05.02.2016 ПРЕСС-РЕЛИЗ. Ўзбек қўғирчоқлари кўргазмаси
2016 йилнинг 5 февраль куни соат 17:00да Ўзбекистон Бадиий Академияси Икуо Хираяма Халқаро маданият карвон саройида “Тикланиш” лойиҳаси муаллифи Фахриддин Абдужабборовнинг коллекциясидан “Ўзбек қўғирчоқлари” кўргазмаси очилиши бўлиб ўтди.
Лойиҳани яратишдан асосий мақсади – халқимизнинг маънавий ва маданий меросини, Ўзбекистон халқ амалий санъатининг кўп асрлардан бери сақланиб келаётган анъаналарини қайта тиклашдан иборатдир. Муаллиф коллекциясидаги миллий либослар, дўппилар, кандакорлик намуналари, зеб–зийнатлар, қўғирчоқларни Икуо Хираяма Халқаро маданият карвон саройида кўргазмалар орқали халқимизга намойиш қилиб келмоқда. Лойиҳа муаллифи миллийликни тарғиб этиш ва йўқолиб бораётган анъаналаримизни тиклашдаги ҳиссаси учун “Тасвирий санъат фестивали”да диплом билан тақдирланган.
Миллий ўйинчоқлар миллат руҳияти, маънавияти, санъати ва маданиятининг кўзгусидир. Ижодкор хоҳ ҳайкалтарош, хоҳ заргару рассом бўлсин, сабр-қаноатли ва эстетик дид соҳиби бўлиши лозим. Бинобарин, иқтидорни ривожлантириб, ҳақиқий санъат асари яратиш учун катта иштиёқ, меҳнат ҳамда бой тажриба керак. Бу — санъатнинг муҳим талаби. Бунинг учун ҳунарманд фақат уста бўлиш билан чекланмай, халқнинг тарихи, адабиётини, урф-одатларини чуқур ўрганиши лозим. Шундагина ҳунарманд пухта санъат асари яратиб, ўз соҳасида янгилик қила олади. Ўйинчоқлар ясашда аввало, бола кўнглини билиш, ҳаётни улардек кўра олиши керак. Фахриддин Абдужабборов коллекциясидаги намойиш этилаётган 40та қўғирчоқ ҳунарманд Дилфуза Эсоналиеванинг ижодидандир.
Бугун юртимизда миллий анъана ва қадриятларимизни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, уларнинг мазмун-моҳиятини ёшларга етказиш, навқирон авлоднинг бадиий диди ва тафаккурини тўғри шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, Президентимизнинг “Юксак маънавият — енгилмас куч” асарида таъкидланганидек, ўйинчоқлар образи боланинг мурғак тасаввурига бамисоли тошга ўйилган нақшдек муҳрланиб, унинг онгида бир умр сақланиб қолади. Гўдакнинг улға¬йиб, касб танлаши, келажакда қандай йўлдан бориши, ўзининг ҳаёт тарзини қандай ахлоқий-маънавий асосларга қуриши ҳам, ҳеч шубҳасиз, унинг болаликда қандай ўйинчоқлар билан ошно бўлиб ўсганига қараб белгиланади.
Қўғирчоқлар нафақат бола учун овунчоқ, балки тарбия воситаси ҳамдир. У орқали болажонларимиз миллий анъаналарни, миллатимизга хос бўлган қадриятларни ҳис этади. Керак бўлса, ўрганади ҳам. Қўғирчоқларни яратиш чоғида, аввало, унинг миллийлигига, нафис кўринишига, либосларнинг ва унда ишлатиладиган бўёқларнинг сифатига алоҳида эътибор бериш мақсадга мувофиқдир.
Қўғирчоқларнинг ҳар бир деталида — тақинчоғи, либоси, юз кўринишларида миллийлик акс этиб туришига алоҳида эътибор қаратамиз, — дейди Д. Эсоналиева. — Шу боис уларни “кийинтиришда” атлас, адрас, беқасам, олача, парча, сатин сингари миллий матоларимиздан кенг фойдаланишга ҳаракат қиламиз. Айни пайтда замонавий кўринишдаги қўғирчоқларимизда ҳам халқимизнинг маънавий руҳини акс эттириш биз, уста-ҳунармандларнинг вазифасидир.
“Тикланиш” лойиҳаси муаллифи Фахриддин Абдужабборов ушбу коллекциялари орқали нафақат республикамиз, балки хорижий давлатларда ҳам кўргазмалар ташкил этиш ниятида. Шунингдек, юртимиз меҳмонларини бой маданий мерос билан таништириш ва уларнинг қизиқишини янада кучайтиришдан иборат. Кўргазма шу йилнинг 1 мартигача давом этади.
|
|