Все новости
Миллий қўғирчоқлар намойиш этилди
06.02.2016
Миллий қўғирчоқлар намойиш этилди
Ўзбекистон Бадиий академиясининг Икуо Хираяма номидаги халқаро маданият карвон саройида “Ўзбек қўғирчоқлари” деб номланган кўргазма очилди.

Унинг очилишида ёш авлод маънавий оламини болаликдан эзгу ғоялар асосида шакллантириш, уларга пухта таълим-тарбия бериш, ҳар томонлама комил инсонлар этиб вояга етказиш мамлакатимизда давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири этиб белгилангани таъкидланди.

Президентимиз Ислом Каримов таъкидлаганидек, гўдакнинг улғайиб, касб танлаши, келажакда қандай йўлдан бориши, ўзининг ҳаёт тарзини қандай ахлоқий-маънавий асосларга қуриши ҳам, ҳеч шубҳасиз, унинг болаликда қандай ўйинчоқлар билан ошно бўлиб ўсгани билан белгиланади. Миллий руҳда яратилган қўғирчоқлар фарзандларимизни буюк аждодларимизга муносиб бўлиш руҳида тарбиялашдек хайрли мақсадга хизмат қилади.

Мутахассисларнинг фикрича, ўйинчоқ нафақат болани овунтиришга, балки жисмоний ва маънавий камолотига, асаб фаолияти, тафаккурининг шаклланишига ҳам хизмат қилади. Шу боис ўйинчоқларнинг нафислиги, тоза маҳсулотдан тайёрланганлиги, маънавий жиҳатларига эътибор қаратиш алоҳида аҳамиятга эга.

Мамлакатимизда урф-одат ва анъаналаримиз, миллий қаҳрамонларимизнинг ўзига хос феъл-атвори акс этган қўғирчоқлар ишлаб чиқаришга, қўғирчоқсоз ҳунармандлар учун қулай шароит яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳунарманд ва ижодкорлар меҳнатини рағбатлантириш, ижодий ишини кенг оммага намоён этишда турли кўргазмалар ташкил этилмоқда.

Мазкур кўргазмада ҳунарманд Дилфуза Эсоналиеванинг қирқдан зиёд миллий қўғирчоқлари намойиш этилмоқда. Шарқ аёллари, кўза кўтарган қиз, келин, куёв, Бухоро қизи, созанда, лапарчи қиз каби қўғирчоқлар аввало, юқори сифати, қолаверса, ёшларимизни миллий урф-одатларга, қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялашга хизмат қилиши билан ҳам аҳамиятлидир.

Ҳунарманд Д.Эсоналиева яратган қўғирчоқларнинг ҳар бир деталида – тақинчоғи, либоси, юз кўринишларида миллийлик акс этиб туришига алоҳида эътибор қаратган. Либосларида атлас, адрас, беқасам, олача, парча, сатин сингари миллий матолардан кенг фойдаланган.

Гўзал Сатторова, Аъло Абдуллаев (сурат), ЎзА

05.02.2016 17:43

http://uza.uz/oz/culture/milliy-ircho-lar-namoyish-etildi-05-02-2016
Просмотров 772    Рейтинг 30   Понравилась новость?    +1   -1    Добавить комментарий  (0)

фото