20.09.2016 Қадимшунослар устахонасида
Ўзбекистон Бадиий академияси Халқаро маданият карвон саройида «Археология устахонаси – 2016» маҳорат сабоқлари бўлиб ўтди, - ЎзА.
Ўзбекистон Бадиий академияси, Япониянинг мамлакатимиздаги элчихонаси, Япония халқаро ҳамкорлик фонди ва бошқа қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу маҳорат сабоқларида археология соҳасида изланиш олиб бораётган ёш мутахассислар, олимлар, музей ходимлари, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти талабалари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов раҳнамолигида тарихимизни, маънавий меросимизни, миллий анъана ва қадриятларимизни асл ҳолича тиклаш, мукаммал ўрганиш, келгуси авлодларга безавол етказиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Мамлакатимиздаги мавжуд тарихий обидалар ва ёдгорликларни юқори малакали мутахассисларни жалб этган ҳолда ўрганиш, уларни асл қиёфасига мос тарзда белгиланган меъморий талаблар асосида қайта тиклаш ва таъмирлаш бўйича кенг кўламли ишлар бажарилди ва бу эзгу иш изчил давом этмоқда. Кўҳна тарихимиз, бой маданий меросимиз, юртимизнинг бугунги ҳаётини хорижий мамлакатларда тарғиб этиш бўйича маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилмоқда.
Қадимий археологик обидаларни сақлаш, консервациялаш, қайта таъмирлашга оид лойиҳа доирасида ташкил этилган «Археология устахонаси – 2016» маҳорат сабоқлари Ўзбекистон ва Япония олимлари томонидан ўтказилиб, у ёш археолог, реставратор, музей ходимлари, талаба-ёшларнинг малакасини янада ошириш, мутахассисларнинг ўзаро фикр алмашиши учун имкон яратишдан иборат бўлди.
– Ҳар сафар бу табаррук диёрга келганимда улкан ижобий ўзгаришлар, янгиланишлар, тараққиёт сари дадил интилишларнинг гувоҳи бўламан, – дейди Япониянинг Комазава университети профессори, археолог Фурушо Хироаки. – Юртингиздаги тарихий ёдгорликлар ғоят бетакрор. Буларнинг бари Буюк ипак йўли чорраҳасидаги шу азим юртда азалдан турли маданиятлар, анъаналарнинг ўзаро мулоқоти асрлар мобайнида давом этганидан дарак беради. Қизиқарли ўтказилган маҳорат сабоқлари ҳар икки мамлакат олимларининг ўзаро мулоқоти учун муҳим восита бўлиб хизмат қилади.
Маҳорат сабоқлари доирасида археология асослари, археологик ишларни олиб боришдаги асосий тамойиллар, топилмаларни сақлаш усуллари ҳақида маълумотлар тингловчиларга тақдим этилди. Шу билан бирга, археологик топилмалар ва ёдгорлик мажмуалари асосида муайян объектни батафсил тасвирлаш, топилмаларни консервациялаш ва қайта тиклаш, тозалаш, кулолчилик буюмлари таркибига оид машғулотлар ўтказилди. Ўқув машғулотлари якунида тингловчиларга сертификатлар топширилди.
Назокат Усмонова, ЎзА
20.09.2016 11:37
http://uza.uz/oz/society/adimshunoslar-ustakhonasida-20-09-2016
|
|