10.10.2015 ПРЕСС – РЕЛИЗ. Япон фоторассоми Канако Сатонинг “Япония денгизлари сувости дунёси” номли шахсий фотокўргазмаси
2015 йилнинг 10 октябрь куни соат 12.00да Ўзбекистон Бадиий Академияси Икуо Хираяма Халқаро маданият карвон саройида япон фоторассоми Канако Сатонинг “Япония денгизлари сувости дунёси” номли шахсий фотокўргазмаси очилиши бўлиб ўтди.
Кўргазма ташкилотчилари: Ўзбекистон Бадиий Академияси, Япония фотосаноати институти ва Икуо Хираяма Халқаро маданият карвон саройи. Япония фотосаноати институти 1954 йилда ташкил этилган. Ташкил этилган пайтда бу мажмуа Япон фотоназорат институти деб номланган. 35 йил ўтса ҳам, ҳозиргача нега ушбу ном билан аталганлигини унинг турли хилдаги экспорт назорати, фотоаппаратларни ўрганиш ва улар устида изланишлар олиб бориш, шу билан бирга, фотосаноатнинг халқаро миқёсдаги салоҳиятини кўрсатиш ва фотоаппаратлар сифатини оширишдаги ишлари тасдиқлайди. Фотосаноатда ҳам бошқа соҳалардаги каби катта янгиликларни кўриш мумкин. Айниқса, музей фотоаппаратлари 1989 йилда пайдо бўлган бўлса, япон фотосаноатида фотосалонлар 1991 йил апрель ойидан бошлаб фаолият олиб борган. 1991 йилнинг июнидан бошлаб эса фотосаноатда кутубхона ташкил этилган. Қўшимча қурилган ушбу кутубхона қошида шу йилнинг сенябрида фотоклиника иш бошлади. 1994 йилнинг майидаФотолаборатория ва студия очилгач, институт янги ном билан фаолият бошлади. Ҳозирда эса институт суратга оладиган муассасалар ва фотосуратларни кенгайтириш ҳамда улар маданиятини юксалтириш борасида иш олиб боради. Музей, фотосалон ва кутубхоналари хизмати ҳамда замонавий техникаси бўйича Япония Фотосаноати институти ягона ҳисобланади.
Институт ижрочи директори Хироши Яно жанобларининг саъй – ҳаракатлари билан бундай фотокўргазмалар Тошкентда бир неча бор ташкил этилган. Жумладан, 2012 йилда Тошкентда бўлиб ўтган “Япония қиёфаси – сирли Фудзияма” фотокўргазма ўзбекистонлик фоторассомлар томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинган эди. “Япония денгизлари сувости дунёси” фотокўргазмасида Канако Сатонинг 80 та фотосуратлари намойиш этилмоқда. Ўта профессионаллик ва маҳорат ҳамда замонавий техника мужассамлашган ушбу фотосуратлар ҳар бир ўзбекистонлик санъат шайдоларини бефарқ қолдирмайди.
Унинг ўзи иш жараёни ҳақида шундай дейди: “Бундан 2 йиллар олдин Токио яқинидаги океанда сувдаги ажойиб манзарани ўз тажрибамда синаб кўргандим. Сув юзасига қалқиб чиққан сузувчи медузалар биз доим кўргандан фарқли равишда ушбу мавжудотнинг бутунлай янгича тасвирини кўриш имконини берди. Шу вақтда менинг бир қанча фотоларим сувдаги ушбу тажрибам туфайли юзага келган илҳомим натижасида вужудга келган эди. Менинг барча объектларим сувнинг энг тубида яшовчи ўсимлик ва ҳайвонлардир. Улар сув юзасида камдан-кам кўринади. Суратимда мен ушбу гўзалликни кўрсатиш учун симметрик тасвирда ифодаладим ва сувдаги манзарани ҳақиқий санъат асари сифатида кўрсатишга ҳаракат қилдим. Ўйлашимча,суратларни такрорлаш унинг гўзаллиги аҳамиятини янада ошира олади. Менинг ишларим сувости дунёсини ҳаёт каледоскопи сифатида намойиш этади”.
“Япония денгизлари сувости дунёси” фотокўргазмаси шу йилнинг 21 октябригача давом этади.
Гавхар Саодатова
08.10.2015
|
|