14.01.2016 ПРЕСС-РЕЛИЗ. Ўзбекистон Халқ рассоми Медат Кагаров ва рассом Дамир Уразаевларнинг хотирасига бағишланган “Бетакрор санъат дурдоналари” номли ксилография кўргазмаси
2016 йилнинг 15 январь куни соат 16.00да Ўзбекистон Бадиий Академияси Икуо Хираяма Халқаро маданият карвон саройида Ўзбекистон Халқ рассоми Медат Кагаров ва рассом Дамир Уразаевларнинг “Ксилография: бетакрор санъат дурдоналари” номли хотира кўргазмаси бўлиб ўтди.
Кўргазмада иккила рассомнинг 50тадан ксилографияси намойиш қилинмоқда.
Ксилография (ксило ва графия) – ёғоч гравюра – ёғочга ишланган гравюранинг кенг тарқалган энг қадимий тури. Босма шакл (клише) қўлда ўйиб тайёрланади. Тахтанинг текис юзасига расм чизилади, расмдан бўш жойлари искана билан ўйиб расмли сатҳдан 2-3 мм чуқурлаштирилади. Бўртма тасвир юзасига бўёқ суртиб нусха кўчирилади. Ксилография усулида тайёрланган қолип 15 минг нусха кўчиришга етади. Ксилографиянинг 2-бўйлама яъни дарахтдан бўйламасига кесиб олиган ёғочга ишланган ва дарахтдан кўндалангига кесиб олинган ёғочга ишланган тури мавжуд. Рангтасвир ва рангли расмлардан нусха кўчирганда кўпинча кўндаланг ксилография ишлатилади. Ксилография дастлаб 6-асрда Хитойда, 14-асрдан Ғарбий Европада, 16-асрдан Россияда қўлланила бошлаган. Рангли ксилография ҳам Хитойда 16-асрда пайдо бўлган. Ўзбекистонда 70 - йиллардан бошлаб М. Кагаров, И. Кириакидилар ксилография санъати бўйича иш бошлашган. Медат Кагаров -1940-2011йиллар Ўзбекистон Халқ рассоми Медат Кагаров – 1940 йил Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида туғилган. 1970 йилдан бошлаб Ўзбекистон Бадиий Ижодкорлар уюшмаси аъзоси. Медат Кагаров 1965 йилда Москвадаги олий бадиий–саноат ўқув юртини тамомлаган. Ўқишни тамомлагач, ҳозирги К. Беҳзод номидаги Миллий раасомлик ва дизайн институтига графика кафедрасига ўқитувчи бўлиб келди ва узоқ йиллар мана шу институтда талабаларга рассомлик санъатидан сабоқ берди. Медат Кагаров – европа рангтасвир мактабининг юқори техникасини эгаллаган ижодкор, десак янглишмаймиз. Миниатюра гравюраси бўйича мутахассис. Медат Кагаров 1991 йил қадимги уйғур шаҳри Турфандаги ибодатхона ёзувини кўргач, ўз ижодида янги бурилиш ясади. Рассом ўз ишларида уйғур ота-боболар анъаналарини давом эттириб, V-VI асрлардаги ибодатхона ёзувларини асарларига сингдириб борди. Рассомнинг график асарлари реал ҳаётга яқин. Шахсий таржимаи ҳолини кузатганда, шеър ва мусиқадан таъсирланиб, график санъати саҳифаларини тўлдиради. У бирин – кетин линогравюра, литография, ксилография, офорт, охирги йилларда эса рангтасвир санъатини ўзлаштириб боради ва жуда унумли ижод қилади. Ҳар бир услубнинг техникасидан имконият даражасида фойдаланади. Тез–тез санъат турларини бир-бирига уйғунлаштириб кўради, масалан, фон гравюраси усулларини – қарабсизки, юқори даражадаги имкониятларни кашф этади. Медат Кагаров китоб графикасида наср ва шеърни расмлар билан безайди, муқова ва лавҳалар яратади ва у бу ердан тўғридан – тўғри эмас, балки, муаллифнинг ифодасидан нима демоқчилигини топишга ҳаракат қилади. Медат Кагаров 1980 йилда Барот Бойқобиловнинг “Шарора” асарига ксилография ишлаган. Медат Кагаров 2011 йил 19 февралда Тошкентда вафот этган.
Дамир Уразаев – 1954 – 2014 йиллар Дамир Уразаев - таниқли рассом, график, “Шуҳрат” медали соҳиби, Ўзбекистон Бадиий Ижодкорлар уюшмаси аъзоси, Халқаро ЮНЕСКО рассомлар федерацияси аъзоси, Халқаро “Дунё халқлари санъати” уюшмасининг хизмат кўрсатган рассоми. Дамир Уразаев – 1954 йил 6 ноябрда туғилган. 2014 йилда вафот этган. Рассом эндигина 60 ёшга тўлган эди. Бевақт ўлим истеъдодли ва таниқли ижодкорни орамиздан олиб кетди. Ксилография санъати билан кўпчилик рассомлар шуғулланмаган. Чунки бу санъат инсондан ўта чидамлик, сабр – тоқатталаб этилади. Дамир Уразаев шоира Зулфия китобига чизганиллюстрирациясини шундай изоҳлайди: “XX асрнинг энг биринчи аёл шоираси Зулфия ўзининг 70 ёшлик юбилейига бағишланган, мингта нусхада чоп этилган китобига айнан мени яъни кслографни излаганидан жуда хурсанд бўлганман. Чунки бу санъат айнан китоб учун жуда муҳим эди. Зулфияга бу санъат тури техникаси жуда маъқул келган ва мен мана шу китобнинг иллюстрирациясини ишладим”. Зулфиянинг “Томчи” деб номланган шеърлар тўпламида рассом бадиий безак сифатида ксилографиядан фойдаланган. Рассомнинг жуда бой ижоди мерос бўлиб қолди. У нафақат рангтасвир, графика балки, санъатнинг бетакрор ва ноёб турларидан бўлган ксилография билан жиддий шуғулланган. Унинг ишлари ҳозирда нафақат республикамиз, балки, чет элларда, Россия, Чехия, Польша каби давлатларнинг музей ва галереяларида сақланади. Шу билан бирга рассомнинг 19 та ксилографияси Тошкент Давлат Санъат музейида, тўлиқ тўплами яъни 52та ксилографияси эса Ўзбекистон Бадиий Академияси Икуо Хираяма Халқаро маданият карвон саройи фондида сақланиб келмоқда. Рассом расмларни акварель, офорт, литография ва ксилографияда жуда яхши ишлаган. У бу борадаги ишларини энг аввало ўзимизнинг шоирлар тўпламига ишлаган. Шунингдек, у жаҳон классик адабиёти намоёндаларидан Жек Лондоннинг “Мартин Иден” асарига ишланган ҳамда пойтахтимизнинг 2200 йиллигига чоп этилган “Тошкент ҳақида қўшиқ” номли китоблар иллюстрирациялари муаллифи ҳамдир. Айлана шаклдаги кичкинагина қайроқчада диаметри 8-12 сантиметрлик шамшоднинг ёши қарийб 800 йил – рассом ҳақиқий санъат асарини яратади.
www.art-academy.uz www.caravanserai.uz
|
|