Все новости
ПРЕСС-РЕЛИЗ. “Тасвирий ва амалий санъат фестивали” доирасида Ўзбекистон Бадиий Ижодкорлар уюшмаси “Дастгоҳли рангтасвир, графика, миниатюра, ҳайкалтарошлик ва фоторассомлар” шўъбаларининг кўргазмаси
21.04.2016
ПРЕСС-РЕЛИЗ. “Тасвирий ва амалий санъат фестивали” доирасида Ўзбекистон Бадиий Ижодкорлар уюшмаси “Дастгоҳли рангтасвир, графика, миниатюра, ҳайкалтарошлик ва фоторассомлар” шўъбаларининг кўргазмаси
2016 йилнинг 21 апрель куни соат 15:00да Ўзбекистон Бадиий Академияси Икуо Хираяма Халқаро маданият карвон саройида “Тасвирий ва амалий санъат фестивали” доирасида Ўзбекистон Бадиий Ижодкорлар уюшмаси “Дастгоҳли рангтасвир, графика, миниатюра, ҳайкалтарошлик ва фоторассомлар” шўъбалари кўргазмасининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

“Тасвирий ва амалий санъат фестивали” доирасида ўтказилаётган ушбу кўргазма юртимизнинг энг таниқли санъат арбоблари, рассомлар ҳамда талабаларнинг энг сара асарларидан ташкил топган.
Ҳар йили баҳор фаслида ўтказилиб келинаётган “Тасвирий ва амалий санъат фестивали”га нафақат, санъат шайдолари, балки, халқимиз ва хорижликларнинг қизиқиши йил сайин ортиб бормоқда. Бу йилги фестиваль доирасида Озарбайжон Маданий маркази, Хитой Халқ Республикаси тасвирий санъат усталари ҳамда Эрон, Индонезия, Вьетнам, Словакия, Ҳиндистон, Италия, Япония ва Бангладеш каби хорижий мамлакатлар дипломатик ваколатхоналари кўргазма ва маданий дастурлари билан иштирок этишмоқда.
Республикамизда санъат соҳасидаги ижодкорлар Ўзбекистон Бадиий Ижодкорлар уюшмасида 15та шўъбага бирлашган ҳолда фаолият олиб боради. Шулардан “Тасвирий ва амалий санъат фестивали” доирасида Ўзбекистон Бадиий Ижодкорлар уюшмаси “Дастгоҳли рангтасвир, графика, миниатюра, хаттотлик, ҳайкалтарошлик, фоторассомлар” шўъбаларининг кўргазмаси Халқаро маданият карвон саройининг катта ва кичик залларида ташкил этилди. Кўргазмада шўъба аъзоларининг 200га яқин асарлари намойиш қилинди.
Дастгоҳли рангтасвир
Рангтасвир – тасвирий санъат тури бўлиб, бирор қаттиқ юзада рангли ашёларда, масалан, бўёқлар ёрдамида яратиладиган бадиий асар. Рангтасвир асарининг ғоявий мазмуни унинг мавзу ва сюжетида мужассамлашади, сюжетни рассом рангтасвирнинг ифода воситалари, яъни композиция, расм, ранг, ритм ва ҳоказолар орқали рўёбга чиқаради.
Рангтасвир юксак чўққига эришда ва янги ғоялар билан бойиди, дастгоҳ рангтасвир ижтимоий ҳаётга кенг кириб борди. Техникада сув бўёқ ўрнини мойбўёқ эгаллай бошлади, лессировка, валёр услубига қизиқиш ортди, лок-мойбўёқ техникаси мураккаблашди, кўп қатламли рангтасвир ривожланди.
Ўзбекистон Бадиий Ижодкорлар уюшмаси “Дастгоҳли рангтасвир” шўъбаси раиси таниқли рассом Александр Тюрин. Ҳозирда шўъбанинг 157 нафар аъзоси бор.
Графика
Графика – тасвирий санъатнинг тури бўлиб, юнонча – ёзаман, чизаман деган маънони билдиради. Расм ва расм санъатига асосланган, лекин ўз тасвир ва ифода воситаларига эга бўлган босма бадиий асардир. “Графика” термини дастлаб хат ва хаттотлик санъати маъносида қўлланган. 19 – аср охири – 20 – аср бошларидан янги маъно касб этди, полиграфия саноатининг ривожи, фотомеханиканинг вужудга келиши билан Графика тасвирий санъат турига айланди.
Ўзбекистонда графика 20 – аср бошларида шаклланди ва ривожланди. Рассомлар И. Икромов, В. Кайдалов, Л. Абдуллаев, Т. Муҳамедов, К. Назаровлар илк китоб суратлари ва ажойиб линогравюра асарлари билан ўзбек графикаси мактабинининг вужудга келишига замин яратди.
Ўзбекистон Бадиий Ижодкорлар уюшмаси “Графика” шўъбаси раиси рассом Шавкат Музаффар. 100 нафарга яқин аъзоси бор.
Ҳайкалтарошлик
XX асрнинг иккинчи ярмида Ўзбекистонда ҳайкалтарошлик санъати аниқ бир қиёфани ўзида жамлади. Атроф – муҳитнинг бойлиги халқ ёки миллатнинг маънавий қиёфасининг ўзига хос гавдаланишида монументал ҳайкаллар алоҳида ўрин тутади. Республикамизнинг гўзал Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Фарғона, Наманган, Андижон, Хоразм каби шаҳарларида кўплаб салобатли ҳайкаллар қад кўтариб турибди. Бу соҳада самарали ижод қилган таниқли ҳайкалтарошларимиздан Аҳмад Шоймуродов, Ҳакимхўжа Ҳусниддинхўжаев, Яков Шапиро, Абдумўмин Бойматов, Эйнулла Алиев, Жолдосбек Қуттимуродов, Анвар Аҳмедов, Илҳом Жабборов, Равшан Миртожиев, Дамир Рўзибоев, Анвар Раҳматуллаев каби санъат усталарини санаш мумкин. Ҳозирда шўъбага 27 нафар аъзо бирлашган бўлиб, шўъба раиси таниқли ҳайкалтарош Тулаган Таджиходжаев.
Миниатюра
Миниатюра – лотинча қизил бўёқ деган маънони билдириб, бадиий усуллари ўта нафис бўлган кичик ҳажмли, мўъжазгина тасвирий санъат асаридир. Ўрта аср қўлёзмаларини зийнатлаш учун яратилган нафис, мўъжаз расмлар, шунингдек, суяк, пергамент, мағзи сохта, металл, чинни, баъзан маиший буюмлар яъни тамакидон, соат, узук кабиларга ишланган кичик ҳажмдаги рангтасвирга ҳам миниатюра атамаси қўлланади.Миниатюра қадимдан маълум бўлган. Қадимий Миср папирусларига хира бўёқлар билан перода расмлар текис юзали қилиб рангтасвир усулида ишланган.
Ўзбекистонда Уста Мўмин, А. Сиддиқий, Г. Никитин, Ч. Аҳмаров, Т. Муҳамедов каби рассомлар ижодида миниатюра анъаналари кузатилади. Мустақилликдан сўнг миниатюра санъати юқори босқичга кўтарилди. Ч. Ахмаров миниатюра санъати анъаналарини ўз ижодида давом эттирди, уни янгича мазмун ва ғоялар билан бойитди.

Ўзбекистон Бадиий Ижодкорлар уюшмаси “Миниатюра” шўъбаси раиси Баҳодир Хожиметов. 30га яқин аъзоси бор.
Фото санъати
Фото санъати – бадиий ижод тури бўлиб, асарлари фотография яъни сурат орқали яратиладиган санъатдир.
Дастлабки ўзбек фотоусталаридан бири хивалик Худойберган Девонов 1907 – 1908 йилларда Петербургга бориб, бу касбни чуқур ўрганиш билан бирга ўша даврнинг энг илғор фототехникасини олиб келган ва кўплаб тарихий фотосуратлар яратган. Ўзбекистонда чинакам фото санъатнинг асосчиларидан бири М.З. Пенсондир. У 20-асрнинг 20-йилларидан то 50-йилларигача Ўзбекистоннинг фотойилномасини яратишга ҳисса қўшди. 1940 - йилларда Ўзбекистон фото санъати ижодий услублари кўпайди, жанрий шакллар ортди. Масалан, меъморлик, театр, портрет, болалар ҳаёти, маиший жанр, маданият бўйича ихтисослашди.
Ўзбекистон Бадиий Ижодкорлар уюшмаси “Фоторассомлар” шўъбаси раиси Рустам Ҳодиевич Шарипов.
2010 йилда Ўзбекистон Бадиий Академиясининг “Олтин медали” соҳиби.
10 йилдан бери “Фоторассомлар” шўъбаси фаолият олиб боради. Шўъба аъзолари Тошкент Фотосуратлар уйи қошидаги “Фотосанъат мактаби”да дарс беришади ҳамда маҳорат ошириш дарсларини олиб боради. “Фоторассомлар” шўъбасининг шу кунгача 35 нафар аъзоси бор.


Сайтимизга ўтиш учун QR кодидан фойдаланинг


www.art-academy.uz
www.caravanserai.uz

Гавхар Саодатова
Просмотров 1248    Рейтинг 9   Понравилась новость?    +1   -1    Добавить комментарий  (0)

фото