Все новости
Мўйқалам сеҳри
30.09.2015
Мўйқалам сеҳри
Ўзбекистон Бадиий академияси Халқаро маданият карвон саройида Кексаларни эъзозлаш йили ҳамда 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан “Мўйқалам сеҳри” деб номланган бадиий кўргазма очилди.

Ўзбекистон Бадиий академияси раиси А.Нуриддинов ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида навқирон авлодни баркамол шахс этиб вояга етказиш борасидаги эзгу саъй-ҳаракатлар жараёнида бадиий таълимни изчил ривожлантириш, уни сифат ва мазмун жиҳатдан янада юксалтириш, ўқитувчиларнинг меҳнатини қўллаб-қувватлашга устувор аҳамият қаратилаётганини таъкидлади.

Бадиий таълимни давр руҳига ҳамоҳанг равнақ топтириш ва такомиллаштиришга Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг тасвирий санъат факультети ўқитувчилари ҳам муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Ушбу олий ўқув юртида фаолият кўрсатаётган рассом-педагоглар талабаларга мусаввирликнинг турли йўналишлари бўйича сабоқ бериш билан бирга тасвирий санъат таълимига оид дарсликлар, ўқув қўлланмалар, услубий адабиётлар яратишда фаол иштирок этмоқда. Устоз-рассомлар республика ва кўплаб халқаро миқёсдаги бадиий кўргазмаларда муваффақиятли қатнашмоқда.

– Юртимизда педагогларнинг самарали фаолият кўрсатиши, ўз устида ишлаши, изланиши учун зарур шароитлар қанчалик кўп яратилган бўлса, ижодкор мусаввирларнинг ҳам илҳом билан ишлаши учун барча имкониятлар мавжуд, – дейди ўқитувчи Фазлиддин Бердиев. – Ушбу кўргазмада менга нафис санъат сирларини ўргатган устозларимнинг сиймоси акс эттирилган туркум портретлар билан иштирок этмоқдаман.

Кўргазмада Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида узоқ йиллар меҳнат қилган фахрий ўқитувчилар, бугунги кунда талабаларга сабоқ бераётган ёш педагогларнинг ижод намуналари қўйилган.

Ғафур Абдураҳмонов, Нодира Орипова, Руслан Халилов, Ҳайитбой Султонов, Нозимхўжа Абдусаломов, Янис Салпинкиди, Баҳром Тожиев каби кўплаб педагог-рассомларнинг 80 дан ортиқ картинаси шулар жумласидандир. Кўргазма экспозициясидан ўрин олган асарлар шу табаррук заминдан фахрланиш, унинг тинч ва осойишта кунларини, истиқлолнинг саодатли неъматларини асраб-авайлаш, ёруғ, бахтиёр ва фаровон кунларимиз учун шукроналик, кексаларни эъзозлаш, баркамол авлодга кўрсатилаётган меҳр ва эътиборга чорлаши билан аҳамиятлидир.


Назокат Усмонова, Сарвар Ўрмонов (сурат), ЎзА

30.09.2015 16:59

3 фото смотрите по ссылке на источник:
http://uza.uz/oz/culture/m-y-alam-se-ri--30-09-2015
Просмотров 617    Рейтинг 28   Понравилась новость?    +1   -1    Добавить комментарий  (0)

фото