Все новости
“Кексаларни эъзозлаш йили” давлат дастури тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
19.02.2015
“Кексаларни эъзозлаш йили” давлат дастури тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Кексаларнинг ҳаёт даражаси ва сифатини янада яхшилаш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш кўламини кенгайтириш, ёши улуғ инсонлар, айниқса, 1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларига ижтимоий, пенсия таъминоти ва тиббий хизмат кўрсатишни такомиллаштириш, оила ва жамиятда, ёшларни ўзбек халқининг кўп асрлик қадрият ва анъаналари руҳида тарбиялашда кексаларнинг ўрнини мустаҳкамлаш мақсадида, шунингдек, 2015 йилнинг “Кексаларни эъзозлаш йили” деб эълон қилиниши муносабати билан:

1. "Кексаларни эъзозлаш йили" Давлат дастурини амалга оширишнинг устувор вазифа ва йўналишлари этиб қуйидагилар белгилансин:

кексаларга ғамхўрлик кўрсатиш ва эътиборни кучайтириш, уларнинг ҳаёт даражаси ва сифатини ошириш учун қулай ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратишга қаратилган қонунчилик ва меъёрий-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш, пенсия таъминоти ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш, ёши улуғ инсонларга давлат хизматлари, шу жумладан, турли маълумотнома ва тасдиқловчи ҳужжатларни олиш хизматлари кўрсатишнинг энг қулай тизимини шакллантириш;

кексалар, авваламбор, фашизм устидан қозонилган ғалаба ва Ватанимизни қайта тиклашга муносиб ҳисса қўшган 1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлашни кучайтириш, ёши улуғ инсонлар, биринчи навбатда, ёлғиз қариялар ва ногиронларга кўрсатиладиган ижтимоий ва маиший хизматлар рўйхатини кенгайтириш, уларни фаровон ва муносиб турмуш шароитлари билан таъминлаш учун маҳаллалар, "Нуроний" жамғармаси, бошқа нодавлат ташкилотлари ва ижтимоий тузилмалар томонидан моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш миқёсини ошириш;

фахрийлар ва ёши улуғ инсонларга тиббий ва ижтимоий хизмат кўрсатиш даражаси ва сифатини ошириш, уларни тизимли асосда соғломлаштиришни ташкил этиш, профилактика тадбирларини кўпайтириш, кўриш ва эшитиш органлари, таянч-ҳаракат тизими ва юрак-қон томир касалликларини даволашнинг замонавий усуллари билан қамраб олиш ва улардан фойдаланишни кенгайтириш, кексалар ва ногиронларни ёрдамчи ҳамда техник реабилитация воситалари билан, жумладан, имтиёзли асосда таъминлаш, кексаларга хизмат кўрсатишга ихтисослаштирилган санатория-соғломлаштириш ва ижтимоий хизмат кўрсатиш муассасаларининг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш;

мамлакатимизнинг мудофаа қобилияти, иқтисодий, маданий ва интеллектуал салоҳиятини ошириш, жамиятимизда тинчлик, тотувлик ва барқарорлик муҳитини мустаҳкамлашга бебаҳо ҳисса қўшган, соғлом ва баркамол униб ўсаётган авлодни тарбиялашда фаол иштирок этаётган кекса авлод вакилларига муносиб эътибор қаратиш ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича кенг кўламли чора-тадбирларни тизимли асосда амалга ошириш, оила ва жамиятда ёши улуғ инсонларнинг ўрни ва обрўсини ошириш, болалар ва ёшларни ота-оналарни, ҳар бир нуронийни чуқур ҳурмат қилиш, эъзозлаш ва уларга ғамхўрлик кўрсатиш туйғуси руҳида тарбиялаш бўйича аниқ тадбирларни амалга ошириш;

ҳар бир кексага ҳар томонлама эътибор қаратиш бўйича амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини кучайтириш ва ошириш, кексаларнинг ҳаёт фаолияти ва дам олишини ташкил этиш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, бунда улар учун туман ва маҳаллаларда мулоқот марказлари, қизиқиши бўйича клублар ташкил этишга алоҳида эътибор қаратиш, жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишлари учун шароит яратиш, телевидение, оммавий ахборот воситалари, кинотеатрлар, театр ва бошқа маданий-маърифий муассасаларда ёши улуғ инсонларнинг қизиқишларига мос мавзуда янги махсус кўрсатувлар, спектакль ва фильмлар яратиш ва эфирга узатиш ҳажмини кўпайтириш;

маҳаллалар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ташкилий тузилмасида кексалар ва ногиронларга доимий эътибор қаратадиган секторни мустаҳкамлаш, бунда уларга хизмат кўрсатадиган идора ва хизматлар, биринчи навбатда, пенсия, ижтимоий ва тиббий таъминот хизматлари фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилишни назарда тутиш.

2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 12 декабрдаги 4393-фармойишига мувофиқ тузилган Республика комиссияси томонидан манфаатдор вазирлик ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, жамоат ва нодавлат ташкилотлари ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. Республика комиссиясига (Ш.Мирзиёев) “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастурига киритилган тадбирларнинг тўлиқ, ўз вақтида ва сифатли бажарилишини ташкил этиш ва назорат қилиш юклансин.

Республика комиссияси:
бир ҳафта муддатда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, туман ва шаҳарларда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ва тегишли ҳудудлар ҳокимлари бошчилигида Давлат дастурини амалга ошириш бўйича тегишли комиссиялар ташкил этилишини таъминласин ва уларнинг зиммасига Давлат дастурида белгиланган вазифаларни сўзсиз, тўлиқ ва ўз вақтида бажарилиши учун шахсий жавобгарлик юкласин;

икки ҳафта муддатда вазирликлар, идоралар, компаниялар, уюшмалар ва бошқа хўжалик бирлашмалари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан ҳар бир вазирлик ва идора, ҳудуд, шаҳар, туман ва аҳоли пунктларининг “Кексаларни эъзозлаш йили” бўйича ҳудудий ва тармоқ дастурлари ишлаб чиқилиши ҳамда қабул қилинишини таъминласин;

республика давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, шунингдек, жойлардаги давлат ҳокимияти органлари даражасида тасдиқланган Давлат дастурига киритилган тадбирларни ўз вақтида ва сифатли бажариш бўйича ишларни мувофиқлаштирсин ва ушбу тадбирлар амалга оширилиши устидан тизимли назорат ўрнатсин;

ҳар чорак якунлари бўйича “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастурида белгиланган тадбирлар бажарилиши тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президенти девонига ахборот бериб борсин.

4. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги:

босма ва электрон оммавий ахборот воситалари, шу жумладан, интернет-ресурсларни жалб этган ҳолда, аҳоли ўртасида “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастурининг мақсад ва вазифалари, уни амалга ошириш бўйича асосий йўналишлар ва чора-тадбирлар мунтазам ва кенг кўламда ёритилишини;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, жойлардаги давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг Давлат дастурида назарда тутилган тадбирларни амалга оширишдаги иштироки ва қўшган аниқ ҳиссасини акс эттирган ҳолда, Давлат дастурининг бажарилиши ҳақида кенг жамоатчиликни мунтазам хабардор қилиб боришни таъминласин.

5. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.Мирзиёев зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти И.Каримов
Тошкент шаҳри, 2015 йил 18 февраль


http://uza.uz/oz/documents/keksalarni-ezozlash-yili-davlat-dasturi-t-risida-18-02-2015
Просмотров 618    Рейтинг 58   Понравилась новость?    +1   -1    Добавить комментарий  (0)