20.08.2015 Нуронийлар фотомусаввир нигоҳида
Ўзбекистон Бадиий академияси Халқаро маданият карвон саройида Кексаларни эъзозлаш йилига бағишлаб санъатшунос ва фоторассом Нодир Норматовнинг “Меҳр қолур, муҳаббат қолур...” номли фотокўргазмаси очилди.
Тадбирда Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимизда ёш авлод маънавиятини юксалтириш, миллий маданиятимиз ва санъатимизни изчил равнақ топтириш масаласига алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.
Мазкур кўргазмада тақдим этилган фотосуратларда пиру бадавлат отахон ва онахонларимиз ҳақида ҳикоя қилинади. Жумладан, юртимизнинг турли ҳудудларида яшовчи нуронийларнинг ҳаёт тарзи, ўзига хос удумларимиз, она-юрт манзаралари билан муштарак ҳаётий лавҳалар кенг ўрин олган.
– Мамлакатимизда тасвирий санъат ривожига кўрсатилаётган доимий эътибор ижодкорларни янги режалар устида изланишга ундайди, – дейди Н.Норматов. – Мазкур кўргазма ана шундай изланишлар мевасидир. Унда юртимизда кекса авлод вакилларига эҳтиром кўрсатишдек азалий фазилатларимиз янги мазмун билан бойиб бораётгани бош мавзудир. Бу ёш авлодни халқимизнинг умрбоқий қадриятларини теран англашга, оила ва жамиятда табаррук кексаларимизга чуқур ҳурмат билан муносабатда бўлишга ундайди.
Тадбир доирасида Н.Норматов сценарийси асосида суратга олинган «Чингиз Ахмаров» ҳужжатли фильми тақдимоти бўлиб ўтди. Ўзбекистон илмий-оммабоп ва ҳужжатли фильмлар киностудиясида суратга олинган картинада таниқли мусаввир Чингиз Ахмаровнинг ҳаёти ва ижоди, улкан мероси ҳақида сўз юритилади.
Ш.Маматуропова, Аъло Абдуллаев (сурат), ЎзА
19.08.2015 19:29
http://uza.uz/oz/culture/nuroniylar-fotomusavvir-nigo-ida--19-08-2015
|
|