Все новости
Кандакор уста кўргазмаси
25.08.2015
Кандакор уста кўргазмаси
Ўзбекистон Бадиий академияси Халқаро маданият карвон саройида Ўзбекистон халқ рассоми, кандакор уста Салимжон Ҳамидов хотирасига бағишлаб “Мен элимнинг юрагида яшайман” деб номланган кўргазма очилди.

“Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастурига мувофиқ ташкил этилган мазкур кўргазмага санъатшунос олимлар, рассомлар, тасвирий ва амалий санъат ихлосмандлари таклиф этилди.

Ўзбекистон Бадиий академияси раиси А.Нуриддинов ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида санъатнинг барча турлари ривожига қаратилаётган юксак эътибор бой маданий-маънавий меросимизни асраш, мусаввир ва уста-ҳунармандларнинг ижодини рағбатлантириш ва кенг тарғиб этишда муҳим омил бўлаётганини таъкидлади. Ушбу хотира кўргазмаси ҳам ана шундай эзгу мақсадларга хизмат қилади.

С.Ҳамидов 1920 йили Бухоро шаҳрида кандакор уста оиласида туғилган. Шу боис Салимжон ёшлигидан ушбу санъат билан шуғуллана бошлаган. Кўп йиллик меҳнатлари самарасида тоштарош, мураккаб нақшларни металлга ўйиб ишлаш бўйича моҳир уста бўлиб етишган.

Бугунги кунда Салимжон Ҳамидовнинг юздан ортиқ шогирди унинг ҳунарини давом эттирмоқда. 1997 йили шогирдларнинг ташаббуси билан Бухорода “Уста Салимжон Ҳамидов” номидаги музей-устахона очилди. У ерда икки юзга яқин ҳунарманд фаолият олиб бормоқда.

– Ўн икки ёшимдан кандакорликни ўрганганман, – дейди Тоҳир Қосимов. – Устозимнинг ҳар бир ўгити бугун ҳам бизга асқотмоқда. Мана, ўттиз йилдирки, мис идишларга қадимий обидаларимиз, гўзал табиатимиз, мураккаб нақшларни ишлаб, халқимизга тақдим этиб келмоқдамиз.

Кўргазмада кандакор уста ва унинг шогирдлари тайёрлаган юзга яқин кандакорлик иши намойиш этилмоқда.

Ш.Маматуропова, Аъло Абдуллаев (сурат), ЎзА

25.08.2015 14:56

http://uza.uz/oz/culture/kandakor-usta-k-rgazmasi-25-08-2015
Просмотров 635    Рейтинг 31   Понравилась новость?    +1   -1    Добавить комментарий  (0)

фото