11.06.2015 Суратларда умр мазмуни
Ўзбекистон Бадиий академияси Халқаро маданият карвон саройида Кексаларни эъзозлаш йили муносабати билан рассом Леонид Маркиннинг “Умр мазмуни” деб номланган кўргазмаси ташкил этилди.
Кўргазманинг очилишида юртимизда ёш авлодни ҳар жиҳатдан етук, юксак маънавиятли инсонлар этиб камолга етказишда нуронийларнинг ибратли ва бой ҳаёт тажрибасидан кенг фойдаланиш масаласига устувор вазифа сифатида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.
“Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастурида ҳам бу борадаги ишларни янада такомиллаштириш, навқирон авлодда ватанпарварлик, меҳнатсеварлик, фидойилик, ҳалоллик каби фазилатларни қарор топтиришда табаррук отахон ва онахонларнинг ўгит ва маслаҳатларини тарбия жараёнига кенг татбиқ этишга доир муҳим вазифалар белгиланган.
Ушбу жиҳатлар мусаввир Л.Маркин ижодида ўз ифодасини топган. У Бенков номидаги Республика рассомлик билим юрти, сўнг ҳозирги Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг графика йўналишида таҳсил олган. Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси.
Рассом ижодида тошда ҳайкалбоп миниатюра асарлари яратиш ҳам етакчи ўрин эгаллайди. Унинг коллекциясида юздан ортиқ ана шундай ижод намуналари мавжуд.
Кўргазмада Ватанимизнинг бетакрор табиати манзаралари, қадимий шаҳарларимиз, табаррук кексаларимиз акс эттирилган картиналар намойиш этилаётир. Айниқса, «Амир Темур», «Қишки Самарқанд», «Бухоро», «Чор Минор», «Уч бобо», «Капалак билан лола қизғалдоқлар», «Тоғда куз», «Шомда» каби асарлар санъат мухлисларида катта қизиқиш уйғотмоқда.
Фарида Ибодова, Аъло Абдуллаев (сурат), ЎзА
10.06.2015 20:44
http://uza.uz/oz/culture/suratlarda-umr-mazmuni-10-06-2015
http://art-academy.uz/узбекский-суратларда-умр-мазмуни/?lang=uz
|
|