Все новости
ПРЕСС-РЕЛИЗ. Ўзбекистон Халқ рассоми Ортиқ Файзуллаевнинг “Санъатни англаш шажараси” номли шахсий кўргазмаси
04.03.2016
ПРЕСС-РЕЛИЗ. Ўзбекистон Халқ рассоми Ортиқ Файзуллаевнинг “Санъатни англаш шажараси” номли шахсий кўргазмаси
2016 йилнинг 4 март куни соат 15.00да Ўзбекистон Бадиий Академияси Икуо Хираяма Халқаро маданият карвон саройида ёғоч ва суяк ўймакори, Ўзбекистон Халқ рассоми, Ўзбекистон Бадиий Академиясининг академиги, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Ортиқ Файзуллаевнинг “Санъатни англаш шажараси” номли шахсий кўргазмаси очилиши бўлиб ўтди.

Ёғоч ўймакорлиги юртимизда қадимдан ривож топган халқ амалий санъат тури ҳисобланади. Ҳар бир хонадонда ёғочдан ишланган хонтахта, сандиқ, қути, қаламдон ёки мусиқа асбобини учратиш мумкин. Уларнинг аксари ҳақиқий санъат намуналаридандир.

Ортиқ Файзуллаев - 1933 йили Тошкент шаҳрида дунёга келган. Оталари — Файзуллахўжа Мирзахўжа ўғли косиб, оналари — Санобархон Ботирхон қизи уй бекаси бўлишган.

Ортиқ Файзуллаев ёшликдан расм чизиш ва халқ амалий санъатига қизиқди. Бу қизиқиш уни 1952 йил П. П. Беньков номидаги Рассомчилик билим юртига етаклади. Билим юртида у Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Мақсуд Қосимовдан ёғоч ўймакорлиги сирларини ўрганди.
Ёш ўймакор талабалик давридаёқ катта ижодий йўлга қадам босди. 1957 йили тўртинчи босқичда ўқиб юрганида Москвада бўлиб ўтган Жаҳон ёшлари ва талабаларининг VI фестивалида «Оламга тинчлик» намоёни билан қатнашиб, диплом билан тақдирланган.

Ортиқ Файзуллаев устози Мақсуд Қосимовдан ёғоч ўймакорлиги ва панжара санъати сир - асрорларини пухта эгаллади ва диплом ишини шу соҳага бағишлади. У ажойиб ширмалар яратди. Ширма – бир нечта табақали кўчма панжара-парда бўлиб, уйларда тўсиқ вазифасини бажаради. Панжара санъати мураккаб бўлиб, михсиз ва елимсиз ясалади ва устадан юқори маҳорат ҳамда математик аниқликни талаб қилади.

Ортиқ Файзуллаев ўз маҳоратини янада ошириш мақсадида Низомий номидаги Тошкент Давлат Педагогика институтига ўқишга кирди. 1969 йилда у институтнинг расм ва чизмачилик бўлимини тамомлади.
Ортиқ Файзуллаев ўз асарларини яратишда ёғочнинг табиий гўзаллигини сақлайди. У ўз асарларида ислимий ва паргори нақшларидан фойдаланади шунингдек, нақшларида пахтагулни кенг қўллайди.

Маълумки, Ўзбекистоннинг географик шароити туфайли суяк ўймакорлиги кенг ривожланмаган. Ортиқ Файзуллаев ўзбекистонлик ўймакорлар орасида биринчи бўлиб Украинанинг Киев шаҳрида суяк ўймакорлигини ўрганди. Уста суякдан ясаган “Яккама-якка”, “Чўпон”, “Навоий ҳайкали” ва “Пахта рақси” номли асарлар яратди. 1961 йилда ўзининг Суяк ўймакорлиги ишлари билан “Халқ хўжалиги ютуқлари” кўргазмасида қатнашиб, кумуш медал билан тақдирланди.
1962 - 2007 йилларда П.П.Беньков номли Республика рассомчилик билим юртида ёғоч ўймакорлигидан дарс берди. Уста бир неча юзлаб шогирдлар тайёрлади. Ортиқ Файзуллаев шогирдлари олдига ўзидан ўзиб кетишни талаб қилиб қўяди ва иқтидорли шогирдлари билан фахрланади.
Юртимизда барпо этилган жуда кўп иншоотларда Ортиқ Файзуллаев ва уларнинг шогирдлари иштирок этишган.
• Олий Мажлис биноси
• Хотира хиёбони ва ундаги “Қатағон қурбонлари” музейи мажмуаси
• Исмоил Сомоний мақбараси
• Самарқанддаги Ал-Бухорий мақбара мажмуаси
• Тошкентдаги Халқлар дўстлиги (Истиқлол) саройи
• Дўрмон (ҳозирда Кўксарой) қароргоҳи
• Ғазалкент, Янгиободдаги Маданият саройлари
• Кисловодскдаги “Ўзбекистон” санаторийси
• Миллий либослар галереяси
• “Ҳазрати Имом” мажмуаси (Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан “Нексия” автомобили билан мукофотланган)
• Ўзбекистон халқаро анжуманлар саройи (Форум биноси)
• “Кўк гумбазлар” кафеси

Ортиқ Файзуллаевнинг асарлари Япония, Франция, Германия, Польша, Туркия, Бельгия, Латвия, Швеция, Италия, Кипр, Австралия, ва бошқа мамлакатлардаги машҳур кўргазмаларга қўйилган.

Уста 1994 йилда Покистоннинг Исломобод шаҳрида ўтказилган “Ислом давлатлари усталари иш устида” фестивалида Ўзбекистонлик усталар билан иштирок этиб, 46 давлат усталари орасида танлов ғолиби бўлган.

Ортиқ Файзуллаев БМТнинг 50 йиллигига бағишланган Республика санъат ярмаркасида қатнашиб, ЮНЕСКОнинг диплом ва сертификатига сазовор бўлган.
1996 йил Амир Темур таваллудининг 660 йиллиги муносабати билан Парижда ўтказилган “Ўзбекистон кунлари” кўргазмасида Ортиқ Файзуллаев 20 дан зиёд асарлари билан иштирок этиб, хорижликлар эътирофига сазовор бўлди.

Ортиқ Файзуллаев яратган асарлар Давлат Санъат Музейи, Амалий Санъат Музейи, Ўзбекистон халқлари тарихи музейи, Москва ва Санкт-Петербург музейларида сақланади.

Ортиқ Файзуллаев шундай дейди: "Санъат ўз-ўзидан бўлмайди, унга жуда катта меҳр, муҳаббат керак. Менда шундай вақтлар бўлардики, кечалари ишга берилиб кетганимдан тонг отганини билмас эдим...”.

Гавхар Саодатова
Просмотров 641    Рейтинг 63   Понравилась новость?    +1   -1    Добавить комментарий  (0)