Все новости
ПРЕСС-РЕЛИЗ. Анъанавий “Тасвирий ва амалий санъат фестивали” доирасида Ўзбекистон Бадиий Ижодкорлар Уюшмаси Ҳайкалтарошлик, Халқ амалий санъати, Архитектура муҳитлари дизайни, Ёшлар бирлашмаси, Амалий–декоратив санъат шўъбаларининг кўргазмаси
22.04.2015
ПРЕСС-РЕЛИЗ. Анъанавий “Тасвирий ва амалий санъат фестивали” доирасида Ўзбекистон Бадиий Ижодкорлар Уюшмаси Ҳайкалтарошлик, Халқ амалий санъати, Архитектура муҳитлари дизайни, Ёшлар бирлашмаси, Амалий–декоратив санъат шўъбаларининг кўргазмаси
2015 йилнинг 22 апрель куни соат 16:00 да Ўзбекистон Бадиий Академияси Икуо Хираяма Халқаро маданият карвон саройида фестивал доирасида Ўзбекистон Бадиий Ижодкорлар Уюшмаси Ҳайкалтарошлик, Халқ амалий санъати, Архитектура муҳитлари дизайни, Ёшлар бирлашмаси, Амалий–декоратив санъат шўъбаларининг кўргазмасининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Анъанавий “Тасвирий ва амалий санъат фестивали” доирасида ўтказилаётган ушбу кўргазма юртимизнинг энг таниқли санъат арбоблари, рассомлар ҳамда талабалар энг сара асарларидан ташкил топган.

Республикамизда санъат соҳасидаги ижодкорлар Ўзбекистон Бадиий Ижодкорлар Уюшмасида 15 та шўъбага бирлашган ҳолда фаолият олиб боради. Шулардан Ҳайкалтарошлик, Халқ амалий санъати, Архитектура муҳитлари дизайни, Ёшлар бирлашмаси, Амалий–декоратив санъат шўъбаларининг кўргазмаси Икуо Хираяма Халқаро маданият карвон саройида ташкил этилди.

Ҳайкалтарошлик

XX асрнинг иккинчи ярмида Ўзбекистонда ҳайкалтарошлик санъати аниқ бир қиёфани ўзида жамлади. Атроф – муҳитнинг бойлиги халқ ёки миллатнинг маънавий қиёфасининг ўзига хос гавдаланишида монументал ҳайкаллар алоҳида ўрин тутади. Республикамизнинг гўзал Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Фарғона, Наманган, Андижон, Хоразм каби шаҳарларида кўплаб салобатли ҳайкаллар қад кўтариб турибди. Бу соҳада самарали ижод қилган таниқли ҳайкалтарошларимиздан Аҳмад Шоймуродов, Ҳакимхўжа Ҳусниддинхўжаев, Яков Шапиро, Абдумўмин Бойматов, Эйнулла Алиев, Жолдосбек Қуттимуродов, Анвар Аҳмедов, Илҳом Жабборов, Равшан Миртожиев, Дамир Рўзибоев, Анвар Раҳматуллаев каби санъат усталарини санаш мумкин.
Ҳозирда шўъбага 27 та аъзо бирлашган бўлиб, шўъба раиси таниқли ҳайкалтарош Тўлаган Тожихўжаев. Аъзолардан Марина Бородина, Людвига Нестерович, Азамат Ҳотамов, Қурбон Норхўрозов, Улаш Уроқов, Ерметов Рустам, Фарит Ахметжоновларнинг асарлари Икуо Хираяма халқаро маданият карвон саройи дўстлик боғида экспозиция қилинган.

Амалий – декоратив санъати (кулоллик)

Кулоллик – ҳунармандчиликнинг лой (гил)дан турли буюмлар тайёрлайдиган тури бўлиб, асосий хом–ашё тупроқ. Лой қанча пишитилса, сополнинг сифати шунча яхши бўлади. Асосий қурол – кулоллик чархи, уста унда идишлар тайёрлайди ва шакл беради. Инсон кулоллик билан неолит давридан бери шуғулланади. Махсус лойдан буюмлар қўлда ясалган. Кулоллик билан дастлаб аёллар шуғулланган, кулоллик чархи пайдо бўлгандан кейингина эркаклар бу ишга жалб қилинган. Ҳар бир ўтган давр кулоллик маҳсулотларига, унинг тури ва безакларига катта ўзгаришлар киритди. Ҳозирги даврда гулдон, товоқ, лаган каби сопол идишлар ва буюмларга эҳтиёж катта.
Амалий–декоратив санъати шўъбаси раиси таниқли кулол Назира Қўзиева. Шўъбага республикамизда фаолият олиб бораётган таниқли ва ёшлардан иборат 38 та аъзо бирлашган. Ҳозирда фаол ижод қилаётган шўъба аъзоларидан Света Никифорова, Наташа Домасевич, Фания Дедёнова, Рима Гозалева, Ғайрат Даминовларни алоҳида тилга олиш мумкин.

Ёшлар бирлашмаси

Рангтавсир – тасвирий санъат тури бўлиб, бирор қакттиқ юзада рангли ашёларда, масалан, бўёқлар ёрдамида яратиладиган бадиий асар. Рангтасвир асарининг ғоявий мазмуни унинг мавзу ва сюжетида мужассамлашади, сюжетни рассом рангтасвирнинг ифода воситалари, яъни композиция, расм, ранг, ритм ва ҳоказолар орқали рўёбга чиқаради.

Ёшлар бирлашмасига асосан рангтасвирда ишлайдиган ёшлар бирлашган бўлиб, уларнинг сони бугунги кунда 30 тани ташкил қилади. Шўъба раиси Василий Хапов. Умидли ва иқтидорли ёшлардан Улуғбек Маматов, Сарвиноз Қосимова, Марина Макеева, Мария Мельниковалар тезда танилиб бормоқда.
Халқ амалий санъати

Амалий санъат сўнгги 80 – 90 йилларда 20 дан ортиқ халқ ҳунармандлигини ўз ичига олган. Халқ амалий санъатини ривожлантириш , унинг унутилган турларини қайта тиклаш ва тараққий эттиришда 1978 йилда ташкил этилган “Усто” бирлашмасининг аҳамияти катта бўлди.

Бадиий металл буюмлар ўрта аср услубида яратилган. Идишлар бронзадан ясалиб, ҳошия ва турунж нақшлар билан безатилган, ёзувлар услублаштирилган ўсимликсимон нақшлар билан, баъзан қуш ва ҳайвонлар тасвирлари ҳам аралаштирилган, чизма, кандакори ва бошқа усулларда ишлов берилган. Хўжа Аҳмад Яссавий мақбарасида 1390 йилда ишланган улкан қозон, 1397 йилда ишланган ўйиб нақшланган эшик, кумуш қадаб нафис ишланган шамдонлар ўша давр амалий санъатининг нодир намуналаридир.

Халқ амалий санъати шўъбасининг раиси Маҳмуд Мамажонов. Шўъба аъзолари 100 нафардан ортиқ. Ўзбек халқ амалий санъатининг энг дурдона намуналари ушбу кўргазмада иштирок этмоқда.

Архитектура муҳитлари дизайни

Архитектура муҳитлари дизайни шўъбаси 2014 йилнинг декабрида ташкил этилди. Шўъба раиси Марина Бородина. Аъзолари 30 нафар. Ҳайкалтарошлик, Халқ амалий санъати, Архитектура муҳитлари дизайни, Ёшлар бирлашмаси, Амалий–декоратив санъат шўъбаларининг бирлашган кўргазмасида Марина Бородина ва Елена Валериялар ажойиб композициялари билан иштирок этмоқда.

Кўргазма очилишида Миллий рақс ва хореография Олий мактабининг талабалари ўз чиқишлари билан иштирок этишди. Анъанавий “Тасвирий ва амалий санъат фестивали” республикамизнинг барча санъат ихлосмандларини бир жойга тўплади ва ўз ижодларининг намойиши учун катта имконият яратди.


Сайтимизга ўтиш учун QR кодидан фойдаланинг


www.art-academy.uz
www.caravanserai.uz
Просмотров 874    Рейтинг 38   Понравилась новость?    +1   -1    Добавить комментарий  (0)