Все новости
ПРЕСС-РЕЛИЗ. Таниқли ёғоч – ўймакор Эргаш Алиевнинг “Қалбдан чиққан чизгилар” номли шахсий кўргазмаси
05.04.2016
ПРЕСС-РЕЛИЗ. Таниқли ёғоч – ўймакор Эргаш Алиевнинг “Қалбдан чиққан чизгилар” номли шахсий кўргазмаси
2016 йилнинг 5 апрель куни соат 16.00да Ўзбекистон Бадиий Академияси Икуо Хираяма Халқаро маданият карвон саройида “Дўстлик” ордени соҳиби, таниқли ёғоч – ўймакор Эргаш Алиевнинг “Қалбдан чиққан чизгилар” номли шахсий кўргазмасининг очилиши бўлиб ўтди.

Ёғоч ўймакорлиги бадиий ҳунармандчиликнинг қадимий ва кенг тарқалган турларидан биридир. Ёғочни кесиб, ўйиб, чизиб, заминни тешиб нақш, бўртма шакллар ҳосил қилиб, ёғоч тахтача ва бўлакларини бир – бирига улаб, ёпиштириб, ҳандасий шакллар, ўсимликсимон тасвирлар, ислимий нақшлар ҳосил қилинади. Уста нақшни безатиладиган сиртга ахта воситасида туширади, устидан нақш чизиқлари чизиб чиқилади, сўнг исканалар ёрдамида ўйилади. Ўйишда паргари, бағдоди усуллари кенг қўлланилади.

Ёғоч ўймакорлиги кўп меҳнат талаб қилинадиган соҳа бўлиб, унда Ўзбекистонда ўсадиган маҳаллий дарахтлар – қайрағоч, арча, ёнғоқ, тут, ўрик, чинор, тол, терак кабилардан фойдаланилади.

Ўзбекистон Республикаси “Халқ таълими аълочиси” медали, “Дўстлик” ордени соҳиби Эргаш Алиев ўзбек амалий санъатини ёшларга ўргатиш билан бирга ўз фарзандларини ҳам ота касбига меҳр уйғота олган.

Эргаш Алиев – 1951 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. 10 ёшлигиданоқ шу ҳунарга қизиқиб, тўгаракларга қатнаша бошлаган. 1967 йилда П.П. Беньков номидаги Республика Рассомлик коллежининг “Ёғоч ўймакорлиги” бўлимига ўқишга кириб, Ўзбекистон Халқ рассоми Ортиқ Файзуллаев қўлида таълим олди.

1971 – 1978 йилларда Островский номли Театр ва рассомлик инситутида ўқиган. 1980 йилда “Уста” бирлашмасидаги “Ёғоч ўймакорлиги” бригадасида ишлаган. 1985 йилдан бошлаб эса шу кунгача Юнусобод туманидаги Қўшимча таълим мажмуасида ёшларга шу соҳанинг сир – асрорларини ўргатиб келади. Ушбу тўгарак болаларнинг бўш вақтларини бекорга ўтказмаслиги ва уларни меҳнатга жалб этиш мақсадида 1953 йилда ташкил қилинган ва ҳозиргача фаолият кўрсатиб келади.

Эргаш Алиевнинг ишлари давлатимиз томонидан юқори баҳоланиб, 2001 йили “Дўстлик ордени”, 2009 йилда эса “Халқ таълими аълочиси” медали билан тақдирланди.

1993 йилдан бошлаб Ўзбекистон Бадиий Ижодкорлар уюшмаси аъзоси.
Эргаш Алиевнинг “Қалбдан чиққан чизгилар” номли шахсий кўргазмасида 50 га яқин асарлари намойиш қилинмоқда. Кўргазма шу йилнинг 15 апрелигача давом этади.

Ижодий ишлари:

1991 йил – Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети музейи учун биргаликда ишланган ўйма эшикнинг “Мустақилли к айёми” нақш композицияси.
1991 йил – Тошкент шаҳри, Эски Жўва бозори яқинидаги “Тўхтабой” жомеъ масжидига бир дона икки табақали ўйма эшик ўйиш иши.
1992 йил - Чиғатой Дарвозадаги “Имом Бухорий” жомеъ масжидига икки дона икки табақали ўйма эшик.
1997 йил – “Халқ таълими фидойиси” нишони соҳиби.
2000 йил – “Ташаббус - 2000” кўрик танловининг Юнусобод тумани бўйича 2 – ўрин соҳиби.
2001 йил – “Дўстлик” ордени соҳиби.
2009 йил – Ўзбекистон Республикаси “Халқ таълими аълочиси” медали соҳиби.
2012 йил – “Гули бодом” деб номланган саккиз қиррали хонтахта асари билан “Тасвирий ва амалий санъат фестивали” қатнашчиси.
2015 йил - “Замонга нигоҳ” номли 40х26см ҳажмдаги қутича билан “Тасвирий ва амалий санъат фестивали” қатнашчиси.

Гавхар Саодатова
Просмотров 416    Рейтинг 60   Понравилась новость?    +1   -1    Добавить комментарий  (0)

фото