Все новости
ПРЕСС – РЕЛИЗ “Кексаларни эъзозлаш йили” га бағишланган Ўзбекистон Халқ рассоми, кандакор усто Салим Ҳамидовнинг 95 йиллик юбилейи муносабати билан “Мен элимнинг юрагида яшайман” номли хотира кўргазмаси
24.08.2015
ПРЕСС – РЕЛИЗ “Кексаларни эъзозлаш йили” га бағишланган Ўзбекистон Халқ рассоми, кандакор усто Салим Ҳамидовнинг 95 йиллик юбилейи муносабати билан “Мен элимнинг юрагида яшайман” номли хотира кўргазмаси
2015 йилнинг 24 август куни соат 17.00 да Ўзбекистон Бадиий Академияси Икуо Хираяма Халқаро маданият карвон саройида “Кексаларни эъзозлаш йили” га бағишланган Ўзбекистон Халқ рассоми, кандакор уста Салимжон Ҳамидовнинг 95 йиллик юбилейи муносабати билан “Мен элимнинг юрагида яшайман” номли хотира кўргазмаси бўлиб ўтди.

Кўргазмада уста кандакор Салимжон Ҳамидовнинг иш устидаги 10 дан ортиқ фотосуратлари ҳамда 11 нафар шогирдларининг 70 дан ортиқ кандакорлик ишлари намойиш этилмоқда. Улар орасида шогирдлари – Тоҳир Қосимов, Умид Алиев, Рахмад Рўзиев, Жўрабек Сиддиқов, Содиқ Мухсимов, Миржон Аҳмедов, Қурбон Содиқов, Раҳматилла Файзуллаев, Шавкат Ғуломов, Баҳодир Зокиров, Дилмурод Файзуллаевнинг мис, матун ва бронзада ишланган лаганлари алоҳида диққатга сазовор.

Кандакорлик – форсча “кандакор” сўзидан олинган бўлиб, “кесма” деган маънони билдиради. Кандакорлик – бу қўлда бажариладиган ўта нозик иш бўлиб, у биргина асбоб – пўлат қалам ёрдамида амалга оширилади. Пўлат қалам битта эмас, ҳар хил конусга эга бўлади. Масалан, гул нақшларини ўйиш бўлса, унда пўлат қаламни конуси қалинроқ, заминбардори бўлса, қалам конус нозик, гул нақшларини пардозлашда эса конуссиз қалин ва ингичка қилиб тозаланган ҳолда бўлади. Булардан ташқари керакли асбоблар таркибига яна болғача, қайроқ, темир циркуль киради. Кандакорлар устига қалин мум қопланган хонтахта – кандал ёнида ўтириб ишлашган.

XIX асрнинг ўрталарида Бухорода юзга яқин кандакорлар, 400 га яқин мисгарлар ижод қилишган. Ҳамидовлар сулоласи 1925 йилда “артель” тузишган ва Абдусалом Ҳамидов бу жойда шогирдлар тайёрлай бошлаган. Машҳур кандакор уста Абдусалом Ҳамидов ўзбек усталари ўртасида биринчи бўлиб кандакорликка беш қиррали юлдуз шакли ва Бухоронинг тарихий ёдгорликлари, ҳайвон, парранда ва одам тасвирини олиб кирди.

Бухоро кандакорлик мактаби анъанасига хос гул - нақш номлари қуйидагича: зеб, зебча, гандуми, занжира, занжири чашми булбул, зебиш, муғжа, шобарг, ислими бодом, ислими мажнуни бодом, ислими бодом барг, ислими гул, ислими чамангул, мадоҳил, мадоҳили чаман, мадоҳили мажнуни, кундал мадоҳил, амири, мадоҳили жаннат кабилар. Хуллас бу каби нақшлар номи 400 дан ортиқни ташкил қилади. Кандакорликда ишлатиладиган нақшлар иккига бўлинади: атроф (тўлдирувчи) нақшлари ва асосий (мураккаб) нақшлар.

Усто Салимжон Ҳамидов

Ўзбекистон халқ рассоми, тоштарош, мисгар устозода Салимжон Ҳамидов 1920 йилда кандакор уста оиласида туғилган. Унинг бобоси Ҳамид ва отаси Абдусалом акалар Бухоронинг энг таниқли кандакор усталаридан бўлишган. Шу боис ҳам Салимжон Ҳамидов 8 ёшлигидан бошлаб кандакорлик санъати билан шуғуллана бошлаган. 12 ёшлигида Салимжон мураккаб нақшларни металлга ўйиб ишлаган. Шундан сўнг унинг ишларини халқ таний бошлади.

Салимжон Ҳамидов - 1961 йили Бухородаги тиббиёт билим юртини тугатди. 1971 йилда Ўзбекистон Рассомлар уюшмасининг аъзоси бўлди. Унинг меҳнатлари ҳукуматимиз томонидан юқори баҳоланиб, 1972 йилда “Ўзбекистон Халқ рассоми” унвонига сазовор бўлди.

Салимжон Ҳамидов 1973 йил 18 август куни бу дунёдан бевақт кўз юмди.1985 йил устанинг шогирдлари ташаббуси билан Бухородаги “Гавкушон” мадрасасидаги кандакорлик устахонасига “Уста Салимжон” номи берилди.
1997 йилда ҳунармандчилик маркази бошчилиги ва шогирдлари саъй – ҳаракати билан “Сиёҳгарон” масчитида “Уста Салимжон Ҳамидов” номидаги музей – устахона очилди.

Ҳозирги кунда бу музей Бухоро кандакорлик мактабини бутун дунёга танитиб, бу ерда фаолият олиб бораётган уста Салимжон Ҳамидовнинг 100 дан ортиқ шогирдлари унинг номини абадийлаштириб келишмоқда.
Просмотров 650    Рейтинг 16   Понравилась новость?    +1   -1    Добавить комментарий  (0)

фото