – “Авиастроитель” маданият уйи 1984 йил – Наманган шаҳри ва Ўзбекистон киночилар уйи 1986 йил - Ўзбекистон Киночилар уйи 1988 йил - Ўзбекистон Киночилар уйи 1989 йил – Москва шаҳридаги Марказий киночилар уйи 1990 йил - Ўзбекистон Киночилар уйи 1992 йил - Ўзбекистон Киночилар уйи 2012 йил – Тошкент шаҳридаги “ART+FACT” галереяси
Қаҳрамон Нуриддинов – кинорассомлик санъати билан бирга портрет, манзара ва тарихий мавзуларда ижод қилган. Унинг асарлари Қозоғистон, Москва, Покистон, Марокко, Малайзия, АҚШ, Англия, Германияда шахсий коллекцияларда сақланиб кетади.
Қаҳрамон Нуриддинов - 2015 йил 28 февралда юрак хуружидан вафот қилди. Халқимиз севган ва ардоқлаган бу инсоннинг ёрқин хотираси мухлислари ва асарларида мангу яшайди.
“Киноларда менинг ҳаётим...” номли хотира кўргазмасида Қаҳрамон Нуриддиновнинг 35та асарлари намойиш қилинди.
Кўргазма шу йилнинг 31 декабригача давом этади.
|
|