Все новости
Истеъдодли ёшларнинг мақсади эзгу
05.11.2015
Истеъдодли ёшларнинг мақсади эзгу
Ёшлар ижод саройида жорий йил 16-22 ноябрь кунлари “Эртанги кун бизники, марра бизники!” шиори остида ўтказиладиган “Ёшлар ҳафталиги” олдидан матбуот анжумани ташкил этилди.

«Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати марказий кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим, Маданият ва спорт ишлари вазирликлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг истиқболли ёш педагог ва илмий кадрлар малакасини ошириш «Истеъдод» жамғармаси ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, давлат мукофоти совриндорлари, тадқиқотчилар, маданият ва санъат соҳаси ижодкорлари, фаол ёшлар иштирок этди.

«Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати марказий кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Ф.Муҳаммаджонова ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида жисмонан соғлом, маънан етук, юксак салоҳиятли авлодни вояга етказиш, уларни она Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш, истеъдодини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади.

Давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ўтказилаётган “Ёшлар ҳафталиги” навқирон авлоднинг жамият ҳаётида янада фаол иштирок этишини таъминлаш, ўз билимларини мустаҳкамлашида муҳим омилдир.

Мамлакатимизда ёшларни миллий ғоя атрофида жипслаштириш, уларни эл-юрт, жамият манфаатлари йўлида хизмат қиладиган инсонлар этиб вояга етказиш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Бу жараёнда ҳаётга татбиқ этилаётган кўплаб лойиҳаларнинг аҳамияти катта бўлаётир.

Мазкур ҳафталик доирасида кино, мода ва дизайн, театр, туризм, экология каби соҳаларда фаолият юритаётган билимли ёшлар ўз маҳоратини намойиш этади. “Қувноқлар ва зукколар”, “Тафаккур синовлари” кўрик-танловларининг якуний босқичи, “XXI аср – интеллектуал авлод асри” шиори остидаги илмий-амалий конференция ва бошқа тадбирлар ўтказилади. Бу ёш авлоднинг маънавий оламини бойитиш, маданий савиясини юксалтириш, ўз соҳаси бўйича маълумотлар олишини таъминлаш, санъат ва гўзалликка бўлган интилишини кучайтириш, миллий санъатимизнинг бетакрор анъаналарини асраб-авайлаш ва ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.

– Биз, ёшларга беқиёс эътибор ва ғамхўрлик кўрсатилиб, юксак ишонч билдирилмоқда, – дейди Тошкент давлат юридик университети талабаси, «Тафаккур синовлари» танлови иштирокчиси Сардор Неъматжонов. – Бу ишонч зиммамизга янада улкан масъулият юклайди. Ватанимиз равнақига муносиб ҳисса қўшишдек шарафли ва эзгу ғоялар сари ундайди.

Матбуот анжуманида журналистларнинг саволларига жавоб қайтарилди.

Барно Мелиқулова, ЎзА

05.11.2015 18:28

http://uza.uz/oz/programs/yeshlarga-oid-davlat-siyesati/istedodli-yeshlarning-ma-sadi-ezgu-05-11-2015
Просмотров 804    Рейтинг 15   Понравилась новость?    +1   -1    Добавить комментарий  (0)