Все новости
ПРЕСС-РЕЛИЗ. Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 25 йиллигига бағишланган рассом Аҳмад Бобоевнинг “Умр лаҳзалари” номли шахсий кўргазмаси
24.08.2016
ПРЕСС-РЕЛИЗ. Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 25 йиллигига бағишланган рассом Аҳмад Бобоевнинг “Умр лаҳзалари” номли шахсий кўргазмаси
2016 йилнинг 24 август куни соат 17:00да Ўзбекистон Бадиий Академияси Икуо Хираяма Халқаро маданият карвон саройида Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 25 йиллигига бағишланган рассом Аҳмад Бобоевнинг “Умр лаҳзалари” номли шахсий кўргазмасининг очилиши бўлиб ўтди.

Аҳмад Бобоев – 1964 йили Тошкент шаҳрида туғилган. 1979-1983 йилларда П.П. Беньков номидаги Республика рассомлик коллежининг “Чизмачилик ва расм” бўлимини тугатган.

1983-2001 йилларда Островский номидаги Театр ва рассомлик институтининг “Дастгоҳли рангтасвир” факультетини тугатган.
1990 – 1996 йилларда Луначарский номидаги ижодиёт марказида “Тасвирий санъат студияси”га раҳбарлик қилган.

Аҳмад Бобоевнинг ижоди унинг ички дунёсининг маҳсулидир. Унинг асарлари тўғридан–тўғри томошабинга мурожаат бўлиб, уларнинг фикрларини тозалаш ва ёмон иллатлардан халос этиш ҳамда онгини ўткир фалсафий ғоялар билан тўлдиришдан иборат. Рассом асарларини бошқа ижодкорларга ўхшатмасликка ҳаракат қилади ва тенгсиз ғоялар билан ижод қилади. Унинг “Хайём олдида”, “Авиценнанинг куби” каби асарлари шулар жумласидан.

Кўргазмалари:
1995 йил –“Ёшлар кўргазмаси” ва “Умид шафақи”, Марказий кўргазмалар зали.
1996 йил – “Наврўз”, Марказий кўргазмалар зали.
1998 йил – Ўзбекистон Бадиий Ижодкорлар уюшмаси аъзоси.
1999 йил – Шифокор Назаров марказида шахсий кўргазма.
2000 йил – Республика биржа марказида Ўзбекистоннинг энг таниқли рассомларининг ижодий ишлари сотуви кўргазмаси иштирокчиси.
2001 йил - “Ёшлар кўргазмаси”, Марказий кўргазмалар зали.
2002 йил – Ўзбекистон Ёшлар театрида шахсий кўргазма.
2004 йил – Маданият ва цивилизация ҳақида Қирғизистон элчихонасида суҳбат ва Иссиқ – кўлда ҳисобот кўргазмани ўтказиш ҳақидаги келишув.
2004 йил – Ўзбекистон санъати Форуми иштирокчиси, Марказий кўргазмалар зали.
2006 йил – “Рассом ва табиат”, Марказий кўргазмалар зали.
2007 йил – “Қрим тупроғида” Ўзбекистон маданияти кунлари, Москвадаги марказий кўргазмалар зали.
2008 йил – “Шарқ – сен билан бирга” шахсий кўргазма, Тошкент вилояти ҳокимиятида.
2009 йил – Тошкент шаҳрининг 2200 йиллигига бағишланган “Пойтахт кўрки” кўргазмаси, Тасвирий санъат галереяси.
2013 йил - “Шарқ – сен билан бирга” шахсий кўргазмаси, “Маданият ва санъат кўргазмаси” зали.
2013 йил – Халқаро Биеннале иштирокчиси, Марказий кўргазмалар зали.
2014 йил – Гулистон шаҳрида “Наврўз” кўргазмаси.
2014 йил – “Тасвир ва мен...”шахсий кўргазмаси, “Маданият ва санъат кўргазмаси” зали.
Рассом ва кино
Рассом Аҳмад Бобоев серқирра ижодкор. Айниқса, унинг бадиий фильмларда фаолияти жуда қизиқарли. У жуда кўп бадиий фильмларда саналаштирувчи рассом сифатида унумли ижод қилиб келмоқда. Жумладан, 1998 йил – “Ўзбекфильм” киностудиясида суратга олинган “Сўғдиёна” ва Ўзбек – Корея “Меймор” қўшма корхонаси ҳамкорлигидаги “Сен эса йиғлама” номли бадиий фильмларда бош рассом сифатида ижод қилган. 2002 йил - “Ўзбекфильм” киностудиясида суратга олинган “Авеста” бадиий фильми саҳналаштирувчи рассоми, шунингдек, “Шот” киностудиясининг “Албатта йўли топилади” номли бадиий фильми, “Ҳасанфильм” киностудиясининг “От минган киши”, “Динозавр изидан” каби бадиий фильмида рассом сифатида иш олиб борган.
Албатта, киносаноати соҳасидаги ютуқлари ҳам таҳсинга сазовор, 2014 йил “Қозоқфильм” киностудиясининг маҳсулоти бўлган “Эркин қушлар” номли бадиий фильм Канн фестивалига тақдим этилган. Бунда Аҳмад Бобоевнинг ҳам меҳнати бор.
“Умр лаҳзалари” номли шахсий кўргазма Аҳмад Бобоевнинг ижодий фаолиятининг томошабинлар олдидаги ҳисоботидир. У инсонга ўтаётган ҳар бир лаҳзани бекорга ўтказмаслик, халқ учун, санъат ихлосмандлари учун нимадир яратиш ва уларни ҳайратга солиш кераклигини уқтиради. Гўзаллик дунёси бўлмиш аёл образининг турли кўринишлари, табиат билан уйғунлигини ҳамда инсон яшашга завқ ва иштиёқни борлиқдан олишини ўргатади.

Аҳмад Бобоевнинг ишлари нафақат Ўзбекистонда, балки, чет элларда ҳам, жумладан, Россия, Ҳиндистон, Покистон, Туркия, Кичик Осиё, Египет, Англия, Германия, Канада ва Қирғизистон каби давлатларда шахсий коллекцияларда сақланиб келади.
Кўргазмага рассомнинг 60дан ортиқ ишлари қўйилди.
Кўргазма шу йилнинг 5 сентябригача давом этади.

www.art-academy.uz
www.caravanserai.uz
Просмотров 859    Рейтинг 66   Понравилась новость?    +1   -1    Добавить комментарий  (0)

фото