Все новости
Моҳир ҳунарманд кўргазмаси
05.03.2016
Моҳир ҳунарманд кўргазмаси
Ўзбекистон Бадиий академияси Халқаро маданият карвон саройида Ўзбекистон халқ рассоми Ортиқ Файзуллаев ижодий кўргазмаси ташкил этилди.

Ўзбекистон Бадиий академияси раиси А.Нуриддинов, Республика «Ҳунарманд» уюшмаси раиси М.Қурбонов ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида миллий маданиятимиз ва санъатимиз изчил ривожланаётгани, ижодкорлар ва ҳунармандлар ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватланаётганини таъкидлади.

Моҳир наққош, ўймакор уста О.Файзуллаев 1933 йили Тошкент шаҳрида туғилган. Шогирдлари билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси биноси, «Ўзбекистон» халқаро анжуманлар саройи, кўплаб маъмурий бинолар, санъат саройлари, муқаддас қадамжоларни декоратив безаш ишларига ҳисса қўшган. Қирқ беш йил мобайнида Республика рассомлик коллежида ёшларга ёғоч ўймакорлигидан дарс берган. Ўғиллари ва набиралари бугунги кунда устанинг ижод йўлини давом эттирмоқда.

Моҳир устанинг ижод намуналари юртимиз ва хориждаги музейларда сақланиши билан бирга Австралия, Бельгия, Германия, Швеция, Франция, Япония, Италия, Кипр, Польша каби мамлакатлардаги кўргазмаларда юксак эътироф этилган.

Мазкур кўргазмада О.Файзуллаев ишлаган лавҳ, қутича, мўъжаз курси, деворий безаклар, қаламдон каби элликдан зиёд ижод намунасига ўрин берилган. Ёғоч ўймакорлигининг Тошкент мактаби йўналишидаги бу ижод намуналари нафислиги, нақшларининг мукаммаллиги билан томошабинлар эътиборини жалб этмоқда.

Назокат Усмонова, Сарвар Ўрмонов (сурат), ЎзА

04.03.2016 17:13

http://uza.uz/oz/culture/mo-ir-unarmand-k-rgazmasi-04-03-2016
Просмотров 737    Рейтинг 33   Понравилась новость?    +1   -1    Добавить комментарий  (0)

фото