23.05.2016 Ўзбекистонда меъморлик санъати
Меъморлик, архитектура – фойдаланишдаги мақсад ва вазифалар, замонавий техник имкониятлар ва жамиятнинг эстетик қарашларидан келиб чиқиб, бино ва иншоотларни қуриш санъати.
Меъмон инсон ҳаёти ва фаолияти учун зарур фазовий муҳитни тафаккур кучи билан аввал ижодий лойиҳада режалаб, уни амалда юксак дид ва маҳорат билан бунёд этади.
Меъморлик асарларига турли – туман бинолар, уй-жойлар, меъморий мажмуалар, майдонлар, шаҳарлар, улардаги монументлар, усти очиқ ва ёпиқ иншоотлар киради. Меъморликни жамловчи энг мураккаб соҳаси – шаҳарсозлик шуғулланади.
Ўтмиш давру давронлар тўфонида жуда кўп маҳобатли биолар ном – нишонсиз тўзиб кетган. Лекин асрлар оша етиб келган буюк меъморий мерос ёдгорликлари замирида меъморликнинг юксалиш самара ва катта ютуқларини кўриш мумкин. Қадимги Шарқ ва Мисрда меъморликнинг ҳали тарих билмаган, одамларни ҳайратда қолдирадиган маҳобатли эҳром масалан, пирамида, зиккурат каби илоҳий мафкура билан боғлиқ улкан иншоотлари қад кўтарди. Юнонистонда бунёд этилган антик, классик даврлар услубида милоддан аввалги 7 асрлар, ўрта асрлар Европа меъморлигида роман, готика услубида улкан бинолар, хусусан ибодатхоналар бунёд этилган.
Ўзбекистон меъморлик санъатида XIX аср охиридан бошлаб жиддий ўзгаришлар рўй бера бошлади. Бу санъат турида пишиқ ғишт кенг қўлланила бошланди. Ўша даврдан бошлаб қурилишда Европа меъморлиги ва миллий безак санъатини уйғунлаштириш ҳаракати бошланган эди. Бу Бухоро амирининг ёзги қароргоҳи Ситораи Мохи – Хоса қурилишида кўринади. Маҳаллий ва Европа анъаналари асосида қурилган ушбу қурилишга раҳбарлик қилган уста Хўжа Ҳофиз аввало рус қурилиш санъатини чуқур ўрганган. У қатор шаҳарларда, жумладан, Петербург ва Ялта шаҳарларида бўлган. Бу шаҳарлардаги бинолар қурилишида мумтоз санъат ва уйғониш даври услублари ишлатилганини ўз кўзи билан кўрган.
Саид Олимхон даврида қурилган янги саройда миллий қурилиш услуби ва безаги эса Европа меъморлиги анъаналарига уйғунлаштиришга интилиш сезилади. Саройга кириш дарвозахонасида миллий безакнинг кошин услубидан кенг фойдаланилган. Арк ва металлар ишлатилиши бинонинг эклектик жиҳатини оширган. Саройнинг меҳмонхонаси ҳам ўзига хос. Биллур қандиллар, кафелли ўчоқ, ёғоч поллар, багетлар, эшик ва ромлар хонага ўзгача файз бериб туради. Булар ҳаммаси Марказий Осиё меъморлик санъатида янги жараёнлар шакллана бошланганлигини билдиради. Саройнинг “Оқ зали” безаклари халқ устаси Ширин Муродов раҳбарлигида бажарилган. Бу зал ўзининг ёрқин ва нафислиги билан ажралиб туради.
Ўзбекистондаги меъморий ўзгаришлар Хива хонлигида ҳам кўринади. Шаҳарсозлик санъати Муҳаммад Раҳимхон даврида бошланиб, унинг ўғли даврида янада равнақ топди. Хивадаги энг машҳур ва кўркам меъморий обидалардан бири Ислом Хўжа минорасидир. Шаҳарнинг энг баланд ва гўзал бу ёдгорлиги 1908 йилда хон вазири Ислом Хўжа томонидан қурдирилган. Усталар Худойберган Хўжа, Болта Воисов ва Мадаминовлар қурилиш ишларини олиб боришган.
Ўзбекистон меъморлик санъати қадимийлиги, турли туман меъморий ёдгорликлари, юксак нафосат мужассам бўлган маҳобатли осори – атиқалари билан диққатга сазовор. Амударё ва Сирдарё оралиғидаги энг қадимий маданият марказлари жумладан, Сополлитепа, Қўйқирилган қалъа, Тупроққалъа, Афросиёб, Варахша, Пойкенд, Қонқалар ҳозиргача сақланиб келган. Давоми бор.
Гавҳар Саодатова Санъатшунос - журналист
|