09.07.2015 ПРЕСС – РЕЛИЗ “Кексаларни эъзозлаш йили” га бағишланган рассом Исфандиёр Ҳайдаровнинг “Сеҳрли диёр” номли шахсий кўргазмаси
2015 йилнинг 10 июль куни соат 17.00 да Ўзбекистон Бадиий Академияси Икуо Хираяма Халқаро маданият карвон саройида рассом Исфандиёр Ҳайдаровнинг “Сеҳрли диёр” номли шахсий кўргазмасининг очилиши бўлиб ўтди.
Исфандиёр Ҳайдаров – 1948 йил 21 октябрда Жиззах вилоятининг Зомин туманида тавваллуд топган.
1966 – 1970 йилларда Тошкентдаги П. П. Беньков номидаги Рассомлик ўқув юртида таҳсил олган. Ўқув юртини тамомлагач, рассомчилик сирларини пухта ўрганиш мақсадида Тошкент Театр ва рассомлик институтига ҳужжат топширди.
УстозлариЎзбекистон Халқ рассомлари Неъмат Қўзибоев ва Раҳим Аҳмедовлардан йиллар давомида рассомлик санъатини ўрганиб борди. Рассомнинг ўша йилларда яратилган “Рафиқамнинг ўғлим билан бирга портрети”, “Бахмалда куз” каби асарлари устозларидан олган билимларининг натижасидек эди. Исфандиёр Ҳайдаровнинг “Лаби ҳовуз”, “Ёз қуёши оғушида” каби асарлари эса улкан полотноларда чизилган сара асарлар жумласидандир.
Исфандиёр Ҳайдаров 1979 йилдан бери Ўзбекистон Бадиий Ижодкорлар уюшмаси аъзоси.
Ижодий фаолияти
Исфандиёр Ҳайдаров 1970 йилдан бошлаб қизғин ижодий фаолиятини бошлаган. Ўша йиллардан республика ва халқаро кўргазма ҳамда танловларда асарлари билан қатнаша бошлади.
1989 йил – Италияда ижодий сафарда бўлди.
1994 йил – “Олтин куз” номли асари Парижнинг Лувр музейига қабул қилинди.
1996 йил –Туркия ва Ўзбекистон ҳамкорлигида Анқара шаҳридаги Ёдгорликлар ва мусаввирлик намуналари музейида Амир Темурнинг 660 йиллигига бағишланган кўргазмаси ташкил қилинди.
2001 йилда Анқаранинг энг катта кўргазма залида ташкил қилинган шахсий кўргазмаси АҚШ ва Буюк Британиялик мутахассислар томонидан юқори баҳоланди. Рассом Исфандиёр Ҳайдаровга Бостон, Вашингтон ва Нью Йорк шаҳарларида шахсий кўргазмаларини уюштириш таклиф қилинган.
Айни кунда рассомнинг асарлари дунёнинг кўплаб мамлакатлари музейлари ва шахсий коллекцияларида сақланиб келади. Жумладан, Парижнинг Лувр музейи, Ўзбекистон Давлат Санъат музейи, Ўзбекистон рассомлар уюшмаси фонди, Урганч санъат музейи, Ўзбекистон Кинематография музейи, Анқара Ёдгорликлар ва мусаввирлик намуналари музейларидан рассомнинг энг сара асарлари жой олган. Шунингдек, ҳозирги пайтда АҚШ, Франция, Италия, Германия, Туркия, Венгрия, Греция, Голландия, Россия, Украина, Мексика, Уругвай, Австралия, Исроил, Саудия Арабистони, Япония, Австралия, Янги Зеландия, Норвегия, Швеция, Қозоғистонда шахсий коллекцияларда сақланиб келади.
Рассом Исфандиёр Ҳайдаровнинг “Сеҳрли диёр” номли шахсий кўргазмасида 50дан ортиқ асарлар намойиш этилмоқда. Кўргазма шу йилнинг 21 июлигача давом этади. Кўргазмадаги ҳар бир асар томошабинларнинг қалбига кириб бориши табиий. Зеро, рассом мўйқаламидаги ранглар жилоси сеҳрли диёримизнинг чиройига янада чирой қўшиб, уни қадрлаш ва асраб –авайлашга ундайди.
Гавҳар Саодатова
|
|