26.08.2016 ПРЕСС-РЕЛИЗ.“Замин бағридаги ўтмиш” номли археологик кўргазма ХМКС коллекциясидан: Қаршовултепа экспедицияси натижалари
2016 йилнинг 26 август куни соат 17:00да Ўзбекистон Бадиий Академияси Икуо Хираяма Халқаро маданият карвон саройида ХМКС коллекциясидан: Қаршовултепа экспедицияси натижалари асосида “Замин бағридаги ўтмиш” номли археологик ҳисобот кўргазма бўлиб ўтди.
Мустақиллигимизнинг 25 йиллигига бағишланган ушбу кўргазма тарихимизни ўрганишдаги яна бир қадам. Ҳали ҳеч кимга таниш бўлмаган тарихни археологик топилмалар орқали ўрганиш эса ушбу соҳанинг энг муҳим вазифаларидан биридир. Тадбир диорасида ХМКС нинг музей бўлим бошлиғи қадимшунос Константин Александрович Шейконинг доклади ҳам ўқиб эшитилади. Муаллиф Қаршаултепа археологик қазилма ишларининг 2016 йил тадқиқотларига ҳамда 2016 йилнинг 4-6 февралида Берн шаҳри Универститетида бўлиб ўтган "Марказий Осиё шаҳарлар маданияти" Халқаро анжуманидаги иштироки бўйича ўз хулосалари билан ўртоқлашади.
Кўргазма экспозициясидан 2016 йилдаги археологик қазилмалари ёрдамида топилган, эрамизнинг VI-VIII асрларига таалуқли янги артефактлар жой олган. Уларнинг орасида тирнаб тасвирланган тамғали сопол буюмлар диққатимизни жалб этади.
Қаршовултепа тарихи ҳақида
Қаршовултепа ёдгорлик мажмуаси Чиноз шаҳридан 14 км. узоқда – Тошкент вилояти Чиноз тумани “Дўстлик” фермер хўжалигида жойлашган. Ушбу ёдгорлик мажмуасининг майдони 6 гектарни ташкил этиб, тўғри тўртбурчак шаклда, шарқдан ғарбга қараб 330х200 м. чўзилган. Мажмуанинг жануб томони қадимги Парак, яъни Чирчиқ дарёсига туташган бўлиб, қисман ювилиб кетган. Унинг ҳудуди жанубга қараб пасайган, шу боис бу ерда қадимги бозор майдони бўлганлиги тахмин қилинади.
Шимол тарафидаги қалъа девори асосий шаҳар дарвозасига пандус шаклда туташган. Бу ерда 2008 йилнинг биринчи ярим йилида қазишма ишлари бошланган бўлса-да, жуда яхши натижалар бера бошлади.
Яна битта муҳим топилмалардан бири - 2-қазиш ишлари ўтказилган жойдан несториан ички хоч ва хочтасвирланган сопол кўзача топилди. Бу каби топилмалар, Қаршовултепа христианлар яшаган жой бўлган бўлиши мумкинлигидан далолат беради.
Топилмаларнинг аксарияти ушбу шаҳарчада зардуштийлик жамоалари яшаганлигини кўрсатмоқда. Улар орасида сўғд тилида “Баго-фарн” ёзуви битилган. Бу ёзувлар Эрмитаж музейи тилшунос олими П. Лурье томонидан ўқилган.
Қаршовултепа шаҳристонида фақатгина 2016 йилда якка ва қўш тасвирли, 20 дан ортиқ тангалар топилган. Айрим тангаларда ҳукмдор портрети билан биргаликда свастика-қуёш тимсоли тасвирланишининг гувоҳи бўламиз.
Барча топилмалар шуни кўрсатадики, бу шаҳарчада дин эркинлиги ҳукмронлик қилган, айниқса, христианларнинг турли диний жамоалари, яъни несторианлар, зардуштийлик ва аждодлар сиғиниши кучли бўлган.
Қаршовултепадаги нумизматик ва бошқа топилмалар шаҳристоннинг яшаш даври эрамизнинг VI-IX асрларга хос эканлигини таъкидлайди. Бироқ археологик қазилма ишлари давом этаётганлигини, айрим топилмаларнинг (Эрамизнинг II-III асрларига хос найза учи топилмаси) таснифини инобатга олиб, бу шаҳристонда маданий ҳаёт аввалги даврларга бориб тақалиши мумкинлиги ҳақида тахминларни вужудга келтиради.
Кўргазма мақсади
“Замин бағридаги ўтмиш” номли кўргазмада 64 та турли хил археологик топилмалар намойиш қилинмоқда. Экспозицияда дастурхон бўлаклари, ҳар хил ҳажмдаги кўзачалар, қозон бўлаклари, христианларга тегишли тўртбурчакли тақинчоқ, турли хил тошлардан ясалган мунчоқлар ўрин олган. ХМКС коллекцияси йилдан – йилга янги топилмалар билан бойиб бормоқда. Уларни асраб – авайлаш эса ҳар биримизнинг бурчимиздир.
Кўргазма жорий йилнинг 10 сентябригача давом этади.
Гавхар Саодатова
|
|