Все новости
Сувости дунёсининг мафтункор манзаралари
13.10.2015
Сувости дунёсининг мафтункор манзаралари
Ўзбекистон Бадиий академияси Икуо Хираяма халқаро маданият карвон саройида япониялик фотомусаввир Канако Сатонинг сувости дунёсига бағишланган фотокўргазмаси очилди.

Халқаро маданият карвон саройи директори Фаррух Усмонов, Япониянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Фумихико Като, Япония фотосаноати институти ижрочи директори Хироши Яно ва бошқалар Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги ҳамкорлик тобора кенгайиб, мустаҳкамланиб бораётганини таъкидлади.

Ўзбекистонлик рассомлар, халқ амалий санъати усталари, ҳунармандлар кўргазмалари, санъатшунос ва археолог олимларнинг тадқиқотлари Японияда катта қизиқиш уйғотади. Айни пайтда Кунчиқар юрт фотоижодкорлари ва рассомлари диёримизда анъанавий тарзда ўтказилаётган халқаро биенналеларда муваффақиятли қатнашиб келмоқда.

Халқаро маданият карвон саройи ҳам тасвирий ва амалий санъат, фотография, археология каби соҳаларда япониялик мутахассислар билан узвий ҳамкорликда кўплаб лойиҳаларни санъат мухлисларига тақдим этаётир. Фотографияга қизиқувчи юртдошларимизни ўзига чорлаган мазкур кўргазма ҳам бу йўналишдаги ҳамкорликнинг узвий давомидир.

32 ёшли Канако Сато Токио шаҳридаги рассомликка ихтисослашган коллежни тамомлаб, фотомусаввир сифатида самарали фаолият кўрсатиб келмоқда. Унинг ижодида денгиз тубидаги бетакрор ва мўъжизакор манзаралар тасвирини объективга муҳрлаш асосий ўрин тутади.

Кўргазмадан К.Сатонинг саксондан ортиқ фотоасари ўрин олган. Уларда Япония денгизлари сувости дунёсининг ғоят мафтункор кўринишлари, ўсимлик ва жонзотлари мусаввир маҳорати ҳамда бой хаёлот олами ёрдамида, ўзига хос нур ва соя эффектлари воситасида акс эттирилган.

– Ўзбекистонга биринчи марта келишим, – дейди К.Сато. – Бу гўзал заминда фотосуратларим кўргазмаси ўтказилаётгани мен учун ғоят катта шарафдир. Юртингизнинг бетакрор қиёфаси, сўлим боғ ва хиёбонлари, тарихи асрларга туташ меъморий обидаларини суратга олиш энг катта орзуим.

Фотокўргазма 21 октябргача давом этади.

Назокат Усмонова, Оқил Ғуломов (сурат), ЎзА

12.10.2015 11:57

http://uza.uz/oz/culture/suvosti-dunyesining-maftunkor-manzaralari-12-10-2015
Просмотров 689    Рейтинг 44   Понравилась новость?    +1   -1    Добавить комментарий  (0)

фото