07.12.2015 ПРЕСС – РЕЛИЗ. “Кексаларни эъзозлаш йили” га бағишланган ёш рассом Муҳиддин Рисқиевнинг “Осмон, олов, замин” номли шахсий кўргазмаси
2015 йилнинг 9 декабрь куни соат 17.00-да Ўзбекистон Бадиий Академияси Икуо Хираяма Халқаро маданият карвон саройида ёш рассом Муҳиддин Рисқиевнинг “Осмон, олов, замин” номли шахсий кўргазмаси бўлиб ўтди.
Кўргазмада ёш рассомнинг 60-дан ортиқ рангтасвир ва графика ишлари намойиш қилинди.
Рисқиев Муҳиддин Маҳмуджон ўғли-1993 йил 9 июнда Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳрида туғилган.
Ёшлигидан рассомлик санъатига бўлган қизиқиши ва иқтидорини тўғри англаган ота – онаси Муҳиддинни 5-синфидан бошлаб Гулистон шаҳридаги “Болалар мусиқа ва санъат мактаби”нинг рассомлик тўгарагига олиб боришди. Ундаги иқтидор тезда юзага чиқа бошлади.Ўша пайтларданоқ Муҳиддин вилоят ва республика миқёсидаги танловларда иштирок этиб, совринли ўринларни эгаллаб келган.
2009 йил мактабни тугаллаб, Республика рассомлик коллежининг “Дастгоҳли рангтасвир” бўлимига ўкишга кирди. Устози рассом Файзулла Аҳмадалиев Муҳиддинга рассомлик санъати сирларини ўргатди. Шу боис ҳам 2010-2011йиллар давомида «Келажак овози» Республика ёшлар кўрик танловида совринли ўринларни эгаллади. Шунингдек, коллежда ўқиб юрганида дўсти Аббос Шарифзода билан “Илк қадам” деб номланган шахсий кўргазмаси уни янада мана шу соҳага қизиқтириб қўйди.
Муҳиддин 2012 йил коллежни имтиёзли диплом билан тамомлаб, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтига “Маҳобатли рангтасвир” факультетига давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинди. Энди республикамизнинг таниқли рассомларидан Александр Тюрин, Василий Хапов, Ғофур Қодировлардан сабоқ ола бошлади.
Осмон, олов, замин – бу учлик рассом дунёсининг энг асосий мавзусидир. Чексиз, беғубор ва кўм – кўк осмон, Муҳиддинни қамраб олган бу сокинлик асарларига кўчади. Чарсиллаб, кўкка бўй чўзган олов заррин нурлари ва иссиқлигини атрофга таратади. Замин эса чексизлик ва тароватни бағрига босади.
Унинг “Қизил дарахтлар”, “Шоир”, “Қуёш ботиши нурларидаги олмалар” каби асарлари диққатга сазовор.
Муҳиддин ўқиш билан бирга тинмай ижодий изланишда. У 2013йил курсдоши билан «Изҳор» деб номланган шахсий кўргазмани ташкил этди. 2014йил "Тасвирий санъат +5" фестивалида бир неча ижодий ишлари билан иштирок этиб, Ўзбекистон Бадиий Академиясининг “Олтин медали” соҳиби бўлди.
Муҳиддин Рисқиевнинг “Осмон, олов, замин” номли шахсий кўргазмаси юртимизда истеъдодли ёшлар кўплиги ва уларнинг ҳукуматимиз томонидан қўллаб – қувватланаётганлиги, қолаверса, келажагимиз умидли ёшлар қўлида эканлигидан далолат беради.
Кўргазма шу йилнинг 19 декабригача давом этади.
|