04.11.2015 ПРЕСС – РЕЛИЗ “Кексаларни эъзозлаш йили” ва Академик, таниқли рассом Владимир Бурмакиннинг 77 ёшлигига бағишланган “Кўзгу ортидаги олам” номли шахсий кўргазмаси
2015 йилнинг 5 ноябрь куни соат 17.00 да Ўзбекистон Бадиий Академияси Икуо Хираяма Халқаро маданият карвон саройида Академик, таниқли рассом Владимир Бурмакиннинг 77 ёшлигига бағишланган “Кўзгу ортидаги олам” номли шахсий кўргазмаси очилиши бўлиб ўтди.
Владимир Иванович Бурмакин – 1938 йил 9 январда Свердловск шаҳрида туғилган.
Владимирни онаси Александра Михайловна Бурмакин рассомликка бўлган зўр иштиёқи ва иқтидорини3 ёшида сезиб, уни шу йўналишда таҳсил олишига шароит яратиб берди. Отаси ҳам рассом бўлганлиги боис, бу унга мерос бўлиб қолди. Чунки отаси Владимир бир ёшга тўлганида автоҳалокатдан вафот этди. Синглиси Галина эса бор – йўғи 3 ойлик чақалоқ эди.
Мактабни тугатгач, П. Беньков номидаги бадиий билим юртига ўқишга кирди. Билим юртини 1957 йилда тугатгач, расм ва чизмачиликдан дарс берди. Кейин эса Тошкент офицерлар уйида бош рассом сифатида фаолият олиб борди.
Тўлақонли рассом бўлиш учун бу камлик қиларди. Шу боис ҳам янада ушбу соҳани пухта эгаллаш учун 1959-1965 йилларда Островский номидаги Театр ва рассомлик институтида ўқиди. Институтда ўқиб юрган чоғида қизғин ижодга киришди. Унинг биринчи устози – Ўзбекистон халқ устаси Тошпўлат Арслонқулов. Билим юртида эса Ўзбекистон Халқ рассоми Абдулҳай Абдуллаев устозлик қилди. Институтда эса Ўзбекистон Халқ рассоми Раҳим Аҳмедовдан сабоқ олди.
РАССОМ ИЖОДИ
Владимир Бурмакин ижоди Ўзбекистон тасвирий санъатида муҳим ўринга эга. Рассом 1960 йилларда ижодини бошлаган бўлса, 55 йилдан бери мана шу фаолиятини тўхтовсиз давом эттириб келмоқда. Кундалик ҳаёт ва байрамлар, шаҳар манзаралари, портретлар туркуми орасида ҳис-ҳаяжонли, романтик аёллар образи ижодининг асосий қисмидир. Ижодида шунингдек, натюрморт жанридаги ишланган асарлари анчагинанини ташкил этади. Буларда ҳаёт нафаси, ундаги ҳаракат, ҳаёт гўзаллиги мужассамдир. Рассом атиргуллари жонланиб, маълум инсонлар образига айланади ва уларнинг таниш чеҳралари билан ўхшашликни тўлдиради.
1967 йилдан бошлаб Ўзбекистон Бадиий Ижодкорлар уюшмаси аъзоси. Компьютер, фотосанъат ва рангтасвир – бу учлик XXIаср санъатида замонавийликка асосланган. Бу каби ишларда ўйин, эпатаж, иллюзия, бир санъатдан бошқасига ўтиш каби кўриниш мавжуд. Компьютер эскизларини аввал рангтасвирга ёки аксинчага ўгирганда рангтасвир компьютер кўринишига айланади. Унинг “Кун ботишида”,”Ойдин йўл”, “Ўткир нигоҳ”, “Соатлар”, “Чавандозлар”, “Шаҳар”, “Фазовий бўшлиқ”,”Уйғониш” каби асарлари рассом ижодининг энг сара маҳсулидир.
Рассомнинг машҳур қилган асари 1968 йилда ишланган “Бойсун Мадоннаси”дир. ЭЪТИРОФ
Владимир Бурмакин 77 ёшга тўлди. Умрининг асосий қисмини рассомлик санъатига бағишлаган, унумли ва семаҳсул ижоди ҳамда педагоглик фаолияти ҳукуматимиз томонидан юқори баҳоланди. Владимир Бурмакин 1981 йилда “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби” унвони билан тақдирланди. 1997 йилда эса Ўзбекистон Бадиий Академияси академиги, 2003 йилда Ўзбекистон Бадиий Академиясининг “Олтин медали”га сазовор бўлди.. 2005 йилда рассом ҳукуматимиз томонидан “Фидокорона хизматлари учун”ордени билан тақдирланди. ШАХСИЙ КЎРГАЗМАЛАРИ
1965 йил – Республика бадиий кўргазмаси, Тошкент. 1967 йил – Бутуниттифоқ бадиий кўргазма, Москва, Манеж. 1969 йил – Бутуниттифоқ бадиий кўргазма, Москва, Манеж. 1969 йил – “Билимлар уйи”да шахсий кўргазма, Тошкент. 1970 йил - Республика бадиий кўргазмаси, Тошкент. 1971 йил – Бутуниттифоқ бадиий кўргазма, Москва, Манеж. 1972 йил – “Ўзбекистон рассомлари” кўргазмаси, Москва, Манеж. 1973 йил – Республика бадиий кўргазмаси, Тошкент. 1974 йил – Бутуниттифоқ бадиий кўргазма, Москва, Манеж. 1977 йил – Республика бадиий кўргазмаси, Тошкент. 1979 йил – В. Бурмакин ва гуруҳ кўргазмаси, Самарқанд. 1980 йил – В. Бурмакин ва гуруҳ кўргазмаси, Самарқанд. 1981 йил – Санъатшунослик институтида шахсий кўргазма, Тошкент. 1981-1995 йиллар – Тошкент ва Москва, Франция, Англия, Германия ва Америкада кўргазма. 2000 йил – Филаделфия, Нью – Йоркда шахсий кўргазмаси. 2003 йил –Ўзбекистон Бадиий Академияси марказий кўргазмалар залида шахсий кўргазма. 2006 йил – “Классик” галереясида шахсий кўргазма, Москва. 2007 йил – “Компьюфо ғаройиботлари” шахсий кўргазмаси, Тошкент Фотосуратлар уйи.. 2008 йил – Иккинчи “Компьюфо ғаройиботлари” шахсий кўргазмаси, Тошкент Фотосуратлар уйи. 2009 йил –V-Халқаро замонавий санъат Биеннале доирасида шахсий кўргазма, Халқаро маданият карвон саройи, Тошкент. 2010 йил – Шахсий кўргазма, Тошкент Фотосуратлар уйи. 2012 йил – Шахсий кўргазма, Тошкент Фотосуратлар уйи. 2015 йил – “Кўзгу ортидаги одам” шахсий кўргазма, Халқаро маданият карвон саройи, Тошкент.
Владимир Бурмакиннинг асарлари АҚШ, Германияда 200та асари, Қозоғистон, Болгария, Москва каби ўнлаб мамлакатларда музейларда сақланиб келмоқда. Австралия, Исроил, Германия, АҚШ, Россия, Англия, Туркия, Жанубий Корея, Исроил каби давлатларда эса шахсий коллекциялардан ўрин олган.
|