17.03.2016 ПРЕСС-РЕЛИЗ. Кулол Фания Деденёванинг 60 ёшлик юбилейи муносабати билан “Ижод завқи” номли шахсий кўргазмаси
2016 йилнинг 17 март куни соат 16.00да Ўзбекистон Бадиий Академияси Икуо Хираяма Халқаро маданият карвон саройида Ўзбекистон Бадиий Ижодкорлар уюшмаси аъзоси, кулол Фания Деденёванинг 60 ёшлик юбилейи муносабати билан “Ижод завқи” номли шахсий кўргазмасининг очилиши бўлиб ўтди.
Қадимий кулолчилик санъати асрлардан ошиб бизгача етиб келди. IX-XIII асрларда ҳунармандчилик – кандакорлик, ёғоч, тош ўймакорлиги, бадиий шишасозлик, гилам тўқиш, бадиий газлама тайёрлаш ва сирли кулоллик санъати ривожланди. Сирли кулоллик санъати аввал Афросиёбда, кейинчалик эса Шош, Фарғона, Хоразм ҳудудларида ҳам кенг тарқалди. Маҳаллий уста – кулоллар бежирим кўринишдаги бадиий усул ҳамда безаклардан фойдаланганлиги натижасида янги шаклли сопол буюмлари вужудга келди. Асосан ўсимликсимон ва ҳандасавий нақшлар қўлланилсада, эпиграфик ёзувли нақшлар ҳам пайдо бўла бошлади. Вақт ўтиши билан араб ёзувидан таркиб топган эпиграфик нақшлаш ўзининг мустаҳкам ўрнини эгаллади.
Ўзбекистонда эркаклар билан биргаликда аёллар ҳам кулолчилик санъати билан шуғулланади. Ана шундай аёллардан бири кулол Фания Деденёвадир. Фания Деденёва – 1956 йили Тошкент шаҳрида туғилган.
1974-78 йилларда П.П. Беньков номидаги “Кулолчилик” бўлимини тугатган. 1993 йилдан бошлаб Ўзбекистон Бадиий Ижодкорлар уюшмаси аъзоси. Ижодкор ўз ишининг устаси бўлганлиги боис, лойдан ҳар хил ажойиб асарлар яратади. Масалан, турли хил ҳажмдаги лаганларга юртимизнинг тарихий обидалари, ажойиб табиати ва архитектурасини чизади, бу орқали ўзининг ҳаётга бўлган қизиқиши ва иштиёқини баён этади. Шу билан бирга археологик топилмаларга асосланган ҳолда қадимий идишлар, кўзачалар, гулдончаларни замонавий нақшлар уйғунлиги ҳолда қайта тиклашга ҳаракат қилади. Фания Деденёва республика ва халқаро кўргазмалар иштирокчиси. Жумладан, Таллин, Олма – ота, Ленипнград, Запорожье, Харьков каби шаҳарларда ўтказилган кўргазмаларда ўзининг энг сара ишлари билан қатнашган. Шунингдек, у ясаган буюмлар ҳозирда АҚШ, Жанубий Корея ва Германияда шахсий коллекцияларда сақланиб келади. Ижодкор хайрия кўргазмаларида фаол қатнашади. Ҳозирда эса Тошкентдаги 1- ва 23–сонли меҳрибонлик уйларида кулолчилик тўгарагини олиб боради.
Бу йил кулол 60 ёшни қаршилади. Шунга қарамасдан, кулолчилик санъатини ривожлантириш ва ёшларга ўргатиш борасида тинимсиз меҳнат қилиб келмоқда. “Ижод завқи” номли кўргазмада кулол ясаган 130та ижодий ишлар намойиш этилмоқда. Кўргазма шу йилнинг 31 мартигача давом этади.
Кўргазмалари: 2004 йил – 1-июнь – Болаларни ҳимоя қилиш кунига бағишланган кўргазма иштирокчиси. 2004 йил – Корея ва ўзбекистонлик рассомларнинг “Дўстлик фестивали” доирасидаги кўргазма иштирокчиси (Халқаро маданият карвон саройи). 2005 йил – “Ватан мадҳи” кўргазмаси. Есенин музейи. 2006 – 2007 йиллар – Ўзбекистон Бадиий Академиясининг “Табиат ва рассом” номли кўргазмаси иштирокчиси. 2007 йил – Ўзбекистон Бадиий Академиясининг “Наврўз” байрами ва Мустақиллигимизнинг 16 йиллигига бағишланган “Энг улуғ, энг азиз” танловлари иштирокчиси. 2008 йил – Ўзбекистон Бадиий Академиясининг “Кесишиш нуқтаси” ва “Баҳор вернисажи” номли кўргазмалар қатнашчиси. 2009 йил – Тошкент Фотосуратлар уйи ўтказилган Анъанавий ҳунармандлар фестивали иштирокчиси. 2010 йил – Ўзбекистон Бадиий Академиясининг “Форма+” ва “Наврўз” номли амалий санъат кўргазмаси иштирокчиси. 2011 йил – У. Тансиқбоев музейида “Она ва қиз” номли кўргазмаси. 2013 йил – “Тасвирий ва амалий санъат фестивали” иштирокчиси. 2014 йил – Ўзбекистон Қуролли Кучлар музейида. “Кулолчилик асарларида вақт ва замон уйғунлиги” номли шахсий кўргазмаси. 2015 йил – Ўзбекистон Қуролли Кучлар музейида 8-Март кунига бағишланган “Баҳор вернисажи” номли кўргазма иштирокчиси.
Гавхар Саодатова
|
|