Все новости
Мўйқаламнинг енгил рақси
28.01.2015
Мўйқаламнинг енгил рақси
Ўзбекистон Бадиий академияси Халқаро маданият карвонсаройида “Мўйқаламнинг енгил рақси” деб номланган суми-э анъанавий япон акварель санъати кўргазмаси очилди.

Кўргазманинг очилиш маросимида Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги ҳамкорлик турли йўналишлар, жумладан, маданият ва санъат соҳасида ҳам изчил ривожланаётгани таъкидланди. Бу борада икки давлат раҳбарларининг учрашувларида эришилган келишувлар муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.

2002 йилда имзоланган Дўстлик, стратегик шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги қўшма баёнот маданият ва санъат соҳалари бўйича икки мамлакат ўртасида ҳамкорликни изчил ривожлантиришга хизмат қилмоқда. Ҳамкорлик доирасида турли маданий-маърифий тадбирлар, жумладан, кўргазма, биеннале, театр ва кино тақдимотлари ташкил этилмоқда. Пойтахтимизда очилган суми-э анъанавий япон акварель санъати кўргазмаси ҳам шундай тадбирлар сирасига киради.

Суми-э – бўёқ ёрдамида чизиладиган япон санъат асари ва бир пайтнинг ўзида медитациянинг ўзига хос фалсафаси ҳамда усули саналади. Шунингдек, у чизиқлар санъати, деб аталади. Чунки суми-эни яратиш техникаси фақат тўртта тортилган бўёққа асосланади. Ҳар бир тортилган бўёқ аъло даражада бўлиши керак. Бунинг учун доимий машғулот ва маҳоратни сайқаллаб бориш талаб этилади.

Кўргазмада 50 га яқин расм намойиш қилинмоқда. Бу ерга келганлар япон халқи анъаналари, тимсоллари ва турмуш тарзини ўзида акс эттирган “Қўғирчоқлар фестивали”, “Оқ камелия”, “Фудзи тоғи”, “Лайлак” каби асарлар билан танишмоқда.

Бобур Обидов, Аъло Абдуллаев (сурат), ЎзА

26.01.2015 20:46

Источник:
http://uza.uz/oz/culture/m-y-alamning-engil-ra-si-26-01-2015
Просмотров 689    Рейтинг 51   Понравилась новость?    +1   -1    Добавить комментарий  (0)

фото