Все новости
ПРЕСС-РЕЛИЗ. “Археология устахонаси -2015” маҳорат ошириш дарслари
17.10.2015
ПРЕСС-РЕЛИЗ. “Археология устахонаси -2015” маҳорат ошириш дарслари
2015 йилнинг 2-17 октябрь кунлари Хираяма Халқаро Маданият карвон саройида – “Археология устахонаси 2015” (“Workshop - 2015”) маҳорат ошириш дарслари олиб борилди. 2015 йилнинг 17 октябрь куни соат 10.00да япониялик ва ўзбекистонлик олим – мутахассислар иштирокидаги “Ўзбекистон маданий меросини сақлашда кадрлар тайёрлаш ва технологик тажрибаларни ўртоқлашиш” бўйича давра суҳбати ташкил этилди.

Ташкилотчилар: Ўзбекистон Бадиий Академияси, Япония халқаро ҳамкорлик Фонди (Japan Foundation), Япония маданий мероси ва санъатини тадқиқ қилиш Фонди, Икуо Хираяма Халқаро Маданият карвон-саройи.

Маҳорат ошириш дарслари ҳар йили ўтказилиб, унда асосан музей ходимлари, олий ва ўрта махсус таълим талабалари, шунингдек, изланувчан ёш олимлар қатнашиб боради. Дарсларни япон ва ўзбек олимлари олиб боришади.

Маҳорат ошириш дарслари ўқитувчилари япон ва ўзбек томонидан бўлиб, уларнинг мақсади - ёш археологик мутахассисларни тайёрлаш - реставраторлар, музей ходимларини илғор тажрибалар асосида малакасини ошириш, замонавий асбоб – ускуна ва янги техникалар билан таништириш, Кунчиқар давлатининг бой тажрибаларини ўртоқлашишдан иборатдир.

Биринчи ҳафтада ўзбекистонлик таниқли археологлар археология асослари бўйича, археологик ишларни олиб боришдаги асосий услублар, топилмаларни сақлаш усуллари, шунингдек, юртимиз нумизматикасининг тарихи ҳақида назарий маълумотларни тингловчиларга тақдим этди.

Иккинчи ҳафтада эса амалий дарсларда топилган археологик топилмалар ва ёдгорлик мажмуалари асосида – объектни батафсил тасвирлашди: ўтга тоблаб пишириш, ранг, лой таркиби; тайёрлаш техникаси, уларни консервациялаш ва қайта тиклаш, шунингдек, кулолчилик буюмларини чизиш кабилар. Шу билан бирга, тингловчилар амалиётда кулолчилик идишларини ясашнинг сир – асрорларини ўрганишди ( ишбоши – Ш. Шерназаров).

Икки ҳафта давом этган “Археология устахонаси 2015” (“Workshop – 2015”) ни япониялик таниқли олим, куратор, Комазава университетининг профессори Хироаки Фурушо жаноблари ташкил этди. Шунингдек, Токио Миллий маданий мерос тадқиқоти институти ўқитувчиси Нодока Фурушо хоним, Сибер университети профессори Аоки Шигео, Токио Миллий музейи бўлим директори Иноэ Ёичи жанобларининг олиб борган назарий ва амалий машғулотлари музей ходимлари ва талабаларда катта қизиқиш уйғотди. Ўзбекистонлик мутахассислардан ЎзФА Санъатшунослик институтининг етакчи мутахассиси Акмал Ўлмасов ва илмий ходим Алексей Горин, Ўзбекистон Давлат тарихи музейи директор ўринбосари Отабек Арипджановлар юртимизнинг ёдгорлик мажмуаларидан топилган археологик топилмалар, уларни сақлаш ва ўрганиш борасидаги тажрибаларни ўртоқлашишди.

Давра суҳбатида куратор, Комазава университетининг профессори Хироаки Фурушо ва Токио Миллий маданий мерос тадқиқоти институти ўқитувчиси Нодока Фурушолар фарийб 13 йилдан бери олиб бораётган маҳорат ошириш дарсларининг йилдан-йилга савияси ошиб бораётганлиги, ўзбек ва япон тажрибаларини ўрганиш борасидаги янгиликлар, изланишлар борасида гапириб берди.

Етакчи мутахассис Акмал Ўлмасов ёдгорликларни қайта тиклашда ўзбек ва япон тажрибаларини уйғунлаштириш ва татбиқ этиш ҳақида сўзлаб берди ва бу борада қатнашган талабалар ўзларига керакли билимлар олишганлигини таъкидлади.

Маҳорат ошириш дарсларида К.Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтининг талабалари ҳамда Республика рассомлик коллежининг ўқувчилари ҳам иштирок этишди.

Республика рассомлик коллежи ўқитувчиси Музаффар Мавлонов сўзга чиқиб, ўқувчилар учун бундай машғулотлар унутилмас таассурот қолдирганлигини айтиб ўтди.

Институт ва коллеж талабалари ҳам сўзга чиқишиб, бир олам таассуротларини ўртоқлашишди. Давра суҳбати охирида фаол қатнашганларга сертификатлар топширилди.Шунинг билан 2-17 октябрь кунлари давом этган “Археология устахонаси 2015” (“Workshop - 2015”) ўз ишини якунлади.



www.art-academy.uz
www.caravanserai.uz
Просмотров 783    Рейтинг 31   Понравилась новость?    +1   -1    Добавить комментарий  (0)